Meduza нашри Москвадаги Губкин университетининг Тошкент филиали талабаси мурожаатини эълон қилиб, дарсдаги маърузада талабаларга махсус ҳарбий операция ва Россия Федерациясининг жасур қўшинлари ҳақида сўзлаб берилганини баён қилди.
Ўзбекистон фуқароларининг ёш авлодига ҳам уруш таъсир қилди. Энди ҳар ҳафта университетда бизга маърузалар ўқишмоқда, уларда кекса авлод вакили “СВО” (махсус ҳарбий операция) ва Россия Федерациясининг жасур қўшинлари ҳақида сўзлаб беради. Мен ҳануз дин ишлари бўйича марказ ходимининг иқтибосини эслайман: “Мен қадимги православ рус маданиятининг ташувчиси сифатида Россия Федерацияси қўшинлари сатанистларга қарши курашаётганини таъкидлайман”. Бу — сафсата, бу — бемаънилик. Украинадаги урушга биз — мустақил Ўзбекистон ёшларининг қандай алоқамиз бор?”, — дейилади мазкур мақоладаги чиқишда.
Россия давлат нефть ва газ университети (МТУ)нинг Тошкент шаҳридаги филиали бунга муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни айрим ижтимоий тармоқлар ва онлайн нашрларда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (МТУ) Тошкент шаҳридаги филиали талабасининг мурожаати эълон қилинди. Мазкур мурожаат юзасидан филиал маъмурияти томонидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилди. Мурожаатда номи тилга олинган шахс филиал талабалари таркибида мавжуд эмаслиги аниқланди. Шунингдек, мурожаатда келтирилган дарс жараёнларидаги “тарғибот ишлари” ҳақидаги маълумотлар асоссиз эканлиги, яъни улар ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди. Филиалда таълим жараёни белгиланган ўқув режаси ва фанлар дастури асосида ташкил этилган, дейилади филиал баёнотида.
Филиал ОАВ билан ишлашга тайёр эканини, журналистларга олаётган маълумотларига аниқлик киритишга тайёрлигини билдирган.
Филиал маъмурияти оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка доимо тайёр эканини маълум қилади. Шунингдек, ОАВ ва жамоатчилик вакилларидан тасдиқланмаган, бир томонлама маълумотларни тарқатмасликни ва расмий манбаларга таянишни сўраймиз, — дейди масъуллар.
Изоҳ (0)