Узоқ йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатларидан Россияга миграция, асосан, эркаклар ҳисобига бўлган. Аммо сўнгги йилларда аёллар ҳам ишлашга кела бошлади. Уларнинг муаммолари ҳам аёлларга хос: «вақтинчалик» эрлар, режалаштирилмаган ҳомиладорлик ва унинг натижасида исталмаган болалар. Бунга қўшимча равишда Россиянинг шафқатсиз қонунлари ва ундаги ҳаёт тарзини тушунмаслик қўшилади.
27 ёшли Зарнигор Омониллаева Ўзбекистондан Москвага ўқиш учун борган. Аммо адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, бутунлай ўша ерда қолди. Зарнигор «Гласной» нашрига мигрантлар, айниқса, аёл мигрантларнинг муаммолари, «парда ортидаги ҳаёт» ва мулоқотдаги рус тилини билиш билан боғлиқ бўлмаган қийинчиликлар ҳақида гапириб берди.
Тилло дунёқарашли қиз
Россияда исмим камдан кам тўғри талаффуз қилинади: Заргинор, Зарингор — мени қанақа чақиришмаган. Зарнигор қадимги турк тилидан «олтин соч», форсчадан «олтин қараш» деб таржима қилинади. Мен Буюк ипак йўли ўтган Фарғона шаҳрида туғилганман. У ҳам қадимий, ҳам замонавий шаҳар — осмонўпар бинолар сони бўйича эмас, турли миллат вакиллари борлиги жиҳатидан.
Онам диндор ва бой савдогарлар оиласидан бўлган. Улар қулоқ қилиниб, Сибирга сургун қилинган. Ўзбекистонга фақат бувим қайтиб келган — у пайт ёш бола бўлган ва Сибирда оиласидан айиришган. Келганларидан сўнг кўп ўтмай унга уйланишдан қўрқмаган бобомга турмушга чиққан, чунки бобомнинг ўзи ҳам қулоқ қилинган оиладан эди. Бувим бобомдан ўн нафар фарзандни дунёга келтирди.
Онам тўқимачилик саноати соҳасида ўқиган бўлиб, кейинчалик Фарғона тўқимачилик комбинатида катта раҳбар бўлган. Аммо унинг тақдири жуда оғир кечган — кўпинча ўйлаб қоламан, тақдир синовлари олдида таслим бўлмаслик учун инсонда қанча ирода бўлиши керак? Онам мактабни битирибоқ турмушга чиққан биринчи эри вафот этган (ушбу никоҳдан акам ва синглим туғилган, улар мендан анча катта). Ўзимнинг отам эса унчалик яхши ота бўлмаган. Онамнинг ишончидан фойдаланиб, қарзларини онамнинг ҳисобидан тўлаб юрган. Оқибатда у билан яшаган уч йил ичида онам қашшоқлашиб кетган. Хайриятки, квартираси қолган. Одатда Ўзбекистонда одамлар хусусий уйларда яшайди, мен эса квартирада катта бўлдим. Онам ҳали ҳам ўша квартирада яшайди. Мен уларнинг орзусини рўёбга чиқаришни — онамга ҳовли совға қилишни жуда хоҳлайман.
«Қизинг руслашиб кетади»
Мен русийзабон маҳаллада катта бўлдим, русийзабон боғчага бордим, аммо онам мамлакатда ўзбек тилини мустаҳкамлаш тенденциясини кўриб, мени бундан кейин ҳам шундай ривожланишда давом эта олмайди, деган қарорга келди ва ўзбек мактабига берди. Бундай қарорга келишининг иккинчи сабаби уларга доимий равишда: «У ўзбек тилини билмайди, ҳозир руслашиб кетади ва назоратдан чиқади», деб таъкидлаб келишлари бўлди. Шундай қилиб, бунда жамоатчилик фикри ҳам ўз ролини ўйнади.
Мактабда аълочи эдим, олимпиадаларда қатнашардим. Онам инглиз тили бўйича репетитор, тикувчилик курслари — мен хоҳлаган барча нарсалар учун пул тўларди. Опам бутунлай бошқача катта бўлган, онам уни кўпроқ уй юмушларини бажаришга ундаган. Аммо онам ўз шахсий тажрибасидан келиб чиқиб, бахт фақат турмуш қуришда эмаслигини англади ва менга ўқишим кераклигини айтди. Уй юмушларидан ҳеч нарса қилмасдим, палов пиширишни турмушимнинг учинчи йили ўрганганман. Бундан жуда уялганман!
Биринчи Президент Ислом Каримов даврида биз тўққиз йил мактабда, агар ОТМга киришни режалаштирсангиз яна уч йил лицейда ёки касб-ҳунар ўрганиш учун коллежда ўқир эдик. Энди нега юристлик касбини танлаганлигимни сўзлаб бераман.
Мактабни тугатишимдан олдин, 2010 йилда онам билан нотариал идорага бордик. Поллари ялтираб турган кутиш хонасида калта оқ мўйнали кийимдаги қиз ўтирарди. У нималарнидир ёзар, қўлларида узуклар ярқирарди. Бу қиз йўқ жойдан шунчаки қоғозга ёзиб, уни нотариусга олиб боргани учун пул оларди — қоида шундайки, сиз расман нотариусга ва норасмий равишда шу қизга пул тўлайсиз. Шу пайт онам: «Қандай тоза иш, шундай қилиб кунига мўмайгина пул топади», деди. Менинг ҳам шундай ишда ишлагим келди.
Аммо лицейда юридик факультетига ўқишга кириш учун асосий фан бўлган тарихдан анча суст эдим. Шу сабабли журналист бўлишга қарор қилдим. Мактабнинг сўнгги синфларидаёқ журналистика йўналиши бўлган ёшлар ташаббуслари марказининг тренингларида қатнашганман. Шундай қилиб, маҳаллий газеталар учун мақола ёзишни бошладим. Президентнинг қизи Гулнора Каримова иштирокида кўплаб тадбирлар бўлиб ўтар, унга чет эллик мутахассисларни таклиф қиларди. Биз Тошкентдаги тадбирларга борардик, шунинг учун мен ғоят талабгир журналист эдим.
