Ўзбекистонда 2050 йилга бориб энергетика тармоғида углеводород нейтраллигига эришиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Халқаро пресс-клубда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради ЎзА.
Унинг сўзларига кўра, мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистонда тўлиқ ҳуқуқий база яратилган. Ўтган беш йил давомида иккита қонун, тўртта президент қарори, тўртта Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.
Бу қарорлар соҳани тартибга солувчи, қонун-қоидалар ва нормаларни белгиловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Бундан ташқари, энергетикани ривожлантириш концепцияси аниқ рақамлар ва ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилган ва Энергетика вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилган. Унга кўра, 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини қарийб 30 фоизга етказиш керак.
«Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг энг илғор мамлакатлари томонидан қабул қилинган углеводород нейтраллиги дастурига ҳам қўшилган. 2050 йилга келиб, мамлакатда иқтисодиётнинг барча соҳаларида, шу жумладан, энергетикада углеводород нейтраллигига эришиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бу – табиий газ, кўмир, нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишдан тўлиқ воз кечиш дегани. Бир қарашда бу узоқ муддатдай кўринади, лекин бугунги кундаги энергетика соҳасида бўлаётган ўтиш жараёни ўзининг кўлами ва аҳамияти жиҳатидан бир вақтлар қазилма бойликлар, нефть ва газ қоплагандай ўзгаришлар билан солиштириш мумкин. Инсоният ҳаёти кескин ўзгарди. Айниқса, саноат ва транспорт логистика соҳасига жуда катта таъсир кўрсатди», — дейди Хўжаев.
«Бу 2030 йилга бориб эришиладиган натижалардир. Бу дегани биз ҳозирги кундаги анъанавий энергетика манбаларидан тўлиқ воз кечиб, қуёш ва шамол энергетикасига ўтишимиз жуда қийин. Биринчи навбатда, ўсиб бораётган талабни тўйинтириш зарур. Шунга асосан 2030 йилга қадар президент томонидан белгилаб берилган мақсадли кўрсаткичлар бор. Яъни бу даврга қадар камида 5 минг мегаваттли шамол электр станциялари ва 7 минг мегаваттли қуёш электр станцияларини ишга тушириш лозим», — дейди вазир ўринбосари.
Хўжаевнинг таъкидлашича, 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида саноат миқёсидаги биринчи йирик 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган. 2022 йил апрель ойига қадар Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилади.
2022 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича йирик ишлар амалга оширилади. Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда умумий қуввати 1 900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 1 700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимлари имзоланиши кўзда тутилган.
2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциялари ҳажми 4000 МВтга ва шамол электр станциялари ҳажми 4000 МВтга етказилади ҳамда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ташкил қилади. Бунинг натижасида йилига қарийб 3 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 1 миллион хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасидаги ишлар ҳам сарҳисоб қилиниб, 2017—2021 йилларда 11 та янги гидроэлектр станцияси қурилиб, 8 таси модернизация қилингани ва 244 МВт қўшимча қувват яратилгани қайд этилди. 2022—2026 йилларда Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Қашқадарё, Наманган ва Андижон вилоятларида 15 та янги гидроэлектр станцияси қурилади. Мавжуд 5 та ГЭСда модернизация ишлари амалга оширилади. Бундай чоралар йилига қўшимча 868 МВт электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларни барпо этишга пухта замин яратади. 2026 йилга бориб мамлакат гидроэлектр станцияларининг умумий қуввати 2 920 МВтга етиши маълум қилинган.