2024 йилнинг 5 декабрь куни Тошкент вилоятидаги ишлаб чиқариш корхонаси маъмурий-хўжалик биносида газ портлагани ҳақида хабар берилган эди. Ҳодиса оқибатида 1 нафар фуқаро вафот этган, 6 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Бироқ маълум бўлишича, корхона газ тармоғига уланмаган, хоналар электр печлари орқали иситилган. Хўш, унда портлашга нима сабаб бўлган? “Дарё” мухбири воқеа жойида бўлиб, тафсилотларни ўрганди.
Маҳалланинг ўзига хос номи
“Дарё” мухбири ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида Ўрта Чирчиқ туманида бўлди. Воқеа туманнинг “Ким Пен Хва” маҳалласида содир бўлган.
Ўрганиш давомида ҳудуднинг ўзгача номда эканлиги эътиборимизни тортди. Ўзбек, корейс, дунган ва бошқа миллатга мансуб уч мингга яқин фуқаро истиқомат қилувчи маҳалла номи бир вақтлар ушбу ҳудуддаги ширкат хўжалигига 35 йил раислик қилган Ким Пен Хва номига қўйилган.
Маҳаллада таълим муассасалари билан бир қаторда ўнлаб катта ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд экан.
Портлаш Қутб юлдузи кўчасида жойлашган қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқарувчи корхонада юз берган.
Ҳеч нарсадан хабари йўқ қоровул
Корхонага борганимизда дарвоза қулф эди. Шундай бўлса-да, кимдир бўлса керак деган умидда эшикни тақиллатдим. Бир оздан сўнг ёши олтмишдан ўтган отахон чиқиб, ким ва нима кераклигини сўради. Ўзимни таништириб, мақсадимни айтганимдан сўнг ҳеч нарса демасдан дарвозани қулфлаб, кириб кетди. Шундай бўлса-да, кимнингдир келиши ёки чиқишини кутишга қарор қилдим.
Ярим соатлар ўтгач, корхонадан Damas’да уч-тўрт киши чиқди. Савол бергунимга қадар кетиб қолишди. Қоровул эса бинони қулфлаб, қаергадир кетишга шайланди. Ортидан борарканман, саволларимга жавоб олишга интилдим.
“Мен ҳеч нарса билмайман. Билганим: кечқурун бу ерда ишчилар қолади. Ўша куни уйда ўтирсам, ташқарида нимадир портлагани эшитилди. Югуриб чиқдим. Қарасам, бизнинг корхонада портлаш бўлган экан. Нима бўлганини билмайман. Шуни айта оламан, холос. Қолганини раҳбарлардан сўранг. Улар ё прокуратурага кетишган ёки шифохонада бўлиши мумкин”, деди қоровул.
Газ қувури ер остидан ўтган
Ўрганишлар давомида ҳодиса “Ултра Оргин Бетон” масъулияти чекланган жамиятига тегишли корхонада юз бергани аниқланди. Интернетдаги мавжуд очиқ маълумотлар орқали масъуллар билан боғланилди.
Телефон орқали суҳбатда ўзини бино эгаси дея таништирган Баҳриддин Рауповнинг айтишича, ҳудудга ўн йилдан буён эгалик қилиб келади. Шу муддат ичида ҳудуд ва унинг атрофида газ қувури ўтганидан бехабар бўлган.
“Ўн йилдан буён шу ерга эгалик қилиб келаман. Бу жой ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Тўрт йилдан ошди бу ердан “Ултра Оргин Бетон” МЧЖ (очиқ маълумотларга кўра, жамият таъсисчиси Рауповнинг ўзи) ижара асосида фойдаланиб келади. Жамият томонидан қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун газ керак эмас, шу сабабли корхона учун газ уламаганмиз.
Ишчилар ётадиган хонада электр иситкичлар ва ювиниш учун “аристон” бор эди. Бошқа ҳеч нарса бўлмаган.
