16 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Нидерландиянинг барча аҳолисини ўлимга ҳукм этган инквизиция, Тайванда уйлар устига қулаб тушган самолёт ҳамда Тошкентни ларзага келтирган терактлар сериясига оид фактлар ўрин олган.
Нидерландиянинг барча аҳолисини ўлимга ҳукм этган инквизиция
1568 йил 16 февраль куни испан инквизицияси Нидерландиянинг барча аҳолисига ўлим ҳукмини чиқарган эди. Натижада махсус тузилган кенгаши 18 мингдан ортиқ фуқарони дорга осган ва гулханга ташлаган.
Инквизиция — Рим папаси Иннокентий III томонидан 1215 йилда асос солинган католик черковининг махсус суди. Черков трибуналига насроний дини талабларидан чекинган бидъатчиларни топиш, жазолаш топширилган. Ушбу институт 1478 йилда ўзининг энг юқори чиққан бўлиб, ўша даврда испан инквизициясига асос солинган.
Айрим маълумотларга кўра, испан инквизициясининг ўзи гулханда ёқиш, тириклай кўмиш ёки дорга осиш орқали 1,5 мингдан ортиқ инсонни ўлдириб юборган, яна 90 минг фуқарони мол-мулкидан маҳрум қилган. 1568 йил 16 февралда эса Нидерландиянинг бутун аҳолисини ўлимга ҳукм этган.
Император Карл V томонидан 1522 йилда Нидерландия ҳам Муқаддас Рим империяси таркибига киритилган бўлиб, у ерда ҳам Испаниядаги каби инквизиция ўрнатилган эди. Мамлакат тўғридан тўғри монархия назорати остида бўлган ва нафақат яҳудий ва мусулмонларни, балки протестантларни, кейинроқ атеист ва масонларни ҳам таъқиб қилган. У вақтларда инквизиция кўпчиликка маълум бўлган жодугарларни овлаш билан шуғулланмаган, чунки уларнинг мавжудлигини исботлашга етарлича далиллар келтира олмаётганди.
Ушбу даврда Нидерландиянинг асосий аҳолисини католиклар ташкил этган, шу сабабдан инквизиция уларнинг ҳаёт тарзига жиддий таъсир ўтказмаган. Карл V тахтдан воз кечиб, ҳокимият унинг ўғли — Филипп II га ўтгунига қадар барчаси яхши бўлган. Халқ Филиппни қаттиқ чекловлар, ҳаддан ортиқ юқори солиқлар, бадавлат тужжорларнинг қувилиши сабаб ёмон кўриб қолган, 1565—1567 йилларда эса юз берган қўзғалонларда ҳатто баъзи дворянлар ҳам иштирок этган.
Қирол ўз фуқаролари билан пачакилашиб ўтирмаган ва уларнинг олдига энг яхши ҳарбий саркардаларидан бири герсог Альбани юборган. У инквизиция гулханининг янада шиддатли ёнишини таъминлаган — арзимаган талабга бўйсунмаганлар ҳам оловга отилган. Аммо ҳукуматга бу ҳам кам эди, улар бутун Нидерландия аҳолисини — 3 миллион кишини ўлимга маҳрум этиш бўйича қарор чиқаради. Филипп II томонидан имзоланган меморандумда икки кишидан ташқари, барча бидъатчи ва давлатга хиноятда айбдор деб топилган. Ҳеч нарса қилмаган фуқаролар эса қолган юртдошларини йўлдан қайтармаганликда айбланган.
Халқ учун “Тартибсизлик ишлари бўйича кенгаш” тузилган. Мамлакатда оммавий қатллар бошланган, одамларнинг бир қисми Германияга қочиб кетган. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, олти йил давомида кенгаш камида 18,6 минг кишини осиш ва ёқишга буйруқ берган. Бутун маҳаллий аҳолини қатл этишга ҳукуматнинг кучи етмасди.
Нидерландиядаги испан инквизицияси мамлакатнинг протестант ва католикларга бўлиниб кетишига олиб келган инқилобнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Инвизиция 1564 йилда тугатилган. Ҳужжатларда эса дунё ундан 1834 йил 15 июлга келиб қутулган — ўшанда вояга етмаган қиролича Изабелла II ўрнига регент Мария Кристина Бурбон-Сицилийская шундай қарорни имзолаган эди.
Тайванда уйлар устига қулаган самолёт
Бундан 25 йил олдин Тайван самолёти аэропорт яқинидаги турар жой биноларига қулаб, барча йўловчилар, экипаж ва ердаги фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлганди.
