Испаниянинг Гуардамар дел Сегура шаҳридаги пляжлар сувда ноёб ва заҳарли денгиз жонзотлари — шиллиққурт топилгач вақтинча ёпилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб, CNN хабар берди.

Гуардамар полиция бошқармаси 20 август куни ижтимоий тармоққа шундай хабар жойлаган:
“Glaucus atlanticus (халқ орасида ‘мовий аждаҳo’ деб аталади) пайдо бўлгани учун фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шаҳар пляжларида сузиш тақиқланади. Янги кўрсатмага қадар барча пляжлар ёпилади”.
Мовий аждаҳо номи жонзотнинг афсонавий мавжудотларга ўхшаш кўринишидан келиб чиққан. Атиги 3 сантиметр узунликдаги бу майда денгиз ҳайвони ўзи каби заҳарли ҳайвонларни еб, уларнинг заҳарини ўзида жамлайди ва кейинчалик ундан фойдаланган ҳолда ўзидан 300 баробар катта ўлжасини фалаж ҳолатга келтира олади. Полициянинг огоҳлантиришича, бу шиллиққурт билан контактда бўлиш терида кучли куйишларга олиб келиши мумкин.
“Сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли жуда эҳтиёткор бўлиши, қум устида бу жонзотга ўхшаган нарсаларни кўрса, қўли билан тегмаслиги лозим”, дейилади хабарда.
Пляжлардаги бу чекловлар бир неча кун ичида бекор қилинган ва сузишга рухсат этилган. Бироқ ҳокимият ҳануз эҳтиёт чораларига амал қилишни тавсия қилмоқда. Шаҳар мери Хосе Луис Саэс жонзотни кўрган фуқароларни дарҳол маҳаллий расмийларга хабар беришга чақирмоқда:
“Унга ҳатто қўлқоп билан ҳам тегманг. Агар у кимнидир чақиб олса, таъсирланган жойни шўр сув билан ювиш ва тиббий ёрдамга мурожаат қилиш тавсия этилади”.
Аликанте провинциясининг қуёшли иқлими, қояли соҳиллари ва сон-саноқсиз пляжлари Испаниянинг энг машҳур сайёҳлик йўналишларидан бири ҳисобланади. Қайд этилишича, мовий аждаҳо одатда Атлантика, Тинч ва Ҳинд океанларининг илиқ ҳамда тропик сувлари орқали оқим ва шамол таъсирида ҳаракатланади. Уларни Ўрта Ер денгизида учратиш жуда кам ҳолат саналади.
Изоҳ (0)