Ўзбекистонда “яшил” давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади. 18 июнь куни ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат харидларини амалга оширишда “яшил” давлат харидлари тизими жорий этилади ҳамда “яшил” давлат харидлари улуши 2030 йилгача босқичма-босқич 30 фоизга етказилади.
2026 йил 1 январдан давлат харидларини амалга оширишда экологик мезонлар энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлардаги харид қилиш ҳужжатларига мажбурий тартибда киритилади.
Бунда:
- экологик маркировкалаш ҳужжатининг ҳар бир тури учун тўпланган балларнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади;
- иштирокчи таклифининг ушбу мезонларга мос келмаслиги иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилидан четлатиш учун асос бўлмайди.
Бундан ташқари, давлат буюртмачиларининг 2026 йил учун давлат хариди билан боғлиқ харажатларда “яшил” давлат харидлари улушини камида 15 фоизга етказиши, ушбу кўрсаткични ҳар йили камида 5 фоизга ошириб бориш бўйича чоралар кўриши белгиланди.
“Яшил” давлат харидлари — бу давлат томонидан маҳсулотлар, хизматлар ва ишлар харид қилинаётганда экологик хавфсизлик, энергия тежамкорлиги ва барқарорлик мезонларини ҳисобга олиш орқали амалга ошириладиган янги ёндашув бўлиб, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсад қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги қарори билан “2025–2027 йилларда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегияси” тасдиқланганди. Ушбу стратегияда давлат харидлари жараёнларини экологик барқарор ва кенг рақобатга асосланган ҳолда такомиллаштириш ҳамда “яшил” харидларнинг улушини ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик зарарларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Изоҳ (0)