Бугун, 15 август, Покистонда кучли муссон ёмғири юзага келтирган сел ва кўчкилар сабабли камида 160 киши вафот этган. Ҳалок бўлганларнинг 110 нафари тоғли Хайбер-Пахтунхва вилоятида яшаган. Покистон назоратидаги Кашмир ҳудудида эса 7 киши ҳалок бўлгани айтилган. Бу ҳақда Ле Монде нашри хабар берди.
Покистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили Анвар Шеҳзаднинг сўзларига кўра, сел ва кўчкилар сабабли Хайбер-Пахтунхва вилоятининг ўзида 110 кишининг ҳалок бўлгани ва 60 кишининг жароҳат олгани аниқланган. Оқибатда Бунер, Бажаур, Мансеҳра ва Баттаграм туманлари фалокат юз бериши мумкин бўлган ҳудудлар сифатида эълон қилинган.

Agence France-Presse’нинг тасвирларида Бажаур тумани, Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда, одамлар лой босган тепаликни ковлаётгани акс этган. Яқин атрофдаги дала майдонида жаноза намозлари бошлангани ва одамлар мотам тутаётгани кўринган.
Покистон метеорология хизмати шимоли-ғарбий ҳудудлар учун кучли ёмғир хавфи ҳақида огоҳлантириш берган. Аҳоли хавфли ҳудудларга ортиқча чиқмасликка чақирилган. Ҳиндистон назоратидаги Кашмирда эса қутқарувчилар лой ва вайроналар орасидан жасадларни олиб чиқмоқда.
Муссон мавсумида Жанубий Осиёга йиллик ёғингарчиликнинг қарийб барчаси ёғади. Бу қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим. Бироқ ёмғир ўзи билан бирга вайронагарчилик ҳам олиб келади. Расмийлар “аномал” деб атаган ёзги муссон ёмғирлари Покистонда июнь ойидан бери давом этмоқда. Шу вақт давомида 320 кишининг ҳаётдан кўз юмгани аниқланган. Ҳалок бўлганларнинг деярли ярми ёш болалар бўлган.
Июль ойида Покистон аҳолисининг қарийб ярми яшайдиган Панжоб вилоятида ўтган йилга нисбатан 73 фоиз кўп ёғингарчилик кузатилган.
2022 йилда муссон сув тошқинлари Покистон ҳудудининг учдан бир қисмини сув остида қолдириб, 1 700 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди.
Изоҳ (0)