Ўзбекистонда айрим давлат олий таълим муассасалари хусусий университетларга қўйилган талабларга жавоб бера олмаяпти. Бу ҳақда адвокат Хайрулло Қосимов Telegram каналида таҳлилий мақола эълон қилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий сайти маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистондаги барча ОТМларида жами 968 минг нафар талаба (бакалавр ва магистр) таълим олган. Профессор ўқитувчиларнинг умумий сони 34 минг 539 нафарни ташкил этган. Бу 28 нафар талабага бир нафар ўқитувчи тўғри келади дегани. Хусусий ОТМларга эса 12–16 нафар талабага бир нафар ўқитувчи бўлиши кераклиги шарт қилиб қўйилган.
“Демак, 2023 йилда барча ОТМларидаги ўртача миқдор хусусий ОТМ учун белгиланган шартни бажара олмайдиган ҳолатда бўлган”, — деб ёзади Хайрулло Қосимов.
Адвокат таҳлилига кўра, 2023 йилда республикадаги ОТМларининг ўқув бинолари қуввати 395 минг 433 нафар талабага мўлжалланган бўлиб, жами талабалар сони бу қувватга нисбатан 2,45 баравар ортиб кетган.
“Мазкур кўрсаткич хусусий ОТМлари учун икки баравардан ортиб кетмаслиги белгиланган. Демак, 2023 йилда барча ОТМларидаги ўртача миқдор хусусий ОТМлари учун белгиланган шартни бажара олмайдиган ҳолатда бўлган”, — дея фикр билдирган Хайрулло Қосимов.
“Айрим давлат ОТМлари мисолида ҳам ўрганиб кўриш мумкин. Масалан, Наманган давлат университетида 2023 йил 1 май ҳолатига 28 минг 547 нафар талабага асосий штатда 735 нафар профессор–ўқитувчилар дарс берган. Бунда 38,84 нафар талабага битта ўқитувчи тўғри келади. Демак, НамДУ хусусий ОТМлар учун белгиланган 12–16 нафар талабага 1 штат бирлиги бўлиши кераклиги ҳақидаги талабни бажара олмаган. Илмий салоҳият 33,5 фоиз бўлиб, хусусий ОТМларининг бакалавриатига 35 фоиз, магистратура босқичига 60 фоиз илмий даража бўлиши кераклиги ҳақидаги шартини ҳам бажара олмаган. Ўқув бинолари қуввати 8 минг 787 талабага мўлжалланган, бироқ университетда 28 минг 547 нафар талаба таҳсил олган. Бунда жами талабалар сони бинолар сиғимига нисбатан 3,25 баравар ортиб кетган. Демак, хусусий университет ОТМлар учун белгиланган 2 баравардан ортиб кетмаслик шартини ҳам бажара олмаган.
Таълим олувчилар турар жойи 1 минг 594 та ўринга эга бўлгани ҳолда 18 нафар талабага битта турар жой тўғри келган. Демак, 2023 йилда НамДУ вилоятларда ҳар 10 нафар талабага битта турар жой бўлиши ҳақидаги хусусий ОТМлар учун белгиланган талабни ҳам бажара олмаган”, — деб масалани таҳлил қилади адвокат.
Хайрулло Қосимовнинг ёзишича, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 2023 йил I ярим йиллик ҳолатига 24 минг 338 нафар талабага 790 нафар профессор–ўқитувчилар дарс берган. Бунда 30,8 нафар талабага битта ўқитувчи тўғри келади. Мазкур кўрсаткич билан ҳам университет хусусий ОТМлар учун белгиланган 12–16 нафар талабага 1 штат бирлиги бўлиши кераклиги ҳақидаги талабни бажара олмаган. Университет илмий салоҳият 52 фоизлиги учун хусусий ОТМларининг бакалавриатига 35 фоиз, магистратура босқичига 60 фоиз илмий даража бўлиши кераклиги ҳақидаги шартини бажариши мумкин бўлган.
“Университетда 24 минг 338 нафар талаба таҳсил олса, ўқув бинолари сиғими 7 минг 288 нафар талабага мўлжалланган. Бунда жами талабалар сони бинолар сиғимига нисбатан 3,34 баравар ортиб кетган. Демак, хусусий ОТМлар учун белгиланган талабалар сони бино сиғимига нисбатан 2 баравардан ортиб кетмаслиги ҳақидаги шартни ТДПУ бажара олмаган. Таълим олувчилар турар жойи 2 минг 151 та ўрин қувватига эга бўлгани ҳолда 11,3 нафар талабага битта турар жой тўғри келган. Демак, ТДПУ Тошкент шаҳрида ҳар 5 нафар талабага битта турар жой бўлиши ҳақидаги хусусий ОТМлар учун белгиланган талабни ҳам бажара олмаган”, — дея қайд этган адвокат.
Хайрулло Қосимов бундан аввалги постида давлат ва хусусий ОТМлар учун алоҳида қоидалар ишлашига ҳам урғу берган.
“Улар тенг ҳуқуқли эмас. Давлат ОТМлари хусусий ОТМларга нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан яхшироқ ҳимоя қилинган. Бу ҳолат конституциямизнинг 65-моддасига зид. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгиланган. 2023 йилда талабларни (давлат ОТМлари ҳам бажара олмайдиган) бажара олмади деган важ билан бир нечта хусусий ОТМларнинг лицензияси бекор қилинган. Давлат ОТМлари ва хусусий ОТМларга қўйилган талаблар тенглаштирилиши керак. Талаблар тенглаштирилгунга қадар хусусий ОТМларнинг давлат ОТМларига нисбатан аҳволини оғирлаштирадиган талаблар конституцияга зид деб топилиши ва қўлланмаслиги шарт”, — дея хулоса қилган адвокат.
Аввалроқ Наманган вилоятидаги “НАМХУ ОТМ” МЧЖ нодавлат олий таълим ташкилоти ҳамда Valley innovative university нодавлат олий таълим муассасаси фаолияти лицензияси талабларига жавоб бермагани учун бекор қилинганди.