Шимолий Кореянинг Чхонжин шаҳрида ҳарбий-денгиз кучларининг янги эсминеци билан юз берган ҳодисадан сўнг тўрт киши қамоққа олинди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.

21 май куни Чхонжин шаҳрида ўтказилган сувга тушириш жараёни жиддий техник носозлик билан кечди. Нотўғри раҳбарлик ва бошқарувдаги эҳтиётсизлик туфайли аравачанинг параллел ҳаракати таъминланмаган. Натижада кеманинг қуйруқ қисми учун мўлжалланган тушириш аравачаси муддатидан олдин стапелдан чиқиб кетиб, тўсиққа урилган. Бу эса мувозанат бузилишига ва кема тубининг шикастланишига олиб келган. Кеманинг бурун қисми эса стапелдан тушмай қолган.
Фавқулодда ҳодисанинг гувоҳи бўлган КХДР раҳбари Ким Чен Ин бундан ғоят норози бўлган. У содир бўлган воқеани мамлакат учун уят деб атади ва масъул шахслар жиноий лоқайдлик кўрсатганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, қамоққа олинганлар орасида ҳукмрон Корея Меҳнат партияси Мудофаа саноати департаменти бошлиғи ўринбосари Ли Хён Сон ҳам бор. Агентликнинг билдиришича, айнан у жиддий ҳалокат учун асосий жавобгар ҳисобланади. Қолган қамоққа олинганлар — кемасозлик корхонаси ходимлари Чхонжин кемасозлик корхонасининг бош муҳандиси Кан Чонг Чхор, кема корпусини умумий монтажлаш цехи бошлиғи Хан Гён Хак ва маъмурий ишлар бўйича директор ўринбосари Ким Ён Хак ҳисобланади.
Пхеньян вакилларининг таъкидлашича, ҳалокатдан кўрилган зарар катта эмас ва эсминецни таъмирлаш атиги ўн кун давом этади.
Мутахассислар бу баҳога қўшилмайди. Ким Чен Ин кемани тиклашни “давлатнинг обрўси билан бевосита боғлиқ бўлган сиёсий масала” деб атади.
Изоҳ (0)