Испания Кубоги финал учрашуви доирасидаги “Барселона” — “Реал” учрашуви якунига етди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган баҳсда каталонияликлар ғалаба қозонди.

Баҳснинг дастлабки дақиқалари “Барселона”нинг катта устунлиги остида ўтди. Ҳанси Флик жамоаси бу устунликни ҳисобда ҳам акс эттириб қўйди. 28-дақиқада Ламин Ямал ўнг қанотдан “қироллик клуби” жарима майдончаси ичига кириб борди ҳамда марказда очиқ турган Педрига тўпни узатди. У эса чиройли зарба йўллаб, Тибо Куртуа дарвозасини ишғол қилди.
Биринчи таймнинг қолган дақиқалари ҳам каталонияликлар устунлиги остида ўтди, бироқ дарвозаларга бошқа тўп киритилмади.
Учрашувнинг иккинчи бўлимида Карло Анчелотти “Реал” таркибида бир қанча ўзгаришлар амалга оширди. Мазкур ўзгаришлар 70-дақиқага келиб ўз самарасини берди. “Барселона” ўз жарима майдончаси яқинида қоида бузди ва уни Килиан Мбаппе чиройли тарзда амалга ошириб, Шесни дарвозасига мадридликларнинг ўйиндаги илк голини киритди. 77-дақиқага келиб, “қироллик клуби” ҳисобда олдинга чиқиб олди. Арда Гюлернинг бурчакдан узатиб берган тўпини Чуамени бош билан зарба йўллаб, жамоасининг ўйиндаги иккинчи голини киритди.
84-дақиқада ҳисоб тенглашди. “Барса” тезкор қарши ҳужумга ўтиб, Куртуа дарвозасини яна ишғол қилди. Гол муаллифи — Ферран Торрес. Иккинчи тайм охирига келиб, ҳар икки жамоа ҳам анча фаоллашиб қолди, лекин дарвозалар ишғол қилинмади ва футболчилар ғолибни аниқлаш учун қўшимча бўлимларга мурожаат қилишди.
Экстра таймнинг дастлабки бўлимида ҳисоб очилмади. 116-дақиқага келиб, “Барселона” яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Жюл Кунде “қироллик клуби дарвозасига тўп киритиб, ғалабани илиб кетди.
Шу тариқа учрашув 3:2 ҳисобида “Барселона” фойдасига ҳал бўлди ва Ҳанси Флик жамоаси 2024/25 йилги мавсум Испания Кубоги соҳибига айланди.
Испания Кубоги
Финал
27 апрель, шанба
“Барселона” — “Реал” 3:2
Голлар: 1:0 — Педри (28), 1:1 — Мбаппе (70), 1:2 — Чуамени (77), 2:2 — Ферран (84), 3:2 — Кунде (116)
Изоҳ (0)