Лицейда ўқиётганимда ўз бизнесимни очиш истаги пайдо бўлди. Бу қарорга тренингларимиз ҳам туртки бўлди, бизнес режам эса ёш тадбиркорлар танловида ғолиб бўлди. Унинг моҳияти атлас ва штапелдан миллий нақшли либослар тикишдан иборат эди. Мен янгича андоза ўйлаб топдим, кўйлаклар одатдагидан қимматроқ кўринар, аммо нархи уч баравар арзон эди. Соврин имтиёзли шартлардаги кредит эди: мен ЙТТни очишим, пулимнинг бир миллион сўмини (кредит миқдорининг ўндан бир қисми) ҳисоб варағига киритиб, қолган қисмини имтиёзли фоизлар билан олишим керак эди. Бир миллион сўм — ўша пайтда, тахминан, 330 доллар пулни акамдан қарзга олдим.
Ўша пайтларда Тошкентдаги олийгоҳга кириш учун имтиҳон топшираётган эдим. Тадбиркорлик танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтиши керак бўлган куни ўқишга кира олмаганимни билдим — балл етмаганди.
Биринчи каналдаги Москва
Имтиҳондан ўта олишимга ишонардим ва тақдирга тан бергим келмади. Тасаввур қилинг: сиз омадли қизсиз, сизни доим телевизорда кўрсатишади ва кутилмаганда университетга кира олмадингиз, кейинги қабулгача бир йил кутиш керак. Тақдирлаш маросимига бормадим, икки кун йиғладим. Ва шу икки кун ичида Россияга кетишга қарор қилдим. Энг қийини, онамни кўндириш эди. Мен унга режамни айтдим: бир йилни бекорга ўтказишни хоҳламайман, шунинг учун Россияда ўқишга кириб, бир йил ўқиб, ўқишни Ўзбекистонга кўчираман. Москва олийгоҳига кириш унчалик қийин эмаслигини Москвада ўқиётган дугонам айтганди. Онам қариндошимизникида яшаш шарти билан менга рухсат берди. Кейинчалик Королёвда яшаш қандай эканлигини билиб олдим.
Чиптани кўйлак тикишга сарфлашни режалаштириб, акамдан қарзга олинган пулга сотиб олдим, онам яна юз доллар қўшди.
2013 йил сентябрида мен «Домодедово»га учиб келдим, у ерда мени дугонам кутиб олди.
Менинг биринчи таассуротим — катта аэропорт ва қовоғи солинган божхоначилар бўлди. Мен табассум қилар, саломлашардим, лекин дарча ортидаги хўмрайган киши ҳеч пинагини бузмасди.
Биз Москва ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб кетардик ва мен эса «Осмонўпар бинолар қани, мен ‘Биринчи каналъда кўрган Москва қани?» деб ўйлардим. Дугонам мен билан Королёвда қолди, эртаси куни эса мени Қизил майдон бўйлаб, Москва дарёси қирғоқлари, «Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси» ва албатта «Макдоналдс»га олиб борди. Менга ёқди, аммо Қизил майдонда мен билан инглиз тилида гаплашган сайёҳлар кўп бўлган бўлса, «Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси»да бири автомат кўтариб олган полициячилар келиб, ҳужжатларимизни сўради. Рўйхатдан ўтганлигимни, дугонам талабалик гувоҳномасини кўрсатди ва йўлда давом этдик. Дугонам уни биринчи марта тўхтатишганига эътибор қаратди, мен эса бунга эҳтимол қошларим сабабли бўлса кераклигини айтдим. Ўшанда қошларимдан жуда уялардим: у шаклсиз, табиий ва жуда қалин эди. Нақ Брежнев ҳасад қилган бўларди.
«Келгиндилар босиб кетди!»
Ҳужжатларимни Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН)га топшириш учун бориб, ҳоллдаги аёлдан бир нарса сўраш учун яқинлашгандим, у менга рус тилини билмайди деб ўйлаб, жеркиб берди. Мен одатда паст овозда гапираман, бизда овоз кўтариб гаплашилмайди, айниқса, ўзидан катталар билан. «Келгиндилар босиб кетди, рус тилида гапиришни билишмайди-ю, яна бу ерда ўқишмоқчи!». У шундай деди-ю, кетди, менинг эса юзларимдан ёш оқарди. РУДНга кира олмадим, чунки контракт учун етарли миқдордаги маблағни ўз вақтида йиға олмадик. Бошқа бир нечта олийгоҳларда ўқидим.
Мигрантларга биринчи кунданоқ ёрдам беришни бошладим. Ҳаммаси русчани яхши билмайдиган холамдан бошланди, унга ҳужжатларни тўлдиришда ёрдам керак эди. Паспортидан бир нарсани кўчириб беришни сўради, кейин шундай ёрдамга муҳтож одамларни олиб кела бошлади. Холам — у касалга қаровчи бўлиб ишларди — ўқишдан бўш вақтимда варақалар тарқатишимни маслаҳат берди. Мен яхши ишда ишлашни хоҳлашимни айтдим. «Сен қора халқсан, ким сени ундай ишга олади», деб жавоб берди. Бу ерда гап дикриминацияда эмас, ўзини қандай ҳис қилишда: одамлар бу ерга келгач, муайян вақт ўтиб, ўзларини иккинчи даражали одам эканлигига ишонтиришади ва яхшиси бунга тиқилмасликни маъқул кўради.
Мен бундан хафа бўлардим, буни ҳазм қила олмасдим. Нима учун ҳамма мени «қора» бўлмасам ҳам «қора» эканлигимга ишонтираётганини тушунмасдим. Холам билан кўп тортишиб қола бошладик. У менга сарфлаган ҳамма нарсаларни — ҳар бир макарон пакетини (мигрантлар квартираларида ҳамма алоҳида-алоҳида овқатланади) қарз ҳисобига ёзиб қўя бошлади. Бу жаҳлимни чиқарарди, лекин бунга вақтинчалик ҳолатдай қарардим. Бир йил чидашим керак, кейин уйга қайтаман, дердим.
