Колумбия собиқ ташқи ишлар вазири Альваро Лейва мамлакатнинг амалдаги президенти Густаво Петрони наркоманияда айблади. У Х ижтимоий тармоғида президентга очиқ хат йўллади.

Лейванинг айтишича, президентнинг қарамлиги 2023 йил июнь ойида Францияга ташрифи чоғида икки кун “ғойиб бўлгани”да аён бўлган.
Сизнинг йўқолиб қолишингиз, кечикишларингиз, расмий тадбирларга келмаслигингиз, мақсадсиз сафарларингиз, мантиқсиз гапларингиз ва шубҳали одамлар билан алоқаларингиз аллақачон кўзга ташланган ва бу кузатувлар давом этади. Сиз тез-тез ёлғизлик, хавотир, депрессия ва бошқа енгиб ўтиш қийин бўлган ҳолатларга тушиб қолгансиз, деб ёзди у Х саҳифасида.
Бироқ собиқ вазир Петро айнан қайси “наркотик воситага қарам” бўлганини очиқламади. Лейва президентни ундан “фойдаланаётган, оғир аҳволидан наф кўраётган ва ўта катта зарар етказган ҳамда етказишда давом этаётганлардан” узоқлашишга чақирди.
Бундай одамлар қаторида собиқ вазир амалдаги ташқи ишлар вазири Лаура Сарабия, ички ишлар вазири Армандо Бенедетти ва президент сайловолди кампаниясининг собиқ раҳбари, ҳозирда давлат назоратидаги Ecopetrol нефть компаниясини бошқараётган Рикардо Роани тилга олди.
Колумбия президенти бу айбловларни туҳмат деб атади ва Францияга расмий ташриф билан келганини, сафар давомида уни доимий равишда француз махсус хизмати қўриқлаган бўлса-да, оиласи билан ҳам учрашганини айтди.
Парижда икки кунни ўтказиш учун ушбу хат муаллифидан (Лейвани назарда тутмоқда) кўра қизиқроқ боғлар, музейлар ва кутубхоналар йўқми? Парижда деярли ҳамма нарса қизиқроқ. Парижда менинг (собиқ вазирдан ташқари) қизларим ва набираларим йўқми? деб ёзди Петро.
Собиқ вазир 82 ёшда. У деярли икки йил давомида Петро ҳукуматида Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган ва кўпинча унга хорижий сафарларда ҳамроҳлик қилган.
Financial Times газетаси ёзишича, президентнинг беқарорлиги узоқ вақтдан бери Колумбиянинг дипломатик ва сиёсий доираларида мунозара мавзусига айланган. Нашр таъкидлашича, Колумбия раҳбари ижтимоий тармоқларда, айниқса тонг палласида, узун ва мантиқсиз постлар ёзиши билан танилган.
Изоҳ (0)