Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга йўл олган хориж фуқароси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, текширув жараёнида унинг қўл юклари орасида декларацияланмаган ва божхона ходимига маълум қилинмаган XVIII асрга тегишли 1 дона қадимий ҳайкалча ҳамда 1 дона қадимий обдаста борлиги аниқланди.
Шунингдек, “Термиз аэропорт” чегара божхона пости орқали хорижга учиб кетаётган фуқаронинг қўл юклари ичидан 1 дона сарғиш-қизғиш рангдаги, юзасида тасвир ва лотин тилидаги ёзувлар мавжуд бўлган, ХIX асрга оид танга борлиги аниқланди.

Ҳозирда ашёвий далиллар Термиз археология музейига топширилган бўлиб, ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар мамлакатдан олиб чиқиб кетилмайди.
Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетаётган фуқаронинг қўл сумкаси текширилганда, унинг ичида қадимий тангалар ва қуйма олтин бўлаклари борлиги аниқланганди.
Шунингдек, Бухорода тарихий тангалар ва кўкрак нишонларини яширинча Россияга олиб кетаётган шахс ушланганди.
Изоҳ (0)