Натижада «Смешние сени» каби дўконга ишга кирдим, бир ой ўқишни қолдирдим, аранг қайта топшириб олдим. Дўконга келиб, у очилишидан бир соат олдин, соат еттигача тозалашга улгуриш учун эрталаб соат олтида уйдан чиқардим. У ерда фаррош ёлланмасди, лекин бизга меҳнатимиз учун ҳам қўшимча ҳақ тўланмасди. Тушликка 15 дақиқа вақт бериларди ва навбат билан овқатланардик. Ваъда қилинган 20 минг ўрнига 15 минг тўлашди, қолган беш мингига кийим-кечак олиб кетишим мумкинлигини айтишди. Мени бу ерга ишга жойлаган холамдан роса жаҳлим чиқарди: тўйиб ухламасдим, дарсларни қолдирардим, мақсадим сари интилишни тўхтатдим. Бу мени жуда дарғазаб қиларди. Шундан бери бундай дўконларга кириб қолсам, ҳар доим ишчи қизларга қўшимча юз рубль беришга ҳаракат қиламан.
Иккинчи даражали бўлмаган одам
Шундан сўнг мен ўзим иш топишга қарор қилдим ва кадрлар агентлигига мурожаат қилдим — у ерда эса мени ишлашга олиб қолишди. Маош ишга қараб эди, ўша 20 минг рубль чиқарди, лекин у ер тоза, ўқишга вақтим, яна дам олиш кунларим ҳам бор эди. Ўша пайт жуда кўп ўқирдим, Ўзбекистон билан алоқада бўлиб, оқишимни кўчиришга тайёргарлик кўраётгандим.
Мен Россияда доим «Сен қорасан-ку, биздек қораларни ким ҳам оларди?», деб таъкидланиб келадиган муҳитда қолишни хоҳламасдим.
Аммо ҳужжатлар билан боғлиқ муаммоларим йўқлиги ва рус тилида яхши гапирганим учун жиддий дискриминацияга дуч келмадим.
Кейин бошқа кадрлар агентлигига ишга кирдим. Опам Москвага кўчиб келгач, у эри билан ижарага олган хонага кўчиб ўтдим. Поччам сартарош бўлиб ишларди, бўш вақтларида цехда сабзавотлар тозалаб пул топарди. Опам эса энага бўлиб ишларди ва маникюр бўйича мутахассисликка ҳам ўқирди. Биз аҳил яшардик, мен эркинлик ва қизиқарли ишга эга бўлдим.
Кадрлар агентлиги ёпилгандан сўнг, мен реклама агентлигига ишга ўтдим, совуқ қўнғироқларда менежер бўлиб ишладим. Ўзимни Зарина деб таништирардим, шундай қилсам мижозларга осонроқ эди. Бир куни ташқи рекламаларга ихтисослашган, плакатлар ва баннерлар тайёрлайдиган компания эгаси билан қўнғироқлашдим. Мен ишлаган жойда нафақат реклама тайёрланарди, балки плакатлар қилувчилар учун материаллар ҳам сотарди. У ўзини Наврўз деб таништирди ва мени у «ўзбекмикан?» деган савол қизиқтира бошлади. Иккинчи марта қўнғироқ қилганимда қаерданлигини сўрадим. У самарқандлик экан. Мен эса фарғоналикман дедим. Кейин у менинг аксентим йўқлигини, шунинг учун мени ўзбекистонлик эканимни хаёлга ҳам келтириб бўлмаслигини айтди. Менда унга нисбатан профессионал қизиқиш бор эди: қандай қилиб ўзининг реклама агентлигини очишга эришгани қизиқ эди.
Королёвлик тушкун одамлар
Шу вақтда опамникидан кетиб, ҳаммаси ёш йигитлар-қизлар бўлган фарғоналик дўстларим яшаётган квартирадан хона ижарага олдим. Қизлардан бири қиз пол ювиб, сартарошликка ўқирди, йигитлар Москванинг энг таниқли тунги клуби Soho Rooms’да гардероб хизматчиси бўлиб ишларди. Уларнинг барча таниқли шахслар билан бирга тушган фотосуратлари бор эди. Королёвлик тушкун одамлар ортда қолганидан хурсанд эдим.
У ерда мен доим «сен қора одамсан» деган сўзга қарши чиқардим. Буни холамга ва унинг қўшниларига тушунтиришга ҳаракат қилардим, лекин уларда доим «биз шундаймиз ва бу нормал ҳолат» деган хулосага олиб келадиган баҳоналари бор эди. Мен уларга бундай эмасликлари ва бу нормал ҳолат эмаслигини айтардим. Масалан, менга пулсиз ҳужжатларни расмийлаштиролмайсан дейишарди. Мен бунинг аксини исботладим ва бунга жавобан улар менга рус тилини билганим учун бу шунчаки омад, дейишди. Демак, гап сиз қора эканингизда эмас, рус тилини билмаслигингиздами? Ўзбекистондалигимдаёқ Россия тарихини ўқиганман, Хўш, Сталин ким бўлган эди? Ахир у ҳам қора бўлган!
Королёвда бир гуруҳ рус йигитлари савдо маркази ёнида тўпланиб, мигрантларни айлана қилиб қуршаб олиб, елкаларидан итарарди. Шуни аниқ билардимки, квартирадошларимиз бўлган уч нафар қўшни қирғиз йигитлар фақат русларга қарата жавоб беришни ўрганиш учунгина спорт клубга кураш машғулотларига борарди.
Москвада бу каби ҳолатлар камроқ эди. Йигитлар ўзларини «қора» деб ҳисобламасди. Бургер ейиш учун савдо марказига борганимиз эсимда. Soho’дан келган йигит: «Нега улар бизга бундай қарашяпти? Африкалик эмасман, сочларим ҳам рангли эмас, нега улар бизга бундай қарашяпти?», деди. Биз биргаликда бўлиш яхши эди, чунки ўзимизни бошқача ҳис қилардик. Унда ўзингиз иштирок этар экансиз, буларнинг барчаси сизга ўз таъсирини ўтказади, шунинг учун фикрлашни ўзгартириш керак.
