Мамлакат олий таълим муассасаларида талабаларнинг 3–7 фоизи фанларни етарлича ўргана олмаяпти. Оқибатда улар курсни қайтадан ўқишга мажбур. Бу ҳақда 26 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент директори Абдували Холиқов маълум қилди.

Абдували Холиқовнинг айтишича, дарсларни ўзлаштира олмаган талабалар ўқишдан ҳайдалмайди. Уларга кейинги йилдан қолдирилган курсида қайтадан ўқиш имкони берилади.
“Дарсларни ўзлаштирмаган тақдирда талабани тўлиқ курсда қолдириш белгиланган. У талабалик сафидан чиқарилмайди, фақатгина курсда қолдирилади. Кейинги йил қолдирилган курсидан ўқишни давом эттиради. Республика бўйича олий таълим муассасаларининг 3–7 фоиз талабаларига шундай чора кўрилади. Бу аввалги тизимдаги каби талабани жазолаш учун белгиланган. Лекин ҳозирда талабага ўқишни қайта тиклаш енгиллаштирилган.
Талаба ариза бериб ўтирмасдан, тўғридан тўғри буйруқ асосида, бир йиллик муддат келгандан кейин ўқишни автоматик давом эттириши учун курсда қолдириш тизими йўлга қўйилган. Амалда талабалар сафидан четлаштириш тартиблари 393-сонли қарорда белгиланган. Масалан, агар талаба кўп дарс қолдирса, шундай чора кўрилиши мумкин. Ҳужжатда қанча дарс қолдирса, огоҳлантирилиши ва талабалик сафидан чиқарилиши кўрсатилган ёки талабанинг ўз хоҳиши билан талабалик сафидан четлаштириш мумкин. Яна бир неча салбий ҳолатларда шундай чора кўрилади”, деди вазирлик масъули.
Аввалроқ ўзлаштириш кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлган айрим тоифадаги талабаларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилиши маълум қилинганди.
Изоҳ (0)