Россия Шарқий Европадаги давлатлардан бирига ҳужум қилган тақдирда Буюк Британия қуролли кучлари уларни ҳимоя қилиш учун ҳатто “бугун кечқурун” ҳам жанговар ҳаракатларни бошлашга тайёр. Бу ҳақда Британия мудофаа штаби бошлиғининг ўринбосари, генерал-лейтенант Роб Магован маълум қилди.
Агар Британия армиясидан бугун кечқурун жанг қилиш сўралса, у шак-шубҳасиз жангга киришарди. Менимча, бу залдаги ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керакки, агар руслар бугун кечқурун Шарқий Европага бостириб кирсалар, биз улар билан жангда тўқнаш келамиз, деди Роб Магован Жамоатлар палатасининг мудофаа қўмитасида.
Шу тариқа у парламент аъзоларининг Россия томонидан жиддий кескинлик юзага келган тақдирда Буюк Британия НАТОнинг шарқий қанотига ташлаши мумкин бўлган бригадалар сони ҳақидаги саволига жавоб берди.
Магован 2024 йил март ойида Буюк Британия захиралар ва ўқ-дориларнинг етишмаслиги туфайли Россияга қарши можарода икки ойдан ортиқ вақт давомида якка ўзи туриб бера олмаслигини айтганди. Мудофаа вазири Грант Шаппс эса бундай эҳтимолий тўқнашувда Буюк Британия НАТОнинг бошқа аъзолари билан ҳамкорликда иштирок этишини таъкидлаган.
Расмий маълумотларга кўра, Британия армиясида 72 510 нафар профессионал ҳарбий хизмат қилмоқда. Бу Наполеон урушлари давридан бери рекорд даражадаги паст кўрсаткичдир, деб ёзмоқда The Telegraph. Business Insider’нинг ёзишича, Британия армияси ҳозирда Руминия ва Бангладеш қуролли кучларидан камроқ, Канада ва Арманистонникидан эса кўпроқ.
Изоҳ (0)