«Сиз жуда гўзалсиз ва менга умр йўлдош бўласиз!»
Наврўз билан биз «ВКонтакте»да дўстлашдик. Мен унга иш юзасидан учинчи марта қўнғироқ қилганимда, бир йўла реклама кўргазмасига ташриф буюриш режаси бор-йўқлигини сўрадим. У бормоқчи бўлганини, аммо бандлиги сабаб боролмаслигини айтди ва бошқа кун дугонам билан шаҳар бўйлаб айланиб юрганимда учрашишни таклиф қилди. Биринчи учрашувдаёқ «Салом! Сиз жуда гўзалсиз ва менга умр йўлдош бўласиз!» деди. Мен ўзимни эътибор бермаганга олдим, лекин унинг қатъияти мени ром қилди. Биз учраша бошладик.
Наврўз университетда ўқишим учун шартномамга етмагани сабабли катта суммада қарз берганида у ҳақда опамга айтдим. У хурсанд бўлиб, онамга айтишни сўради, чунки мен Россиядалигимда, улар уйда менга жуфт қидиришаётганди. Айтганча, биринчи марта совчилар онам олдига ўн олти ёшлигимда келишган. Аммо онам ўқишим кераклигини айтган. Энди эса онам куёвликка номзод сифатида кўришни бошлаган одамлар кела бошлаган: бири шифокор, бошқаси ҳокимиятда ишларди, учинчиси бизнинг қўшнимиз эди — спортчи.
Наврўзнинг онасидан ташқари барча қариндошлари Россияда яшарди, шунинг учун уч ой ўтгач унинг синглиси билан, у эса менинг опачам билан танишди. Кейин эса онам олдига совчилар юбориш учун розилик сўради. Бизда «менга турмушга чиқ» дейилмайди, «уйингга совчилар юборишимга розимисан?», деб сўрашади. Нима қилишни билмай уч кун ўйланиб ўтирдим. У киши менга ёқарди, лекин орзуларим ҳам ёқарди — ахир уйга қайтишни хоҳлардим-ку, лекин Наврўз ҳозирча ватанига қайтмаслигини айтди. Аммо бу вақтга келиб Тошкентга ўқишимни кўчирадиган бўлсам, деб мен умид қилиб келган Ёшлар ташаббуси маркази ёпилди (улар талабаларни шартнома тўловларини қисман қоплаб берарди). Россияда эса яхши кўрган ишим ва ёқтирган инсоним бор эди, севиб қолгандим.
Шу тариқа Москвада қолишга қарор қилдим. 2015 йил февралида унинг онаси бизникига Самарқанддан Фарғонага уч марта борди. Биз 15- ва 16- май кунлари иккита шаҳарда тўйимизни ўтказдик. Ундан бир ой олдин эса Москва ФҲДЁсида никоҳдан ўтдик.
«Эркаклар ўзларини устун қўяди»
Мигрантларга ёрдам беришдан тўхтамадим. Қаердадир маслаҳат бериб, бунинг имкони бўлмаса, шахсан ўзим иштирок этиб, бир неча бор таржимон сифатида қатнашдим. Шундай ҳолат бўлганди, мигрант қўлдан бир нарса сотиб олган, у эса ўғирланган бўлиб чиққанди ва биз бирга участкавойга, кейин терговчига бордик, ҳаммаси ижобий ҳал бўлди.
Мигрантларга ёрдам бериш онгли танлов эмасди, ҳаммаси ўз-ўзидан бўларди. Одамлар ўзлари мени топишарди. «Сиз фалончига ёрдам берган экансиз, мен ҳам шундай ҳолатга тушдим», дейишарди.
Турмуш ўртоғим мигрантларга жуда кўп ёрдам бераётганимни пайқади ва тўртинчи курсда ўқиётганимда, у менга диплом ишимга ушбу ихтисосликни — миграция қонунчилигини танлашни маслаҳат берди. Ўша кундан бошлаб мен нафақат маслаҳат бериш ёки ҳужжатларни тўлдириш билан шуғулландим, балки ўша одам билан билан суҳбатлашиб, уни бу қарорга келишига нима туртки бўлганини билишга ҳаракат қилдим. Миграцияга академик қизиқиш нуқтаи назаридан қарай бошладим ва уни тадқиқ эта бошладим. Бу мукаммал амалга ошириш учун жараёнда бевосита иштирок этардим. Орадан бир муддат вақт ўтиб, турмуш ўртоғим менга «Musofir.ru» сайтини очиб берди. Мигрантларга телефон орқали тушунтирган нарсаларимни одамлар менга ҳар сафар қўнғироқ қилавермасдан маълумот олишлари учун бирор платформада қолдиришни хоҳлардим. Шу билан бирга «Одноклассники»да блог ва гуруҳ юритардим.
Ҳаётимда Россияда турмуш қуриб, фарзандларини шу давлатда туғганларга кўп дуч келаман. Кейин эр ватанига қайтади, аёл эса боласи билан Россияда ёлғиз қолади.
Бир марта участка нозири орқали қирғизистонлик шундай бир йигитнинг манзилини топдим — учаткавойда унинг паспорт нусхаси бор эди ва болали аёлни ўша йигитнинг уйига жўнатдим. Яхшиямки, йигит ёш, оила қурмаган экан (эркак оилали бўлиб чиққан ҳолатлар кўп учрайди) ва ота-онаси аёлни ва болани қабул қилишди. Мен ҳали ҳам бу ишимдан фахрланаман. Менинг аёллар ва болалар билан ишлашим ўша воқеадан бошланган.
