Сўнгги кунларда Исроил ва Эрон ўртасида кескинлашган ҳарбий қарама-қаршилик Исроилнинг кўп йиллардан буён фахр билан намоён этиб келган ҳаво мудофаа тизимларининг имкониятлари ва чегараларини синовдан ўтказмоқда. Айниқса, Эроннинг узоқ масофали ва гипертовушли ракета ҳужумлари фонида, халқаро жамоатчилик орасида бир савол долзарб бўлиб турибди: нега “Темир гумбаз” (Iron Dome) Эрон ракеталарини қайтара олмаяпти? Қуйида шу ҳақида сўз юритамиз.

Эрон қандай ракеталар учирмоқда?
Эронлик расмийлар Исроилнинг Тель-Авив ва Ҳаифа шаҳарларига қилинган сўнгги ҳужумларда максимал тезликка эга гипертовушли ракеталар ишлатилганини айтмоқда. Ракеталар сони ва кучи жиҳатидан бу ҳужумлар уруш бошланганидан бери энг вайронкор бўлгани таъкидланмоқда.
Айрим маълумотларга кўра, Эрон ўзининг “Имод”, “Қадр” ва “Хайбар Шакан” каби баллистик ракеталари билан Исроилга зарба бермоқда.
“Имод” — баллистик ракетаси Эрон томонидан 2015 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, учиш масофаси — 1,700 км ни, нишондан адашиш радиуси эса 10 метрни ташкил қилади. Ракета ўзи билан 750 кг ядровий ёки шу миқдорга тенг оғирликдаги конвенсионал жанговар каллак билан уча олади.
Ушбу ракета “Шаҳаб-3”дан фарқ қилиши учун унинг бурун қисми янги конусли дизайн асосида ишланган. Ўзгартирилган бурун тузилмаси жанговар каллакнинг нишон устида баландликда портлашини таъминлайди. Бу эса ракетани ҳаво орқали кимёвий, биологик ёки ядровий портлашлар, шунингдек, ядровий электромагнит импулс (EMP) ҳужуми учун янада мослаштиради.
Мазкур ракета 2015 йил 11-октябрь куни бригада генерали Ҳусайн Диҳғон томонидан тақдим этилган. “Имод” ракетаси янгича ишлаб чиқилган атмосферага қайтиш босқичи учун мўлжалланган блок (reentry vehicle) билан жиҳозланган бўлиб, илғор йўналтириш ва бошқарув тизимига эга. Бу уни Эроннинг аниқ нишонга йўналтириладиган илк ўрта масофали баллистик ракетаси (IRMB)га айлантирган.

“Қадр” — баллистик ракетасининг учиш масофаси — 1,600 кмдан 2,000 км гача, нишондан адашиш радиуси эса 200-500 метрни ташкил қилади. Ракета ўзи билан 650-1000 кг оғирликдаги портловчи моддани кўтара олади.
“Қадр” ракетаси “Шаҳаб-3А”нинг такомиллаштирилган версияси бўлиб, “Қадр-101” номи билан ҳам танилган. Бу ракета уч хилда ишлаб чиқарилади: 1 350 км масофага уча оладиган — “Қадр С”, 1 650 км масофага уча оладиган — “Қадр Ҳ” ва 1 950 км масофага учадиган — “Қадр Ф”.
“Хайбар Шакан” — Эроннинг қаттиқ ёқилғида ишлайдиган ўрта масофали баллистик ракетаси, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Аэрокосмик кучлари томонидан бошқарилади.
Ушбу ракета ўрта масофали баллистик ракета бўлиб, 2022 йилда ишлаб чиқарилган. Унинг учиш масофаси — 1,450 км ни, зарба аниқлиги — 30-40 метрни ташкил қилади.
“Хайбар-Шакан” ракетасининг узунлиги — 11,4 метр, диаметри — 76 сантиметрни, оғирлиги эса 6,3 тонна. У ўзи билан 550 кг гача бўлган жанговар каллакни олиб уча олади.

