Қозоғистонда ўзбекистонлик икки вояга етмаган жиянига уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилган эркак ушланди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, 6 июнь куни болалар омбудсманига 2000 йилда туғилган аёл А.А.дан мурожаат келиб тушган. Унда онаси ва отаси вафот этгани, у 2006 йилда туғилган I.А. ва 2012 йилда туғилган С.Р. исмли сингиллари учун энг яқин қариндош бўлса-да, қизлар амакиси Р.Р.нинг васийлигига берилганини, амакиси эса қизларни Қозоғистонга ўз яшаш манзилига олиб кетгани, ҳозирда уларга уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилаётганини билдирган.
Аёл ўз сингилларига жинсий зўравонлик содир этаётган амакисига нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда сингилларини Ўзбекистонга қайтариш ҳамда энг яқин қариндош эканлиги сабабли қизларга уни қонуний вакил этиб тайинланишида амалий ёрдам сўраган.
Болалар омбудсманининг ИИВга ва ТИВ орқали Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулига юборган сўрови асосида идораларнинг тизимли ва ўзаро тезкор чоралари натижасида 8 июнь куни I.А. ва С.Р. амакисининг уйидан полиция ва васийлик органи томонидан олиб кетилиб, мураккаб ижтимоий вазиятларга тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш Олмаота шаҳри адаптация марказига жойлаштирилди. Ҳозирда қизларга барча зарурий ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилмоқда.
Шунингдек, Болалар омбудсмани сўрови асосида Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулининг тезкор чоралари натижасида Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан А.А. процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодекси 121-моддаси, 3-1 қисми, 1-банди (жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) билан жиноят иши қўзғатилди.
17 июнь куни суд томонидан Р.Р.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунингдек, Болалар омбудсмани, ИИВ ва ТИВ томонидан вояга етмаган I.А. ва С.Р.га нисбатан васий тайинлаш ва (тергов якунидан сўнг) Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ (0)