Бир вақтлар бу ерда ҳаммом бўлган экан. Ўшанда газ ерости қувури орқали ўтказилган. Бино ҳудудидаги қувурлар фойдаланилмагандан кейин чириб кетган. Лекин асосий қувурдан келувчи жойи кесиб ташланмаган. Бинога 10-15 метр яқинликда бўлган қувур тешилиб, газ сизиб чиққан. Ер тагида бўлганлиги учун газ мавжуд тешиклар орқали йўл топиб, бино ичига тўпланиб қолган. Болалардан бири туриб, электрни ёққанида портлаган.
Тумангаз идорасидагилар бу ердан қувур ўтганини яхши билишаркан. Кеча келишиб, белгиланган жойни ковлашди”, дейди Баҳриддин Раупов.
Бетон босиб қолган ишчилар
Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг Қабул бўлимига борганимизда жарроҳлик бўлимига ташриф буюриб, қабулхонага жабрланувчилар билан учрашмоқчилигимизни айтганимда бунинг учун бўлим бошлиғи Неъматжон Арслоновнинг рухсати кераклигини билдиришди.
“Кеча 6 нафар бемор олиб келинган, шундан тўрт нафари айни пайтда бўлимимизда даволанмоқда. 2 нафари Тошкент шаҳридаги шифохоналарга ўтказилган. Беморларимизнинг ҳолати барқарор, асосан кўкрак қафасида озгина лат ейиш жароҳатлари бор. Барча тиббий муолажалар кўрсатиляпти. Уч-тўрт кундан сўнг рухсат берилади”, дейди Неъматжон Арслонов.
Бир соатлик кутишдан сўнг беморлар Оқил Холбоев, Рашид Ҳабибулин ва Умиджон Исаевлар билан учрашиб, саволларга жавоб олишга рухсат олинди.
“Бу ерда оғайним ва унинг қариндоши ишлайди. Ўша куни тунда учаламиз Сурхондарёдан келгандик. Ярим тунда етиб келганимиз сабабли шу ерда қолиб, кун ёриши билан Чотқолга кетишни режа қилдим. Энг кечи ўзим ухлаганман. Шунда ҳам ҳеч қандай газ ҳиди сезилмаган. Афсуски, эрталаб кўзимни очганимда шу ҳолат юз бериб, бино қулаб тушган экан. Ётоқ ўрнимиз икки қаватли эди, мен тепада ётардим. Пастда ётган дўстимнинг қариндоши девор бетон қулаб тушиши оқибатида вафот этган”, дейди Оқил Холбоев.
“Олдин бир ишлаб кетган эдим. Яна чақиришганига уч кун олдин келгандим. Корхонада техникалар ҳолатига қараб юраман. Масофа узоқ бўлгани учун ишни тугатгач, шу ернинг ўзида қолардик. Хонани иситиш учун электр печка ёқиб қўйилади. Шу кунгача табиий газ борлигидан бехабар эдим. Чунки овқат ҳам ташқарида ўчоқда қилинарди.
Воқеа юз берган куни ухлаб ётган эдик, бирдан портлаган овоз эшитилди. Кўзимни очиб қарасам, оёғим устида бир киши ётибди, атрофни кўриб бўлмайди. Анчадан кейин қоровул келиб, ҳаммамизга ёрдам берди”, дейди Рашид Ҳабибулин.
“Портлашдан кейин ўзимга келганимда нимагадир қисилиб қолганимни ҳис қилдим. Кўзимни очсам, бетон орасига қисилиб қолган эканман. Бино қулаб тушган экан. Хонада уч киши ётгандик, барчамизнинг ҳолатимиз яхши. Лекин қўшни хонадаги болаларнинг биттаси устига бетон тушиши оқибатида вафот этибди”, дейди Умиджон Исаев.
Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Рустам Алимовнинг айтишича, ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бош бошқармаси ва прокуратураси томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Воқеа юз берганига бир ҳафта бўлди. Афсуски, портлаш сабабларини ўрганиш якунлари юзасидан ҳалигача тегишли идоралар томонидан қўшимча маълумотлар берилмади.
Изоҳ (0)