Кўпинча тиббий масалалар ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришда ёрдам бераман. Усиз мигрант аёллардан фарзандларини тортиб олишлари мумкин. Фаолиятимда болалари 7 ва ҳатто 8 ёшгача ҳужжатсиз бўлган мижозларим бўлган! Ўзим туғганимдан кейин муаммо нимадалигини тушундим. 2019 йилнинг иккинчи ярмига қадар туғруқхоналарда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилмаган, бу ҳозир улар қошида Кўп тармоқли марказ (КТМ) бор. Унга қадар чақалоқнинг ота-онаси КФМда уни расмийлаштириш билан шуғулланиши керак эди. Мигрант аёллар у ергача етиб боролмасди.
Шундай ҳолат эсимда қолган. Бир аёлнинг ҳужжатлари текширилган унда эса фақат эски, амал қилиш муддати ўтган Ўзбекистон паспорти бўлган. Олти ёшли боласининг эса ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ эди. У милиция бўлимига олиб кетилиб, депортация қилиш учун ҳужжат расмийлаштирилди, бола эса ҳақиқатан онаси эканлиги тасдиқлангунга қадар реабилитация марказига юборилди.
Боласини шу туғруқхонада туғганлигини тасдиқлаш учун аёл билан у ерга бордик. Аммо у ерда бизга ёрдам беришмади ва биз судга ариза ёздик. Боланинг туғилганлик ва унинг оналик фактини тасдиқладик. Энди онани депортация қилишни бекор қилиш ва болани суд тартибида қайтариб олиш учун янги иш очиш керак эди. Бунга 5 ой вақтим кетди, аммо бола онасига қайтарилди. Чунки бу масала васийлик билан судгача ҳал қилинди. Биз унинг барча талабларини бажардик.
Она боласини олиши биланоқ яшириниб юрмаслигини, ватанига қайтиб, унга ҳужжатларни расмийлаштиришга қасам ичганди, лекин мени алдади. Бу мен онанинг тақдирини аниқ билган учинчи ҳолат. Боласи бўйича мен ёрдам берганларнинг бошқалари шунчаки йўқолиб қоларди.
Оналар боласини қайтариб олгандан сўнг, одатда уларнинг кейинги тақдири билан қизиқмаслигим учун рақамимни блоклашади. Лекин бу аёл телефонга жавоб берди ва у пули йўқлиги сабабли кетолмаганини, фаррош бўлиб ишлаб, 35 минг рубль маош олаётганини айтди. Мен чипта учун пул йиғиб олгунга қадар, унинг боласига ўз ҳисобимдан қараб туришга тайёр эканлигимни айтдим. Икки ойдан сўнг — бола шу вақт ичида мен билан бирга эди — у керакли миқдорда пул йиғганини айтди, мен болани қайтариб бердим ва у ғойиб бўлди. Орадан бир ой ўтгач, мен у аёлга қўнғироқ қилдим, у маст ҳолда телефонни кўтарди... Ўшанда жуда жаҳлим чиқди.
Аёллар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг асосий муаммолари тиббий хизматлардан фойдаланиш ва болаларини мактабда ўқитиш имкониятидир. Жуда кўп аёллар гинекологик, юрак, гипертония муаммолари билан мурожаат қилишади. Масалан, юраги санчиётган аёл тез ёрдам чақиради, унга укол қилишади ва унинг ИЦ (ихтиёрий тиббий суғурта) хизмат кўрсатадиган касалхонага юборишади. Аммо унда ИЦ бўлса ҳам унинг таркибига кардиология хизматлари кирмайди. Бундай ҳолларда мен ёрдам беришга тайёр ва хизматлари арзонроқ бўлган ўзбек, тожик, қирғиз шифокорларимиз рақамини бераман.
Аборт ишларида ёрдам бермайман — бу эътиқодимга зид. Аммо одамларни бошқа масалалар бўйича юборадиган шифокорлардан биламан, уларга аборт масаласида ҳар куни камида ўнлаб қўнғироқлар бўлади. Баъзан бир аёл қўнғироқ қилиб, ёлвориши мумкин, баъзида ҳар хил аёллар. Улар асосан ёш қизлар эканлиги — афсона, ҳатто климаксдаман деб ўйлаган 50 ёшли аёллар ҳам ҳомиладор бўлиб қолишади. Ёшлар эса, аксинча, интернет туфайли контрасепсия воситалари ҳақида кўпроқ хабардор.
Аёллар миграцияси — анчайин янги жараён. Илгари бу ерлардаги ҳамма нарсани биладиган эркакларгина ишга келарди, энди эса аёллар ҳам кела бошлади. Аксарияти эрлари билан бирга келади. Бошида ҳомиладорликка қадар улар ишлайди.
Россияга келган ўзбек аёлларида ўз ҳаётлари учун ўзлари жавобгар эканликлари ҳисси ҳали уйғонмаган. Уларнинг наздида бахтли аёл — эри бор аёл.
Улар ўз қисматларини эркак киши ёнида бўлишда кўради, шунинг учун доимо муносабатларини устун қўяди ва беҳурматлик, камситиш ва ҳақоратларга чидашга тайёр. Улар эркакларсиз ҳам бахтли бўлишлари мумкинлигини ҳали англаб етмаган.
Шу сабабли мигрант аёл эрини ташлаб, ўз ватанига қайтиши ҳолатлари учрамайди. Аксинча, эркаклар ўзлари бир-икки йил бирга яшаб, ҳатто бир эмас, бир неча бола орттирган аёлни ташлаб кетади. Чунки эркаклар ўзларини ҳамма нарсадан устун қўяди. Унинг ўз ватанида хотини бўлиши ёки ташлаб кетиб, ёшроғига уйланиши мумкин.
