Ўзбекистонда ярим йилда 68 та янги мактаб қурилгани маълум қилинди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь июнь ойларида республикада ишга туширилган мактаблар сони 68 тани ташкил этди.

Уларнинг 34 таси қишлоқ жойларга тўғри келади. Ҳудудлар бўйича янги мактаблар сони қуйидагича:
- Андижон вилояти – 35 та;
- Бухоро вилояти – 19 та;
- Хоразм вилояти – 7 та;
- Наманган вилояти – 6 та;
- Қорақалпоғистон Респ. – 1 та.
Мамлакатда 2023/2024-ўқув йили бошига фаолият юритаётган умумтаълим муассасалари (мактаб) сони 10 750 тани ташкил этган. Жорий йилда янги мактаблар қуриш учун Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб қилинди. Бунинг эвазига янги мактаблар қурилиб, 72 мингта ўқувчи ўрни яратилади.
Ўзбекистонда 2025/2026-ўқув йилида 738 минг нафар бола 1-синфга келиши кутилмоқда. 1-синфга қабул қилинаётган болалар учун 12 номдаги ўқув қуроллари Президент совғаси сифатида тайёрланди. Унда 1 та ўқув сумкаси, 12 та ўн икки варақли дафтар, 1 та ручка, 2 та оддий қалам, 1 та ўн икки рангдаги қаламлар тўплами, 1 та рангли қоғоз тўплами, 1 та пластилин, 1 та расм дафтари, 2 та ўчирғич, 1 та ўн икки рангдаги акварел буёғи, 1 та елим (клей), 1 та қаламдон бор.
Янги ўқув йилида Ўзбекистонда мавжуд 10 170 тадан ортиқ умумтаълим мактабларида 6,7 миллион нафар ўқувчи таълим олишни бошлаши кутилмоқда. Шунингдек, янги ўқув йилида республикада 30 дан ортиқ янги мактаблар ўз фаолиятини бошлайди.
Жорий йилда ижтимоий, ишлаб чиқариш дастурлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 379 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва бунинг натижасида 112 минга яқин ўқувчи ўрни яратилиши, 73 мингтадан ортиқ ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)