Америка томонининг Россия ва Украина вакиллари билан сўнгги музокаралари “жуда самарали” бўлган, Вашингтон бу ҳақда яқин уч кун ичида батафсил маълумот беради. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Журналистлар ундан Россия-Украина можаросини ҳал этиш ва Россия Федерациясининг янги ҳудудлар устидан назоратини тан олиш масаласидаги вазиятни шарҳлаш сўрашган.
“Кейинги уч кун ичида музокаралар ҳақида тўлиқ маълумот бераман, бироқ таъкидлаш жоизки, АҚШ ҳам Украина, ҳам Россия билан жуда самарали учрашувлар ўтказди. Биз чиндан ҳам яхши муҳокамалар олиб бордик”, деди Трамп.
Шунингдек, Трамп Америка делегациясининг Эрон вакиллари билан ядровий келишув бўйича олиб борган музокараларини ҳам юқори баҳолаган.
11 апрель куни Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Санкт-Петербургга ташриф буюрди ва у ерда Россия президенти Владимир Путин ҳамда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев билан учрашувлар ўтказди. Кремль маълумотларига кўра, Россия раҳбари ва Америка вакилининг музокаралари 4,5 соат давом этган бўлиб, уларнинг асосий мавзуси Украина муаммосини ҳал этиш масалалари бўлган.
АҚШ ўт очишни тўхтатиш бўйича Украинага ўз таклифларини етказгани хабар қилинганди. Мазкур таклифлар Қримни Россияники деб тан олишни, Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини истисно этишни назарда тутади.
Изоҳ (0)