Ўзбекистонда 3 сентябрь соат 23:30 дан 4 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 278 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет иккинчи кун янги касалланиш ҳолатлари 300 тага етмаяпти. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 43075 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 339, «Дарё» ҳисоби бўйича 350 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 278 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасидан аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 135 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 101 нафар;
  • Наманган вилоятида — 10 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 8 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 7 нафар;
  • Андижон вилоятида — 6 нафар;
  • Навоий вилоятида — 4 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 3 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 3 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 1 нафар.

Кун давомида 10 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқлангани, карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда ушбу рақам назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида 135 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрда пойтахтда касалланганлар сони 646 нафарга кўпайди. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 26198 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 60,8 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 101 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда охирги уч кунда касалланиш ҳолатлари 100 тадан ошмоқда. Сентябрда Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 406 нафарга кўпайди. Бу вилоят бўйича жами касалланиш ҳолатлари (7611)нинг 5 фоизига тенг.

Наманган вилоятида 10 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрь ойида вилоятда 16 кишида касаллик аниқланди. Наманганда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 925 нафарга етди.

Жиззах вилоятида 8 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 10 кун ичида энди янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Жиззахда 21 июль куни 29 кишида COVID-19 қайд этилганидан сўнг бирон марта кунлик касалланиш ҳолатлари 8 тага етмаганди.

Самарқанд вилоятида 7 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда касалланганлар сони 27 нафарга кўпайди. Самарқандда COVID-19 қайд этилганлар сони 1745 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 4 фоизи Самарқанд вилоятига тўғри келмоқда.

Андижон вилоятида 6 кишида COVID-19 қайд этилди. Бир кун олдин ҳам вилоятда 6 кишида касаллик аниқланганди. Сентябрь ойида Андижонда 2 кун янги ҳолатлар рўйхатга олинмади, августда эса бундай кунлар 3 та бўлганди — 8 август, 15 август ва 28 август кунлари.

Навоий вилоятида 4 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сентябрда биринчи марта янги ҳолатлар рўйхатга олинмоқда. Навоийда коронавирусга чалинганлар сони 510 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 1,1 фоизига тенг деганидир.

Қашқадарё вилоятида 3 кишида касаллик қайд этилди. Вилоятда охирги 17 куннинг 14 тасида янги беморлар рўйхатга олинди. Сентябрь ойида Қашқадарёда жами 21 кишида COVID-19 аниқланди.

Фарғона вилоятида 3 кишида COVID-19 аниқланди. Сентябрнинг тўрт кунида ҳам вилоятда янги ҳолатлар қайд этилиб, касалланганлар сони 15 кишига ошди. Фарғонадаги жами касалланиш ҳолатларининг 4,4 фоизи сентябрга тўғри келди.

Қорақалпоғистон Республикасида 1 кишида коронавирус аниқланди. Республикада охирги 16 кун ичида 7 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган бўлса, бу кунларнинг биронтасида янги беморлар сони 4 нафардан ошмади.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4, Тошкент вилоятида 1 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Кетма-кет учинчи кун ССВ 5 нафардан бемор вафот этаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшаган 62 ёшли Р.Т. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшаган 59 ёшли М.С. исмли аёл вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 52 ёшли Т.Х. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 42 ёшли Б.М. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 58 ёшли Ф.Е. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 339 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 350 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2304 нафар бемордан 368 нафари оғир, 179 нафари эса ўта оғир аҳволда. Сентябрь ойига келиб аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони ҳар куни 500 нафардан кўп бўлмоқда: 1 сентябрь куни 509 киши, 2 сентябрь куни 541 киши, 3 сентябрь куни 532 киши ва 4 сентябрь куни 547 киши. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 23,7 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бу охирги 19 кун ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Касалликдан даволаниш

4 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида 256 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Сентябрнинг икки кунида кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан ортиқ бўлган бўлса, қолган икки кунида паст бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 107 нафари Тошкент вилоятида;
  • 89 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 14 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 12 нафари Наманган вилоятида;
  • 8 нафари Бухоро вилоятида;
  • 8 нафари Навоий вилоятида;
  • 7 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 6 нафари Фарғона вилоятида;
  • 4 нафари Жиззах вилоятида;
  • 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 43 075 нафар бемордан 40 432 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Бир ҳафтадан буён даволаниш кўрсаткичи ўзгармай келмоқда. Бу коронавирус Ўзбекистонга кириб келганидан сўнг энг юқори натижа ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2304 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Коронавирусдан даволанишни давом эттираётган беморлар сони чўққига чиққан — 29 июль куни беморлар сони 9517 нафар эди. Бир ойдан бироз кўпроқ вақт ичида уларнинг сони 4 баробарга камайди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1689 нафар. Фарғонада 4, Навоийда 6, Хоразмда 9, Жиззахда 11, Қорақалпоғистонда 12, Сурхондарёда 21, Андижонда 26, Сирдарёда 31, Бухорода 32, Наманганда 36, Қашқадарёда 42, Самарқандда 102 ва Тошкент вилоятида 283 нафар бемор қолди.