Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари Ливан жанубига ҳужум қилди, деб хабар бермоқда Al Manar телеканали. Зарбалар Ҳизбуллоҳ ҳарбий марраларини нишонга олгани тахмин қилинмоқда.
Al Manar телеканалининг хабар беришича, Исроил қирувчи самолётлари 20 га яқин ҳаво ҳужумини амалга оширган. Ҳужумлар камида саккизта аҳоли пунктлари яқинида содир этилган.

Al Jazeera телеканали эса Исроил 30 дақиқа ичида 15 та ҳаво ҳужуми уюштиргани ва тахминан 20-25 та ракета отганини маълум қилди.
2024 йил 27 ноябрда Исроил ва Ливан Ҳизбуллоҳ ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга кирганди. Январь ойида томонлар уни 18 февралга қадар узайтиришганди.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац мамлакат армияси АҚШ билан келишилган ҳолда Ливан билан чегарадаги буфер зонада “номаълум муддат” қолишини маълум қилганди.
Ливан билан чегарада “буфер зона мавжуд. Биз Қўшма Штатлардан рухсат олдик, уларга харита бердик ва биз у ерда номаълум муддатга қоламиз”, деди Кац Исроил маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг конференциясида.
Изоҳ (0)