“Ўзгидромет” Ўзбекистонда 2025 йилнинг ёз фасли қандай об-ҳаво билан бошланишини маълум қилди.

Иқлим маълумотларига кўра, июнь ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати май ойи қийматларидан 4-5 даражага, чўл ҳудудларда 6-7 даражага юқори бўлади. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича июнь ойининг ўртача ҳарорати барқарор ўсиш тенденциясини кўрсатди. Сўнгги 10 йилда республиканинг катта қисмида фақат 2019-йил июнь ойи, шимолда ва чўл ҳудудларда эса 2017 ва 2018-йил июнь ойлари меъёрдан бир оз салқинроқ бўлган. Қолган йилларда июнь ойлари ўртача ҳарорати меъёрдан юқори бўлган.
2021-йилдан 2024-йилгача бўлган июнь ойлари деярли барча ҳудудлар бўйича Ўзбекистондаги метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июнь ойлари бешлигига кирган. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида июнь ойининг ўртача кундузги ҳарорати 31-36 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда ушбу қийматларга нисбатан 3-4 даражага юқоридир.
Июнь ойида максимал ҳаво ҳароратининг рекорд қийматлари ҳудуднинг катта қисмида 41-44 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда 45-47 даражани ташкил этади. Тошкентда июнь ойининг мутлақ максимал ҳарорати 43 даражадир. Рекорд қийматларга яқин ҳаво ҳарорати, албатта, камдан кам кузатилади. Аммо ҳарорат 37-41 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-43 даражагача бўлган жуда иссиқ кунлар деярли ҳар йили июнь ойида қайд этилади. Атроф-муҳитга ҳаво ҳарорати жуда юқори бўлган айрим кунлар эмас, балки иссиқ даврлар давомийлиги салбий таъсир кўрсатади.
Шундай қилиб, 2023-йил июнь ойида ҳаво ҳарорати 38-41 даража атрофида, чўл ҳудудларда ва энг чекка жанубда 43 даражагача бўлган жазирама иссиқ даврлар деярли икки ҳафта давом этган эди. Июнь ойида ҳарорат кундуз кунлари 25-28 даражагача пасайиши, баъзан эса ундан ҳам пастроқ бўлган даврлар кузатилади, бироқ уларнинг давомийлиги қисқа давр бўлади. Июнь ойида май ойига нисбатан ёғингарчилик миқдори (2-4 марта), айниқса, жанубда ва чўл ҳудудларда (5-12 марта) сезиларли даражада камаяди, бу эса чанг-қум бўронларининг тез-тез вужудга келишига сабаб бўлади.
Шу билан бирга, июнь ойида ҳудуд бўйича ҳамда вақт бўйича ҳам ёғингарчиликнинг нотекис тақсимланиши кўпаяди. Жуда қуруқ ойлар билан бир қаторда, айрим йилларда маҳаллий хусусиятга эга бўлган жала ёмғир ёғган кунлар кузатилади, бунда баъзи жойларда ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрга етади ва баъзан эса бу қийматдан ҳам ошиб кетади. Метеорологик кузатувлар тарихида ёғингарчилик миқдори бир неча соат давомида 3-6 ойлик меъёр атрофида, қурғоқчил ҳудудларда эса бир неча соат ичида 8-20 ойлик меъёргача бўлган фактлар мавжуддир.
Шундай қилиб, 2019-йил июнь ойида Тошкентда ёмғир ёғган атиги 2 та ҳолат қайд этилган, аммо бу кунларда ёғингарчилик миқдори июнь ойидаги ойлик меъёрдан сезиларли даражада кўп бўлган. Ушбу 2 кун ичида шаҳарнинг турли ҳудудларида 50 мм дан 89 мм гача ёмғир ёғган эди. Тошкентда июнь ойида ёғингарчиликнинг иқлимий меъёри 17 мм ни ташкил этади. 2023 ва 2024-йилларнинг июнь ойларида Тошкентда деярли ёмғир ёғмаган эди. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда июнь ойларида кузатиладиган жала ёмғирлар кўпинча сел-сув тошқин ҳодисаларининг ривожланишига сабаб бўлади.
Бу йил-чи?
Бу йил ёз қуруқ ва бир оз иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1—7-июнь кунлари республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин 35-38 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 40 даражагача кўтарилади.
Кейинчалик ой охиригача ҳарорат 33-38 даражадан 25-30 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида энг иссиқ кунларда ҳарорат 39-41 даражагача кўтарилади. Биринчи ўн кунлик охирида, иккинчи ва учинчи ўн кунликларда айрим кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Бу йил иссиқ кунлар апрель ойида ҳам кузатилгани сабабли ушбу йилнинг ёз фасли қандай бўлади, деган савол кўпчиликни қизиқтириб келмоқда. Жуда иссиқ бўладими? Бу саволга жавоб бериш жуда мураккабдир. Сайёрада содир бўлаётган глобал исиш ҳақиқатан ҳам ёзнинг жуда иссиқ бўлиши хавфини оширадиган омиллардан биридир.
Шу билан бирга, глобал исиш йиллараро юқори ўзгарувчанлик фонида содир бўлмоқда. Бу ҳар бир кейинги ёз фасли аввалгисига қараганда илиқроқ бўлади, дегани эмас. Бундан ташқари, 2025 йил бошида океаннинг исишига олиб келадиган Эл-Нино ҳодисаси якунланди ва океан нейтрал ҳолатга қайтди.
Бироқ кучли Эл-Нинодан кейин океан юзаси ҳарорати анча юқори бўлиб қолмоқда, бу эса атмосфера ҳолатига таъсир қилади: океанлардан узатиладиган иссиқлик ҳаво ҳароратининг ошишига сабаб бўлади.
Бироқ бу иссиқлик бутун дунё бўйлаб қандай тақсимланишини айтишнинг иложи йўқ. Ўзбекистонда ёз асосан қуруқ ва иссиқ бўлади — бу бизнинг Ўрта Осиё иқлимининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Бундан ташқари, сўнгги 50 йил ичида ёз фаслларининг ўртача ҳарорати кўтарилиши барқарор тенденцияси кузатилиб келинмоқда.
“Ўзгидромет”нинг жаҳон прогнозлаш марказлари ҳисоб-китобларига асосланган дастлабки баҳосига кўра, бу йилги ёз фаслининг ўртача ҳарорати меъёрдан бир оз юқори бўлиши кутилмоқда.
Ёзги мавсум давомида, албатта, экстремал қийматларга яқин бўлган ҳаво ҳарорати билан жуда иссиқ об-ҳаво даврлари ҳам қайд этилади. Аммо ёз учун нисбатан қулай ҳарорат фонида иссиқнинг пасайиш даврлари ҳам кузатилади.
Изоҳ (0)