Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 6 июль ҳолатига кўра, 5 млрд кВт/соатни ташкил қилди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 26,7 млн кВт/соат электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир. Мазкур генерациянинг 3 млрд 125,4 млн кВт/соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан, 1 млрд 915,1 млн кВт/соатлик қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилди.
Бунинг натижасида:
- 1 млрд 515 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
- атмосферага 2 млн 220 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.
Бугунги кунда мамлакатнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4 119 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 4 та шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда.
Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги дастлабки қуёш электр станциялари тармоққа уланганидан сўнг 2022 йили 434 млн кВт/соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди. 2024 йилда республиканинг 7 та вилоятида жойлашган 9 та қуёш ва битта шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт/соатни ташкил қилган.
Хабарда келтирилишича, 2025 йил бошидан 7 июль соат 08:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 8 млрд 736,9 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йилдаги жами генерациянинг 20,3 фоизини ташкил қилади.
Бунинг натижасида:
- 2 млрд 647 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
- атмосферага 3 млн 879 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.
Мазкур ҳажмдаги электр энергияси 7 миллион 280 мингта хонадоннинг олти ойлик ёки 3 миллион 640 мингта хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.
Президент 2024 йил августида энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказганида “Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу — давлат сиёсати”, деб таъклидлаганди. Ўзбекистонда 2030 йилга бориб “яшил” энергия улушини жами генерацияда 50 фоиздан ошириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)