Наманган вилоятидаги масжидларда 4 сентябрь куни деярли ярим йиллик танаффусдан сўнг жума намози ўқилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Бунинг учун вилоятдаги 184 та масжидда пухта тайёргарлик кўрилди. Уларнинг барчаси дезинфексион тўшаклар, тана ҳароратини ўлчайдиган қурилмалар, антисептик воситалар билан таъминланди.
Масжидларда ижтимоий масофаланишга имкон бериш учун ажратувчи чизиқлар тортилди.
Намозхонлар ибодатга тиббий ниқобда келишига эътибор қаратилди. Буни ёддан чиқарганлар учун эса ниқоб берилиши йўлга қўйилди.
«Орадан деярли 6 ой вақт ўтиб масжидимизда жума намози ўқилди. Уч асрдан ортиқ тарихга эга ва 5 минг кишини сиғдира оладиган масжидимиз нафақат Наманганда, балки бутун Марказий Осиёда ҳам довруқ қозонган. Бугунги дуоларимизда намозхонларнинг масжидларга келишлари бардавом бўлишини сўрадик», — дейди Косонсой туманидаги «Аълохон Махдум» жоме масжиди имом-хатиби Қодирхон Азизов.
Маълумот учун, Наманган вилоятида 2020 йил 13 март куни охирги марта жума намози ўқилган эди.
Изоҳ (0)