Рўзи Назар — Ўзбекистон тарихининг мураккаб ва баҳсли саҳифаларидан бирида пайдо бўлган шахс. У Совет Иттифоқининг фуқароси бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши вақтида немислар қўлига асир тушган ва кейинчалик Туркистон легионида хизмат қилган.
Уруш поёнига етгач эса у АҚШга ўтиб, йиллар давомида совет мафкурасига қарши фаолият юритган. Баъзилар уни “сотқин” деб билса, бошқалар ватан озодлиги учун курашган “жасур инсон” сифатида кўради. Қуйидаги мақолада Рўзи Назарнинг ҳаёт йўли, тарихий шароитлар ва унга нисбатан баҳсли муносабатлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Болалик ва ёшлик йиллари
Рўзи Назар 1917 йил 1 январда Марғилон шаҳрида ипак савдогари оиласида дунёга келган. Унинг отаси — Жамшид Умирзоқ ўғли бўлиб, оиласи кўп асрлар давомида ипакчилик билан шуғулланган. Онаси эса Қўқон хонлиги даврида машҳур бўлган хонадон қизи эди.
У болалик даврида ўқиш ва ёзишни асосан онасидан ўрганади. Рўзи Назарнинг онаси ўша вақтда минтақада кенг ёйилган жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири бўлиб, араб, форс ва рус тилларини яхши ўзлаштирган оқила аёл эди. Шу туфайли Рўзи Назар болалик давридан жадидчилик руҳияти билан вояга етади.
ХIX асрнинг 20 йилларнинг охирида Совет ҳукумати томонидан олиб борилган миллат ойдинларини йўқ қилиш (қатағон) сиёсати Рўзи Назар оиласини ҳам четлаб ўтмади. 1927 йилда унинг акаси Йўлдош Қори миллатчиликда айбланиб қатл этилади.
Бу вақтда Рўзи Назар эндигина 10 ёшга тўлган эди. Ушбу мудҳиш воқеа унинг онгида Совет тузумига қарши кайфиятни шакллантиради.
Рўзи Назар аввалига Марғилондаги ўрта мактабда, сўнгра Тошкентдаги иқтисод институтида таҳсил олади. Вақт ўтиши билан у Комсомол (Совет Иттифоқи даврида фаолият юритган Коммунистик ёшлар иттифоқи бўлиб, расмий номи “Всесоюзный ленинский коммунистический союз молодёжи” (ВЛКСМ эди — таҳр.)га аъзо бўлади, лекин миллатчиликда айбланиб вақтинча ҳайдалади.
У 30 йилларда таниқли ўзбек ёзувчи ва шоирлари, кейинроқ эса Ўзбекистон СССР ҳукумати раҳбарияти Совет ҳукумати томонидан қатл этилгани ёки сургун қилинганига гувоҳ бўлади. Бу эса ундаги советларга нисбатан нафратни кучайтиради.

Жаҳон уруши ва Германия тарафга ўтиш
1941 йилнинг январь ойида Рўзи Назар қизил армия сафига чақирилади. Ўша йилнинг ёзида Германия СССРга бостириб киргач, у Украина фронтига юборилади. Бир неча ҳафта ўтгач немис армияси совет қўшинларини тор-мор қилади. Жанг вақтида Рўзи Назар оёғидан яраланиб, ўз бўлинмасидан узилиб қолади.
Маълумотларга кўра, яраланган Рўзи Назарни украин оиласи немислардан яшириб, унга бошпана беради. Кейинчалик немислар томонидан асирга олиниб, уларнинг таклифига кўра Туркистон легионига қўшилади. Бу легион Совет Иттифоқига қарши курашган туркий халқлардан ташкил топган эди.
- “Дарё” аввалроқ Туркистон легиони ҳақида мақола ҳам тайёрлаган эди. Уни бу ерда ўқишингиз мумкин.
Назар легионда кичик офицер бўлиб хизматни бошлайди. У яна Шарқий фронтга юборилади. Лекин жангларда ярадор бўлади ва Берлинга даволаниш учун юборилади. Бу ерда Рўзи Назар Туркистон миллий бирлик қўмитаси аъзосига айланади.

Муҳожирлик ва Америкадаги фаолияти
Уруш 1945 йилда тугагач, Рўзи Назар Германияда яшириниб юради. Боиси, Туркистон легион сафида жанг қилган аскарлар Ғарбий иттифоқчилар (АҚШ, Буюк Британия ва Франция) томонидан Совет Иттифоқига топширилган. Бу ҳолат Ялта конференцияси (1945 йил 4–11 февраль кунлари Совет Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия етакчилари ўртасида бўлиб ўтган тарихий учрашув – таҳр.) қарорларига таяниб амалга оширилган эди.
Шунингдек, Совет Иттифоқи ўзининг махсус хизматлари орқали Ғарбий Германияда яшаётган Туркистон легиони аъзоларига нисбатан “ов” бошлаган бўлиб, уларни йўқ қилишга бир қанча ҳаракатларни амалга оширганди.
Ғарбий Германия ҳудудда яшай бошлаган Рўзи Назар, 1946 йилда Баварияда Эрмелинде Ротҳ исмли аёлга уйланиб, ундан Силвия исмли қиз фарзанд кўради.

