Асаларилар учиш пайтидаги ҳаракатлари ёрдамида мураккаб тасвирларни яхши ажрата олиши аниқланди. Улар атроф-муҳитни шунчаки кузатибгина қолмай, балки тана ҳаракатлари орқали кўриш жараёнини фаол бошқаради, дея хабар бермоқда Hi-tech.mail.ru.

Шеффилд университети олимлари асалари миясини рақамли шаклда моделлаштириб, унинг фаолиятини ўрганишди. Тадқиқот натижаларига кўра, парвоз жараёнидаги ҳаракатлар асаларининг асаб тизимида махсус электр импулсларини юзага келтиради. Ушбу импулслар ҳашаротга ташқи муҳитдаги турли белгиларни тезда ажратиб олиш имконини беради. Шу туфайли, ҳажми атиги седана доначасидек келадиган асалари мияси мураккаб визуал шаклларни, жумладан инсон юзини ҳам фарқлай олади.
Тажрибада асалари мия модели тирик асаларилар каби вазифаларни бажарди. Масалан, у “+” белгиси билан “×” белгисини фарқлай олди. Бунда сунъий модел тирик ҳашаротлар сингари фақат тасвирнинг пастки қисмини сканерлаш стратегиясидан фойдаланди. Мазкур усул ресурсларни тежашга ва оддий организм учун мураккаб бўлиб кўринадиган масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради.
Тадқиқотчилар фикрича, асалари интеллектининг юқори бўлишига унинг мия, тана ва муҳит ўртасидаги ўзаро мувозанат сабабчи. Биз одатда ақл фақат нерв тизими туфайли шаклланади, деб ҳисоблаб келганмиз. Асаларида эса билиш жараёни нафақат мия, балки ҳаракат ва ташқи муҳит билан ўзаро алоқа вақтида юзага келади.

Шеффилд университети сунъий интеллект маркази директори Профессор Жеймс Маршалл шундай дейди:
“Ҳатто энг кичик ҳажмдаги мия ҳам ҳаракатдан фойдаланиб, ташқи дунёни англай олишини исботладик. Яъни, миянинг қанчалик яхши ишлаши унинг ўлчамларига боғлиқ эмаслигини кўрсатдик”.
Илгари олиб борилган кузатувларда асаларилар атроф-муҳит ва предметларни фаол ўрганиши аллақачон маълум бўлган эди. Энди эса улар бу жараёнда ахборотни ихчам ва қулай шаклга келтириши — нейрон кодларга айлантириши ҳам аниқланди. Бу кашфиёт жуда муҳим, чунки ҳозирги сунъий интеллект ва роботлар йирик ҳисоблаш тизимларига таянади ва жуда кўп энергия сарфлайди. Асаларилар эса аксинча, кучли серверларсиз, ҳаракат давомида ташқи муҳитдан ўзлари маълумот тўплайди. Шу тамойил асосида келажакда арзонроқ ва тежамкор роботлар, дронлар ҳамда интеллектуал тизимлар яратиш мумкин бўлади.
Асаларилар мисолида яна бир бор табиатнинг мураккаб масалаларга содда ва самарали ечим топа олиш мумкинлиги исботланди. Шу тажрибадан илҳом олган ҳолда яратиладиган сунъий интеллект тизимлари келажакда янада кучлироқ бўлиши билан бирга, энергия сарфини ҳам сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.
Изоҳ (0)