Исроил ҳаво мудофаа тизими
Охирги бир неча кун ичида Эроннинг Исроил шаҳарларига берган ракета зарбалари оқибатида 24 киши ҳалок бўлгани ва тахминан 640 киши яралангани хабар қилинмоқда
Савол туғилади: нега Исроилнинг машҳур “Темир гумбаз” системаси Эрон ракеталарини тутиб қола олмаяпти? Келинг, дастлаб Исроил ҳаво мудофаа тизими қандай ишлашини кўриб чиқсак.
Исроил ҳаво мудофаа тизими уч қисмдан иборат:
Биринчиси, Эрон ракеталарини ҳисобга олган ҳолда махсус ишлаб чиқилган узоқ масофали Arrow (таржима: Ўқ) ракетага қарши мудофаа тизими. Ушбу тизим ракеталарининг ҳар бири бир неча миллион доллар туради. Ва улар Ер атмосферасидан ташқарида ракеталарни тутиб олишга мўлжалланган.
Иккинчиси, ракеталар ва дронларни йўқ қилиш учун мўлжалланган Davidʼs Sling (таржима: Довуд палахмони) тизими деб аталади. У 2017 йилда ишга туширилган. У 40 дан 300 км гача бўлган масофадаги душман самолётлари, дронлари, тактик баллистик ракеталари, ўрта ва узоқ масофали ракета ва қанотли ракеталарни тутиб олиш учун мўлжалланган.
Учинчиси, Ирон Доме (таржима: Темир гумбаз) системаси бўлиб, у қисқа масофали ракета ҳужумларини тўхтатишга мўлжалланган. Тизим 4 км дан 70 километргача масофадан отилган қисқа масофали ракеталар ва артиллерия снарядларини тутиб олиш ва йўқ қилиш учун мўлжалланган.
У Rafael Advanced Defense Systemс ва Israel Aerospace Industries томонидан ишлаб чиқилган ҳаво мудофаа тизими ҳисобланади.

“Темир гумбаз”нинг чегараси нимада?
Энди нима учун “Темир гумбаз” Эрон баллистик ракеталарини йўқ қила олмаётгани ҳақида гапирсак. “Темир гумбаз”нинг ўзи тахминан 4-70 км масофани қамраб олади.
Хабарларга кўра, Эрон Исроилга 180 та гипертовушли ракета учирган. Гарчи Исроилнинг “Ўқ” ҳаво мудофаа тизими кўплаб ракеталарни Исроилга етиб келмасдан атмосферада уриб туширган бўлса-да, кўпчилиги барибир нишонга етиб борди.
Бунинг асосий сабаби — Эрон ракеталарида ракета учирилгандан сўнг ундан ажралиб чиқадиган глайдер қурилмаси (glide vehicle) бўлганида. Ушбу қурилма парвоз чоғида ракетага бир неча бор траекторияни ўзгартира олиш имконини беради. Бу эса Исроилнинг ҳаво мудофаа тизимларини чалғитган.
Шунингдек, ушбу ҳаракат ракетани “Довуд палахмони” тизимига чап беришга ёрдам берган. Ва ниҳоят, “Темир гумбаз” тизими бу каби гипертовушли ракеталар, хусусан “Фаттаҳ-2” моделига қарши курашишга мўлжалланмагани боис, уларга жавоб қайтара олмаган.

Ҳарбий таҳлилчи Сергей Мигдалнинг таъкидлашича, Исроилнинг “Темир гумбаз” тизими бундай узоқ масофали ва мураккаб баллистик ракеталарни тутиб қола олмайди.
“Эроннинг баллистик ракеталари атмосферадан ташқарига чиқиб, у ердан кинетик энергия ҳисобига юқори тезликда пастга тушади. “Темир гумбаз” бундай ракеталарни ушлай олмайди. Бироқ Исроилда бунга қарши ишлатиладиган икки асосий тизим мавжуд — Ўқ ва Американинг THAAD тизими. Айнан улар бундай ракеталарни атмосферанинг юқори қатламида 100 км узоқликда тутиб қолади", деди у.
Шунингдек, таҳлилчи гипертовушли ракеталарни аниқлаш ва йўқ қилиш жуда мураккаб эканини айтиб ўтган.
“Агар бу тизимлар бўлмаганида, Тель-Авив буткул вайрон бўлган бўларди”, дейди Мигдал.

Исроил Мудофаа армияси (СAҲAЛ) матбуот котиби Анна Уколованинг айтишича, Исроил ҳавоси кўп қатламли ҳимоя тизими билан қопланган, аммо бу тизим 100 фоиз кафолат бермайди.
“Исроил ҳарбий саноати ўн йиллар давомида Эронда ишлаб чиқилаётган қуролларни кузатган. Шунга мос ҳолда турли даражадаги ҳаво мудофаа тизимлари тайёрланган. Афсуски, ҳеч қайси тизим тўлиқ ҳимоя беролмайди. Барча ПВО тизимлари ҳозир ишга солинган”, деган у.
Теҳрон расмийларига кўра, “Фаттаҳ” ракетасидан ташқари, Эроннинг қўлида яна тўрт турдаги баллистик ракеталар мавжуд бўлиб, уларнинг учиш масофаси 1,500 дан 2,000 километргача етади.
Исроил ҳаво мудофааси — технологик жиҳатдан дунёдаги энг илғор тизимлардан бири бўлса-да, Эроннинг гипертовушли ва манёвр қила оладиган ракеталари каби замонавий таҳдидларга қарши ҳимоя қилишда ҳажм ва вақт жиҳатидан босим остида қолмоқда.
Изоҳ (0)