Меган Маркл ва шаҳзода Гарри Netflix билан ҳамкорлик доирасида бир вақтнинг ўзида бир нечта лойиҳалар устида ишламоқда. Улардан бири — 1997 йилда автоҳалокатда вафот этган малика Диана ҳаётига бағишланган ҳужжатли фильм бўлиб, у марҳума вафотининг 30 йиллигига бағишлаб суратга олинади, деб ёзмоқда Marie Claire нашри.

Қироллик оиласи учун муҳим бўлган сана — малика Диана ўлимининг 30 йиллигига ҳали икки йил борлигига қарамай, стриминг компанияси кейинги олти ой ичида фильм устида иш бошлаши лозим.
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл жорий йилнинг август бошида стриминг хизмати билан шартномани узайтиргани маълум бўлди, бу эса уларга янада кўпроқ ҳужжатли фильмлар суратга олиш имконини беради. Жумладан, тез орада “Ҳурмат билан, Меган” шоусининг иккинчи мавсуми намойиш этилади, унда герцогиня турли рецептлар, уй-рўзғор сирларини баҳам кўради ва машҳур меҳмонлар билан суҳбатлар ўтказади.
Шунингдек, Меган Маркл мухлислари учун қишки байрамлар арафасида кичик бир совға тайёрланмоқда. Унга кўра, герцогиня Монтеситодаги Рождество тажрибалари билан бўлишади.

Бундан ташқари, Сассекслар жиддий лойиҳалар устида ҳам ишламоқда. Жумладан, Угандадаги ОИВ/ОИТС эпидемиясидан жабрланган етим болаларни тасвирланган “Masaka Kids: A Rhythm Within” ҳужжатли фильми ҳам деярли тайёр бўлган.
Маълумот учун, шаҳзода Гарри Буюк Британия қироллик оиласининг ёш аъзоси бўлиб, Қирол Чарльз III нинг ўғли ва шаҳзода Уилямнинг укаси ҳисобланади. У 1984 йилда туғилган ва қироллик оиласи аъзоси сифатида турли жамоатчилик лойиҳаларида фаол иштирок этган.
Меган Маркл америкалик актриса ва ижтимоий фаол бўлиб, 1981 йилда Лос Анжелес шаҳрида таваллуд топган. У кино ва телевидение лойиҳаларида фаолият юритиб, хайрия ишлари билан ҳам танилган.

Гарри ва Меган 2018 йилда Виндзор қасрида турмуш қуришган. Сассекс герцоги ва герцогиняси сифатида улар қироллик оиласи аъзолари сифатида ҳаёт кечирган, аммо вақт ўтиши билан мустақил ҳаётга ўтиб, Канадага, кейин эса АҚШга кўчиб кетган.
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар кўпинча жамоатчилик эътиборини тортади ва турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Шу билан бирга, улар хайрия ва ижтимоий ташаббусларда ҳам фаол иштирок этади.
Изоҳ (0)