Ноябрда кўчмас мулк бозори ижобий тенденция қайд этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган кўчмас мулк бозоридаги вазият таҳлилида айтилмоқда.
Маълум қилинишича, олди-сотди шартномалари сони 21,9 мингтани ташкил этиб, октябрга нисбатан 2,5 фоизга ошди. Шунингдек, йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик 0,8 фоизга ўсди.
Ҳудудий динамика
Ноябрь ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимларида ўсиш Хоразм ва Бухоро вилоятларида мос равишда 15,6 фоиз ва 8,4 фоизга қайд этилди.
Тошкент пойтахт сифатида кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 30 фоиздан ортиғини эгаллади, фаоллик 9,3 фоизга ошди.
Иккиламчи кўчмас мулк бозорини таҳлил қилиш
Бир ой ичида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари деярли ўзгармади (0,3 фоизга ўсиш), ўтган йилга нисбатан 6,2 фоизга ўсиш қайд этилди. Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Сурхондарё (18,1фоиз), Бухоро (11,9 фоиз) ва Қашқадарё (10,2 фоиз) вилоятларида кўтарилган.
Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилиб, квадрат метр учун ўртача нарх 333 долларни ташкил этди.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи ой давомида 0,2 фоизга ошиб, 1,1 минг доллардан сал кўпроқни ташкил этди. Пойтахтнинг Бектемир – 4,4 фоиз, Яшнобод – 2,4 фоиз ва Шайхонтоҳур – 2,2 фоиз туманларида нархлар сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,2 фоизга ошган бўлса, Тошкент шаҳрида 1,5 фоиз пасайиш кузатилди.
Уй-жой ижара бозори
Ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида турғунлик қайд этилди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди, бу жорий йилнинг июнь ойи кўрсаткичига мос келади.
Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархларининг барқарорлашуви давом этди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди, бу жорий йилнинг июнь ойи кўрсаткичига мос келади.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайди. Йил давомида нархларнинг энг катта пасайиши Учтепа – 14,5 фоиз, Яшнобод – 14,3 фоиз ва Юнусобод-13,8 фоиз туманларида қайд этилди.
Изоҳ (0)