1998 йил 16 февраль куни Чина Airлинес авиакомпаниясининг Airbus А300 самолёти Балидан CИ676 рейсини амалга ошираётган эди. Бортда 14 нафар экипаж аъзоси ва 182 йўловчи бўлган — фуқароларнинг деярли барчаси дам олишдан уйига қайтаётган Тайван фуқаролари эди. Экипажга 49 ёшли Лин Кан Лон командирлик қилган. У Чина Airлинесъда саккиз йилдан бери ишлаб, 7 минг соатдан ортиқ парвозларни амалга оширганди. Иккинчи учувчи 44 ёшли Сзян Дер-Шен бўлиб, у авиакомпанияда 1996 йилдан бери 3,5 минг соат парвозни амалга оширган эди.
Самолёт Денпасар шаҳрида ҳавога кўтарилган ва Тайван пойтахти Тайбей томон ҳаракатланган. Шаҳарда туман ва ёмғирли об-ҳаво эди. Чан Кайши номидаги аэропортга етиб келган самолёт қўнишга шайланган, бироқ кўрувчанлик ёмон бўлгани боис буни биринчи уринишда амалга оширишнинг имкони бўлмаган. Маҳаллий вақт билан соат 20:05 да самолёт иккинчи айланишни амалга оширган.
Самолёт баландликка кўтарилган, бошқарув қўлда амалга оширилган. Аммо учувчилар тумшуқ қисми тез кўтарилган лайнер бошқарувини қўлган чиқарган. Самолёт 838 метр баландликка чиққанида, оғиш бурчаги 42,5 даражага етган, кўтарма куч эса деярли нолга тушиб кетган.
Самолётнинг тумшуқ қисми ерга йўналиб, соат 20:09 да маҳаллий ҳудудга қулаган. Ҳаво кемаси портлаб кетган, унинг бакидан оққан ёнилғи алангани юзага келтириб, уларни қамраб олган. Йўловчилар ва экипаж аъзоларидан ташқари яна 6 нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган. Кейинроқ вайроналар остидан тирик топилган болакай ҳам вафот этган. Ҳалокат жами 203 кишининг умрига зомин бўлганди.
“Етти нафар хорижлик ҳалок бўлди”, — деган эртаси куни авиакомпания матбуот хизмати. Уларнинг беш нафари АҚШ фуқаролари эди. Янгиликларда журналистлар бутун ҳудудга сочилиб кетган инсон жасадлари ҳақида гапирган. “Уй ичида одамлар бор эди, бироқ уларнинг барчаси ҳалок бўлди”, — деган маҳаллий аҳолидан бири.
Бу Airbus А-300 самолётининг бир неча йил ичида тўртинчи маротаба ҳалокатга учраши эди. Тайвандаги ҳалокатдан беш ой олдин худди шу каби самолёт Индонезияда қулаб, 200 дан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлганди. Бундан олдин 1994 йилда Японияда ва 1992 йили Покистонда ҳам Airbus А-300 самолётлари билан кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлган.
Ишлаб чиқарувчи компаниянинг расмий вакиллари ҳалокатлар ва самолётлар конструксиясида бирор боғлиқлик борлигини рад этган ва парвознинг энг хавфли қисми эканини билдирган. АҚШ авиациясининг мансабдорлари эса бу вақтда автопилотнинг ишидан хавотирланган.
“Airbus автопилотларининг созланиш тизимида муаммолар бор эди. Аммо ҳалокатга бу сабаб бўлган-бўлмаганини аниқлай олмаймиз”, — деган Массачусец технология университети профессори Жон Хансман.
Самолётнинг қулаши бўйича қўзғатилган иш икки йил давом этган. Натижада комиссия қуйидаги хулосага келган: самолёт қўнишга иккинчи маротаба уринганида учувчи автопилотни ўчириб қўйган, бироқ у буни унутган бўлиши мумкин. Шу сабабли экипаж иккинчи айланишни амалга ошириш буйруғини олганида, у барчасини автопилот бажаради дея бирор ҳаракатни амалга оширмаган. Натижада самолёт 11 сония давомида мутлақо бошқарувсиз қолган. Охирги дақиқаларда уни тўғирлашга бўлган уриниш фойда бермаган.
Бундан 24 йил аввал Тошкентни ларзага келтирган терактлар
Бундан 24 йил муқаддам — 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда кетма-кет беш портлаш юз берган эди. Ушбу қўпорувчилик ҳаракатлари Ўзбекистон раҳбарияти ҳаёти ва амалдаги конституциявий тузумга тажовуз деб баҳоланган.