Исталмаган болалар
Мигрант аёлларнинг учинчи муаммоси ва мен учун жуда оғриқли мавзу — аёл исталмаган, аммо туғилган боласини бирон жойга жойлаб қўйишни хоҳлаши. Бу албатта, фақат эридан ташқари ҳомиладорлик бўлиши шарт эмас, баъзан эридан ҳомиладор бўлиш ҳолатлари ҳамдир. Шунчаки одамлар фарзанд хоҳламайди, аборт қилиш учун эса ёки пул йўқ, ёки жуда кеч. Ана шундай ҳолларда улар болани бошқага беришни хоҳлайди, одатда эвазига пул сўрашади. Ҳеч ким боласини яхши кўрмаслигини айтмайди, ҳамма «уни катта қилиш имкониятим йўқ», «режалаштирмагандим», «қариндошларим билмайди», «отаси билан никоҳдамасман» дейди. Зўрланганини айтган қизлар ҳам бўлган. Менда рўйхатдан ўтган никоҳда бўлган оилалар ҳам бўлган, лекин улар ҳар доим эр уйнинг золими ва «бизда шундоқ ҳам иккита ёки учта фарзанд бор, уларни таъминлай олмаяпмиз-у, яна биттаси нимага керак», деган баҳоналари бор тоталитар оилалар эди. Бундай оилаларнинг ҳаммасида маиший зўравонлик энг юқори чўққида. Мен бу аёлларни кўкариб, моматалоқ бўлиб юрганини кўрганман.
Бу ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар орқали амалга оширилади, лекин миллий тилда. Мен ҳар доим улар устидан шикоят қиламан. Нечта гуруҳларни ёптириб юбордим. Муаммоми бу? Агар ойига ўнта шундай эълонларга дуч келаётган бўлсам, бу муаммо деб ҳисоблайман. Бу ўнта ҳаёт дегани!
Мен ўндан ортиқ онага болаларини ҳал қилишда ёрдам бердим. Ҳаммаси қонуний бўлди. Бир қиз боласини туғруқхонада қолдиришга қарор қилганди, лекин боласи Россиянинг болалар уйига тушиб қолиши ҳақида огоҳлантирилди. У эса Россия болалар уйи ундан-да катта гуноҳлиги, чунки у ерда чўчқа гўшти истеъмол қилиниши, бошқа дин ва ҳоказоларни айтди. Фарзандини болалар уйига беришга тайёр бўлмаган ўзбек оналарининг битта асосий талаби — мусулмон аёлнинг боласи мусулмоннинг оилага, имкон қадар бизга ўхшаган ўзбек оилага тушиши керак.
Хуллас, ана шу қиз ваҳима қилиб ҳаммага қўнғироқ қила бошлаган ва еттинчи киши орқали менга боғланган. Бундай одамларга босим ўтказмаслик ва виждонга чақирмаслик керак. Бу мутлақо бефойда. Бола манфаати учун «Сиз ҳақсиз, сиз ҳамма нарсани тўғри қиляпсиз, лекин сизга ёрдам беришга ижозат беринг, келинг, ҳеч ким сизга ҳеч нарса демаслиги учун бундай қилайлик, ҳаммаси қонуний асосда бўлиши учун», — дейишга тўғри келади. Сиз буларнинг барчасини онанинг нуқтаи назаридан гапирасиз, гарчи ўша вақтда уни ёмон кўрсангиз ҳам. У туғруқхонадан чиқиши арфасида, барча танишларингизга қўнғироқ қилишни бошлайсиз, чунки қачондир кимдир сизга фарзанд асраб олиш нияти борлигини айтган бўлади.
Мен болаларни жойлаштиришда ёрдам берган оилалар билан доим алоқадаман, уларнинг ҳаётини кузатиб бораман. Мен мигрантларнинг болалари учун васий кабиман, лекин ростини айтсам, бари бир қониқиш ҳис қилмайман. Боланинг тақдири шу орқали яхшироқ бўлишини тушунсам ҳам, менда ички ваҳима бор — мен худди инсонлар тақдирига аралашаётгандекман. Бу ерда психолог билан ишлаш керак. Мен ўзим у ёки бу тарзда оилаларга жойлаштирган ўн нафар болани биламан, ва уларнинг барчаси яхши ота-оналари билан беками-кўст шароитда ва биттасидан ташқари (унинг туғма нуқсони бор, реабилитация марказига боради) барчаси болалар боғчасига жойлаштирилган, тўгаракларга қатнайди ва ҳоказо.
Россиядаги мигрантлар билан содир бўлаётган воқеалар худди Ўзбекистондаги ҳаётга алоқаси йўқдек. Гўё Россияда улар парда ортида ва ҳеч ким уларни кўрмайди. Одамлар бу ерда ватанидан бошқача яшайди, чунки улар у ерда одатланиб қолган ижтимоий назорат йўқ.
Агар Ўзбекистонда ножўя иш қилсангиз, бундан барча хабар топади ва сиз бундан жуда қўрқасиз. Таъна-дашномларнинг йўқлиги Россиядаги мигрантлар хатти-ҳаракатларига катта таъсир кўрсатади, чунки ўз мамлакатларида одамлар давлат назоратидан кўра кўпроқ жамоатчилик назоратига ўрганиб қолган.
Ҳозир мен шу мавзуни ўрганяпман, материал тўплаяпман ва ҳимоячиликдан бироз чекиниб маърифатчилик ишига ўтишни хоҳлайман. Мигрантлар билан ишлаб мен доим бир қозонда қайнаяпман. Ҳозир ишлаётган тадқиқотчиларга ёрдам берганимда эса, глобал дунёга яқинлашиб, тарих учун бирон бир нарса қиламан. Менинг изланишларим натижасида аёллар учун ахборий ва таълим дастурлари пайдо бўлади. Кейин аудиториямни кенгайтираман.
Адаптация қийинчиликлари
Мигрантларнинг муаммолари уларнинг рус тилини билмасликларида эмас, ҳаммасини қонуний ва тўғри қилишни билмасликлари билан боғлиқ. Россияда адаптация шартлари жуда қийин. Тизимлар ўхшашлигига қарамай, Россияда ва Ўзбекистонда ҳатто тиббий ёрдам олиш тартиби, мактаб таълими ва ҳоказолар ҳам фарқ қилади. Шу боис, одамлар шунчаки қандай ҳолатларда қаерга мурожаат қилишни билмайди — буни ҳеч ким уларга тушунтирмайди ҳам.