1951 йилда Рўзи Назар АҚШга таклиф этилиб, Колумбия университетида Марказий Осиё бўлимида ишлай бошлайди. Кейинчалик у Америка марказий разведка бошқармаси (Central Intelligence Agency)га қўшилиб, турли разведка операцияларида иштирок этади.
Шу билан бирга, у 1955 йилда Индонезиядаги Бандунг конференцияси (бу конференция мустамлакачиликдан озод бўлган мамлакатларнинг ўз овозига эга бўлиши, ўзини дунё сиёсатида мустақил ўйинчи сифатида кўрсатишга интилишининг тарихий босқичи ҳисобланади — таҳр.)да, 1955 йил сентябрда Қоҳирадаги конференцияда қатнашади. 1959–1971 йилларда Анқарадаги АҚШ элчихонасида хизмат қилади.

Махфий операциялар ва сўнгги йиллари
1979 йилнинг февраль ойида Эронда шоҳ бошқарувига қарши инқилоб бошланди. Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлави Америкага даволаниш баҳонаси билан кетади. Эронда инқилоб ғалаба қилгач, инқилобчилар Қўшма Штатлар ҳукуматидан шоҳни қайтаришни талаб қилади. Бироқ АҚШ бунга рад жавобини беради.
Натижада “Талабалар исломий йўл билан ҳаракат қилувчи гуруҳ” номли радикал талабалар гуруҳи Теҳрондаги АҚШ элчихонасига бостириб киради ва 52 нафар америкалик дипломатик ходимни гаровга олади. Инқилоб тарафдорлари элчихонани босиб олиб, бу ҳолатни халқаро сиёсий босимга айлантиради.
Бу вақтда форс тилини яхши билган Рўзи Назар “гилам сотувчиси” сифатида яширинча Теҳрон шаҳрига бориб, АҚШ элчихонасидаги гаровга олинганлар ҳолатини ўрганади. У “Арго” операциясида иштирок этиб, олти нафар америкалик дипломатни қутқаришда ёрдам беради.
1980 йилларда Рўзи Назар Афғонистонга бир неча бор сафар қилиб, Совет армиясидан қочган ўзбекларни мужоҳидлар (Совет Иттифоқига қарши жанг қилган афғонлар — таҳр.) сафига жалб қилишга ҳаракат қилади. У АҚШ ҳукуматини радикал исломий гуруҳларни қўллаб-қувватламасликка чақирди, аммо бу маслаҳатлар инобатга олинмайди.
Нафақага чиққач, Марказий Осиё манфаатларини ҳимоя қилиб, бир неча ташаббусларга бошчилик қилган ва минтақа бўйича Америка сиёсатдонларига маслаҳатлар берган.

Она ватанга қайтиш
1992 йилда Совет Иттифоқи қулагач, Рўзи Назар 50 йиллик сургундан сўнг Ўзбекистонга вақтинча қайтади. У 1992 йилнинг май ойида Тошкент ва Марғилонга ташриф буюради, президент Ислом Каримов ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан қаҳрамон сифатида қабул қилинади.
Рўзи Назар умрининг сўнгги йилларини Туркияда ўтказади ва 2015 йил 30 апрелида 98 ёшида вафот этади. У Туркиянинг Фетҳие шаҳрида дафн этилган.
Рўзи Назар немис рафиқаси Линда хоним билан икки фарзандни тарбиялаган. Қизи Силвия (ўзбекча исми: Зулфия) Назар — Америкада танилган журналист ва ёзувчи.

Рўзи Назарнинг ҳаёти ҳақида батафсил маълумотни Энвер Алтайлининг “Озодликка қоронғу йўл орқали: Рўзи Назар қизил армиядан Марказий разведка бошқармасигача” (A Dark Path to Freedom: Rusi Nazar from the Red Army to the CIA) китобида топишингиз мумкин. Бу асар Рўзи Назар билан ўтказилган интервьюлар асосида ёзилган бўлиб, унинг мураккаб ва саргузаштларга бой ҳаётини ёритади.
Рўзи Назарнинг ҳаёти ва фаолияти тарихчилар ва олимлар томонидан турлича баҳоланади. Баъзилар уни ватанпарвар ва миллатпарвар инсон сифатида кўрсацалар, бошқалар унинг нацистлар билан ҳамкорлигини танқид қилади.
Унинг ҳаёти, айниқса, Туркистон легиони билан боғлиқ фаолияти, тарихий контекстда баҳоланиши керак. Унинг асосий мақсади — Туркистоннинг мустақиллиги ва миллий бирлигини таъминлаш бўлган.
Изоҳ (0)