Юмушлар кўпайиб, ўзингизга вақт ажратиш ҳақида ўйлаш эса деярли имконсиздек кўринади. Лекин кунига атиги беш дақиқа ажратиш тўлиқ гўзаллик парваришининг ўрнини босиши мумкин. Ушбу мақолада бир неча дақиқа вақт ажратиб ҳам самарали бўладиган бешта гўзаллик одатлари ҳақида сўз боради.
Тери ва мияни “уйғотиш” учун муз бўлаклари

Оддий ва фойдали одатлардан бири — эрталаб юзни муз бўлаклари билан артишдир. Бир марта бажариш учун икки дона муз бўлаги етарли. Уларни юпқа матодан ишланган салфеткага ўраб, юзингизни енгил айлана ҳаракатлар билан артасиз. Буни массаж чизиқлари бўйлаб бажариш лозим. Бундай музли массаж уч дақиқадан кўп давом этмаслиги керак.
Жараён давомида юздаги қон томирлари кескин тораяди, кейин эса кенгаяди — натижада қон айланиши яхшиланади, шишлар йўқолади ва тери ёрқин кўринишга эга бўлади. Муз бўлаклари таъсирида норадреналин гормонининг ажралиши юзага келади, натижада сиз тезроқ уйғонасиз. Шунингдек, муз бўлаклари учун фақат сув эмас, яшил чой ёки мойчечак дамламасини ҳам ишлатиш мумкин.
Муз билан массаж қилишни Голливуд юлдузлари жуда яхши кўради. Масалан, актриса Камерон Диаз буни ҳар куни бажаради ва кейин юзига ниқоб суртади. Кейт Бланшет эса юзини муз билан артишни 20 йилдан ортиқ вақтдан бери давом эттирмоқда.
Кутикула ёғи: “қиммат” маникюрнинг сири

Коко Шанель қўлларни аёлнинг ташриф қоғози деб атаган. Чунки улар ҳар доим кўзга ташланиб туради ва уларнинг парвариши ҳақида кўп нарсани айтиб беради. Аммо оддий маникюр ва қўл креми етарли эмас.
Қўлларни парвариш қилиш учун кутикула ёғидан фойдаланинг. У тирноқ атрофидаги терини юмшатади, ҳимоя қилади ва шикастланишини олдини олади. Кутикула ёғидан фойдаланиш бир неча дақиқа вақт олади, аммо қўл ва тирноқлар доим мукаммал кўринади.
Юлдузлардан ўрнак олинг: Мирранда Керр ва Кайли Миноуг доимий равишда кутикула ёғидан фойдаланади.
Қулоқ массажи: стрессдан тезда қутулишнинг оддий усули

Қулоқ массажи — асаб тизимини фаоллаштириш ва кун учун энергия йиғишнинг ажойиб усули ҳисобланади. Қулоқда мияга боғланган 110 та биологик фаол нуқта мавжуд. Қулоқ бурмаларининг 1–2 дақиқалик массажи стресс гормони кортизол миқдорини камайтиради, бош оғриғини енгиллаштиради ва юзга қон оқимини кучайтиради. Массажни қулоқнинг юқори четидан бошлаб, аста-секин пастга томон давом эттиринг.
Актриса Женнифер Энистон қулоқ массажини мунтазам бажаради.
Кайфият учун ароматерапия

Бир неча дақиқалик ароматерапия кучли стрессни енгиллаштиришга, кун охирида дам олишга ёки аксинча, олдинда турган ишлар учун кайфиятни кўтаришга ёрдам беради. Бир неча томчи эфир ёғини ваннага қўшишингиз ёки салфеткага суриб, унинг ҳидидан нафас олишингиз мумкин. Таъсирни кучайтириш учун медитация қилиш, тинчлантирувчи мусиқани ёки табиат товушларини тинглаш фойдали.
Қандай натижага эришмоқчи бўлсангиз, шунга қараб танланг:
лаванда, гул — ташвишларни камайтиради;
цитрус, ялпиз — қаҳвадан ҳам яхши тетиклаштиради;
ванил, санда дарахти — хавфсизлик ҳиссини яратади;
лимон, эвкалипт — асабийликни камайтиради.
Аммо ёғдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланмаслик муҳим. Чунки узоқ вақт давомида ароматдан чуқур нафас олиш бош оғриғига олиб келиши ва кайфиятни бузиши мумкин. 5–10 дақиқа етарли.
Қизиқ факт: ароматерапия — Шакира учун оғир кун ёки уч соатлик концертдан кейин стрессни камайтиришнинг севимли усули ҳисобланади.
Юзни роллер билан массаж қилиш

Уч дақиқалик роллер билан массаж салон процедуралари каби самарали бўлиши мумкин. Асосийси — мунтазамлик ва массаж чизиқлари бўйича ҳаракат қилиш. Ушбу оддий процедура детокс таъсирига эга ва юз рангини яхшилайди. Шунингдек, бундай массаж коллаген синтезини оширади. Таъсир янада кучайиши учун аввал гиалурон кислотаси таркибли серумни суртиб, дарҳол массаж қилиш тавсия этилади.
Ҳаракатларингизни марказдан четга томон бажаринг: яноқдан қулоқларга, лаб бурчакларидан темпорал соҳаларга, бурун тагидан сочга қараб. Қўшимча сифатида, роллерни музлаткичда сақлаш мумкин.
Актриса Гвинет Пелтроу юз массажини уй шароитида роллер билан қилишни жуда яхши кўради. Супермодел Наоми Кемпбелл эса мезороллер — ингичка игналарга эга массаж қурилмасидан фойдаланади. У қон айланишини стимуляция қилиб, ҳужайраларнинг янгиланишини тезлаштиради.
Кунига атиги беш дақиқа вақт ажратиш сезиларли фойда келтиради.
Изоҳ (0)