Локдаун пайтида қилмаган ишим қолмади: касалланганларни квартираларидан чиқариб юбормасликларини, ижара тўловини кечиктиришни илтимос қилдим, иш берувчилардан касалланган ишчиларнинг иш ҳақларини ундирдим. Иш берувчи эса ўзини уларни ишга ёлламаганга солиб олди. Такрорлайман, гап рус тилини билиш ҳақида эмас. Тил масаласи — қаерга келганингиз ва бу ерда нима олишни хоҳлаётганингизни билишингиз, лекин тушунтира олмаслигингиз. Бундай ҳолда таржимон чақирасиз ва у билан ҳамма нарсани ҳал қиласиз.
Мигрант бирон жойга таржимон билан келгани билан у ҳеч нарсани ҳал қилмайди, чунки Россия жамияти ва давлат механизми қандай ишлашини тушунмайди, Россия томон эса мигрантлар ҳамжамияти қандай ишлашини тушунмайди. Ҳеч ким бир-бири ҳақида ҳеч нарсани билмайди.
Ўша ойларда ҳатто рус тилини биладиган мигрантлар ҳам тез тиббий ёрдам чақира олмасди. Чунки шифокорлар бошқа ижарачиларнинг ҳужжатини текшириши ёки уларнинг ҳароратини ўлчашидан, кейин бутун квартира карантинга олиниб, ишли мигрантлар пул топиш имкониятидан маҳрум бўлишидан қўрқарди. Иситмаси кўтарилган мигрантлар тез тиббий ёрдамни автобус бекатида кутарди. Одамларни шифокорлар уларга тегмаслигига ишонтира олмасдим. Худди шу сабаб билан мигрантлар полицияга мурожаат қилишдан қўрқарди: биринчи навбатда нима бўлганлигини сўрамасдан, ҳужжатларини текширади. Ҳамма жойда шундай вазият.
«Муаммо менда эмаслигини биламан»
Мен ксенофобияни ҳис қиламан, лекин бу ўзим ҳакимдаги фикримга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Мен кимлигимни ва муаммо менда эмаслигини биламан.
Ўзимнинг туғруғим ҳақида гапириб берсам. Қабул бўлимига тўлғоқ билан келганман. Тўлғоқ вақти гинекологик креслога ўтиролмайсиз. Шифокор, акушер-гинеколог эса мени рус тилини билмайди деб ўйлаб бақириб ташлади. Стрессда унга ўшқириб бердим, у эса: «Эрингга бақирасан, қаердандир келиб олиб!» деди. Мен унинг ҳамдардлик кўрсатмаганидан хафа бўлдим, аммо ҳеч нима қила олмасдим.
Бу нуқтаи назардан, менга Филиппин тажрибаси ёқади, унинг консуллиги ҳар қандай мамлакатда юридик масалалар ва фуқароларнинг ҳужжатлари билан шуғулланади. Бизда эса мигрантларни ўқитиш ва касбга ўргатишга ҳаракат қилинади. Буларнинг ҳеч бири керак эмас, одам буни ўзи ўрганиб олади. Ундан кўра шундай қилингки, мигрантлар метрода ноқонуний ушланмасин, кўчада полиция уларнинг ҳужжатларини асоссиз текширмасин, касал бўлса, хотини туғиш керак бўлса ёки болани мактабга жойлаштириш керак бўлса, одам қаерга ёрдам сўраб мурожаат қилишни билсин. Энг асосийси — мигрантлар ўзлари ҳақли бўлган ёрдамни олишдан қўрқмасин.
Туғаётганимда доула ёнимда бўлган, қўлимдан ушлаб турган. Бир маҳал адашиб унинг қўли ўрнига ҳамширанинг қўлидан ушлаб олганман — у дарҳол қўлини тортиб олган. Унинг юзини кўрмаганим яхши эди: унда шундай жирканиш бор эдики, худди мен қандайдир бир ифлосман. Ўша пайтда ўзимни жуда ожиз ҳис қилдим... ва автоматик равишда кечирим сўрадим, нима учунлигини ўзим ҳам билмайман. Кейин, йиғлаб бўлгач, туғруқхонанинг веб-сайтини очдим: топинг-чи, қабул бўлимидаги ўша шифокор қаерлик эди? Ўзбекистондан экан, илгари Тошкентдаги туғруқхонада ишлаган экан. Менга бақириб беришига сабаб уни шовинист бўлгани эмас, Ўзбекистон туғруқхоналарида ҳеч ким кўзи ёриётган аёлларни аямаслигидир. Уларга эҳтиёткорлик билан муносабат қилиш йўқ. Узоқ ўйладим, охири унинг устидан шикоят қилмасликка қарор қилдим.
Аммо аёллар менга туғруқхоналардаги муносабат юзасидан доимий равишда шикоят қилади. Менимча, гап уларнинг рус миллатига мансублигидамас, балки туғруқхоналарда улар билан алоқа ўрнатолмасликларида. Ҳеч ким ходимларни чет элликлар билан ишлаш бўйича тушунча бермайди. Бу Россияда катта муаммо.
«Москва толерант бўлади»
Ўранишимдан олдин ҳеч қачон ўзимга нисбатан бунчалик салбий қарашларни сезмагандим. Ҳеч ким мени босим ўтказмади, 2018 йил август ойида ўғлим туғилгач, ўзим шу қарорга келдим. Ҳижобга кирган кунимнинг эртасига судга адвокат сифатида бордим. Қўриқчилар мусулмон маданияти билан таниш одамлар шекилли, мен билан хушмуомалалик билан муносабатда бўлди. Судьялар эса бир-бирига қараб жилмайишарди — эҳтимол улар биринчи марта ҳижобдаги адвокатни кўришган бўлса керак.
Ҳозир мен «ватанингга кет» деган жумлани кўп эшитяпман. Албатта, бунга ҳазил билан ёндашаман. Мени ватанингга кет дейишади, лекин улар ватаним айнан қаердалигини ҳам билишмайди. Бу гапларнинг ҳаммасини катта ёшдагилар айтади, ёшлардан бундай гап эшитмайман, улар толерантроқ.