Ўша куни Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган — 1998 йилдаги иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган мажлиси ўтказилиши керак эди. Дастлаб, мажлис бошланиши арафасида Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида президент қўриқлаш хизмати ва жангарилар ўртасида отишма юз берган.
Отишмадан кўп ўтмай, бирин-кетин портлашлар юз бера бошлаган. Илк портлаш соат 10:40 да Юсуф Хос Хожиб кўчасида, республика Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида юз берган — портловчи ускуна ўрнатилган ZAZ-968М (“Запорожец”) автомобили портлаб кетган.
Соат 10:55 да Шароф Рашидов кўчасида, “Мустақиллик майдони” метро бекатидан 20 метр масофада иккинчи портлаш юз берган — бу ерда ҳам портловчи ускуна ўрнатилган “Запорожец” портлатилган.
Орадан уч дақиқа ўтиб Вазирлар Маҳкамаси биноси бурчаги олдида ГАЗ-21 “Волга” автомобили портлаган — бу кетма-кет портлашларнинг учинчиси эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, президент Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамаси биноси олдига етиб келган ва шу ернинг ўзида телевидение орқали халққа мурожаат қилган.
Айнан халққа мурожаат йўлланаётган вақтда, соат 11:20 да Юнусободдаги Миллий банк биноси ёнида тўртинчи портлаш амалга оширилган — ушбу ҳолат президент Ислом Каримовнинг интервьюсида ҳам акс этган. “Запорожец” автомобилига ўрнатилган портловчи ускунанинг ҳаракатга келтирилиши оқибатида 23 қаватли банк биносига зарар етган, унинг ойналари синиб кетган эди.
Сўнгги, бешинчи портлаш соат 12:00 да Абдулла Қаҳҳор кўчасида, яҳудийларнинг “Сохнут” агентлиги яқинида жойлашган хусусий ҳовлининг гаражида юз берган.
Ушбу терактлар серияси оқибатида 13 киши (айрим манбаларга кўра, 16 киши) ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ фуқаро тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. Ҳалок бўлганларнинг бир нафари ИИБ ходими эди. Ҳукуматнинг ўша кунги мажлиси Олий Мажлис биносига кўчирилган. Ўшанда чиқиш қилган президент Ислом Каримов уни бундай терактлар билан қўрқитиб ёки ўзгартириб бўлмаслигини таъкидлаган эди.
2021 йил июлда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорлиги юзасидан судланган 5 нафар шахсга оқлов ҳукми эълон қилинганди.
Оқланган 5 нафар фуқарога 1999 йилда 3 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган эди. 1999 йилда ўтган суд ҳукмидан норози бўлган 5 нафар шахс орадан 22 йил ўтиб судга аппеляция шикояти билан мурожаат қилган. Ўша йили уларга Жиноят кодексининг 208-моддаси, яъни ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни давлат органи мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслиги бўйича айблов қўйилган.
Шунингдек, улар 1999 йилда Ўзбекистон Президентининг “9 май Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия фармонини 2-моддаси татбиқ этилиб, тайинланган жазони ўташдан озод қилинган.
2022 йил февралда эса Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида 16 февраль кунги портлашларга алоқадор шахсга нисбатан суд ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми ўқилганди.
Жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Б.Бердиев раислигида кўриб чиқилган. Судланувчи Ж.Й. (1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм), 159-моддаси (Ўзбекистон республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161-моддаси (қўпорувчилик), 164-моддаси (босқинчилик), 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон республикасига кириш), 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш) ҳамда 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
53 ёшли ушбу шахсга нисбатан узил-кесил ўташ учун 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Жиноятчи ҳақида
1969 йил Тошкент вилоятида туғилган ушбу шахс 1998 йилнинг бошларида Чеченистонга бориб, иорданиялик Амир Хаттоб томонидан ташкил қилинган жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган ва ўша йилнинг охирларида Афғонистондаги “ТИҲ” халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.
1999 йилнинг январь ойида ташкилот етакчиларининг кўрсатмаси билан у айланма йўллар орқали Тошкент шаҳрига келиб, бадавлат одамларнинг уйларида босқинчиликларни амалга оширган ҳамда уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб, Афғонистондаги “ТИҲ” етакчиларига юборган.
Мазкур шахс 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида ҳам иштирок этгани айтилмоқда. Шунингдек, у 1998—2006 йилларда хорижий давлатлардаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашган.
Ушбу шахс ДХХ томонидан ушланиб, 2021 йилнинг сентябрь ойида мамлакатга олиб келинган.
Изоҳ (0)