“Ўзгидромет” 2023 йил ёз ойининг боши ҳатто Ўрта Осиё иқлими учун ҳам жуда иссиқ бўлганини маълум қилди.
Иссиқ ойнинг бошидан бошланди ва деярли иккинчи ўн кунлик охиригача давом этди. Бу даврда Ўзбекистон ҳудуди бўйича ўртача ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 3-5 даражага юқори бўлди. Биринчи ва иккинчи ўн кунликларнинг энг иссиқ кунларида ҳаво 39-42 даражагача, республиканинг энг чекка жанубида 43-45 даражагача исиди.
Қайд этилишича, июнь ойида бундай ҳарорат қийматлари камдан кам учрайдиган ҳолат деб ҳисобланмайди. Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун июнь ойининг мутлақ максимал ҳарорати 42-44 даражани, чўл ҳудудларда ва жанубда 45-48 даражани ташкил этади. Аммо Ўзбекистонда меъёрга нисбатан юқори бўлган ҳарорат билан кузатилган ёз ойининг боши камдан кам ҳолларда кузатилади.
Июнь ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон ҳудудига Кавказдан салқин ҳавонинг кириб келиши ҳарорат фонини пасайтирди. Умуман олганда, июнь меъёрдан 2-3 даража юқори, шимолда эса меъёр атрофида бўлди.
Шунингдек, маълум қилинишича, 2023 йилнинг июнь ойида Тошкентда энг юқори ҳарорат 40,5 даражани ташкил этди, максимал ҳарорат икки маротаба 40 даражадан ошди. Тошкентда барча кузатув йиллари учун июнь ойидаги энг юқори ҳарорат (мутлақ максимал ҳарорат) 43,0 даражани ташкил этди. Бу йилгача энг иссиқ июнь ойлари қаторида биринчи ўринни 2021 йил июнь ойи эгаллаб келган, ушбу йилда Тошкентда максимал ҳарорат 42,6 даражага кўтарилган.
“Узоқ муддатли иссиқ об-ҳаво ҳисобига, Тошкентда 2023 йил июнь ойи кузатувлар тарихидаги энг иссиғи бўлди, у 2021 йил июнь ойидан ўтиб кетди. 2023 йил июнь ойидаги ўртача ҳарорат 2021 йил июнь ойига нисбатан 0,4 даражага юқори бўлди”, — дейилади “Ўзгидромет” хабарида.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 2023 йил июнь ойи энг иссиқ июнь ойлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. 2023 йил июнь ойининг яна бир хусусияти шундаки, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларининг шимолида нисбатан иссиқ бўлмади.
2023 йил июнь ойи республика ҳудудининг катта қисмида ғайриоддий ҳарорат тартибидан ташқари экстремал қуруқлик билан ажралиб турди. Ой давомида ёғингарчилик миқдори июнь ойи ойлик меъёридан 0-30 фоиздан кўп бўлмади.
Изоҳ (0)