Жамият ҳолатини санъат, шоу-бизнес акс эттиради. Ҳозир Россия саҳнасида ким қўшиқ айтмоқда? Энг севимли ва талабгир хонандалар — рус миллатига мансуб бўлмаганлар: Joni, MiyaGi, Elman, Andro, HammAli & Navai, Ganvest, Skriptonit. Maniza, умуман, «Евровидение»га боради! Шу сабабли ёш авлод мигрантларга нисбатан толерантроқ муносабатда. Улар учун бир пайтлар жазоирликлар француз жамияти учун ҳақиқатга айлангани каби ҳақиқатдир.
Аммо қариялар ҳали ҳам СССРда яшайди в мен улар учун ноаниқ, Чечен урушидан қочган қиздекман. Мен бундан хотиржам муносабатдаман, чунки бунга ўранишимдан олдин ҳам дуч келганман. Шунчаки, мен илгари «келгинди қора чурка» эдим, лекин энди камдан-кам қора дейишади, лекин нега бу ерга келганимни ва нега қишлоғимга қайтмаслигимни сўрашади. Доим менга нисбатан эътирозга айнан нима сабаблигига аниқлик киритиб, билиб олишга ҳаракат қиламан. Мен учун бу одамларнинг ҳаёлида нималар кечаётганини яна бир бор тушуниш учун бир имконият холос.
— Мени қаерга жўнатяпсиз? — Бир марта кўчадаги онахондан сўрадим, у мени навбатдаги равишда қаергадир жўнатганди.
— Ўша, туғилган жойингга.
— Яхши, агар мен Москвада туғилган бўлсам-чи?
— Унда ота-онанг туғилган жойга.
— Агар улар ҳам Москвада туғилган бўлса-чи?
— Унда нега бундай ўраниб олгансан?
— Черковга қандай кийиниб борасиз?
Бунга жавобан онахон мен унинг эътиқодига аралашаётганимни айтди. «Сиз-чи, аралашмаяпсизми?» деб сўрадим. Кейин у «Медведев ҳаммага паспорт берди», деб гапириб кетди ва негадир уни койишга тушди.
Москва ва бутун Россия ҳам толерант бўлади. Буни тўхтатишнинг иложи йўқ. Миграция — табиий жараён, унда қутулиб бўлмайди. Биринчидан, Россия аҳолисининг камайиши туфайли. Иккинчидан, мигрантлар оқимини кўпайиши. Ҳамма «рус бўлмаганлар» бу — кимларнингдир бу ерга келиши, мослашиши ва фарзанд кўриши натижасидир. Франциядаги жазоирликлар, футболчи ва қўшиқчилар каби Москвада мигрантларнинг иккинчи авлоди ўсмоқда.
Россияликларнинг турмуш даражаси пастлиги, иш ҳақи камлиги ва иш ўринлари етишмаслигида мигрантларни айблаш катта хато.
Агар мигрантлар бўлмаганида, россияликлар ҳеч қачон арзон таксилар, сифатли етказиб бериш ва сервис хизмати, кўп ассортиментли гўзаллик салонлари ва тоза кўчалар бўлган бундай зўр шароитда яшамасди.
Биз ўтиш даврида яшаяпмиз ва келажакда болаларимизга Россия бир пайтлар ксенофоб бўлганини айтиб берамиз. Бу тарихий лаҳза. Биз Совет Иттифоқи даврининг охирини кўрадиган ва «келгиндилар» деган дунёқарашли инсонларни, янги ўзгаришларни кўрадиган, инсонлар бошқа маданиятни қабул қилиб, миграция нормал ҳолат деб қабул қилишини кўрадиган ягона авлодмиз.
Менга келсак, Москва менинг уйимга айланди. Бу ерда кераклироқман, бу ерда мен ўз ишимнинг натижасини муайян бир инсон ҳаёти мисолида кўришим мумкин. Мен чорраҳадаги тирбандлик назоратчисига ўхшайман — одамлар адашиб қолган, мен уларга йўл кўрсатяпман, улар эса тўғри йўлдан кетишяпти: бу қизга тиббий ёрдам кўрсатилди, бу бола мактабга борди, бу киши фирибгарлардан ҳоли бўлди, бу аёл ҳужжатларни тўғри расмийлаштирди.
Мен университетни муваффақиятли тугатдим, логистика соҳасида ишлайман, мигрантларга ёрдам бераман ва илмий изланиш билан шуғулланяпман. Наврўз билан бахтли оиламиз, иккинчи фарзандни кутяпмиз.
Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2019 йилда Россияда 13 миллиондан ортиқ чет элликлар миграцион рўйхатдан ўтган. Уларнинг 5,5 миллиони ишлашга келганлигини кўрсатган. Аёлларга келсак, Қирғизистондан 40 фоиз, Ўзбекистон ва Тожикистондан 20 фоиздан кам мигрантлар бор. Қирғизистондан келган аёл мигрантлар орасида асосан 30 ёшгача бўлганлар кўп, 30—40 ёшлилари бироз камроқ.
Ўзбекистон ва Тожикистон аёллари орасида 30 ёшгача бўлганлар ва ундан каттароқ ёшлилар улуши деярли бир хил. У ердан асосан турмуш қурганлар, бева қолганлар ажрашганлар ва келади. Ўзбекистон ва Тожикистонда ватандан узоқда ижтимоий назорат камаяди, деб ҳисобланади, шунинг учун турмушга чиқмаган қизларнинг миграцияси ҳар доим ҳам маъқулланмайди. Қирғизистонда унга нисбатан оддийроқ қарашади.
Эркаклар ва аёллар ўртасидаги иш ҳақидаги фарқ тахминан 4 минг рублни ташкил қилади. Бу асосан эркаклар оғир ишларда ишлагани ва кўпроқ пул топгани билан боғлиқ. Аёллар маоши паст бўлган умумий овқатланиш, савдо, тозалаш ишларида ишлайди. Умуман олганда, аёллар эркакларга қараганда уйга камроқ пул жўнатади, аммо даромад фоизида эркакларники билан тенг улушда.
Изоҳ (0)