Бугунги кунда жаҳонда олий таълим тизимида жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда. «Дарё» колумнисти, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров жаҳондаги янги йўналишлар ва уларнинг давлат сиёсатига таъсири ҳақида сўз юритади.
«Хатони кечираман, хиёнатни кечирмайман», — деганди давлатимиз раҳбари 2019 йил 6 июнда Тошкент вилояти ҳокимлигида ўтказилган мажлисда.
Сўнгги уч йилда жуда катта имкониятлар очилган бўлса ҳам, олий таълим тизими чуқур ботқоқдалигида қолиб келмоқда. Президент ҳар бир масалага марказий эътибор бериб келаётганини кўриб турибмиз ва бир кун келиб бу масалани ҳам кўтариши табиий. Лекин шахсан мамлакат президенти бу муаммоларни ўртага ташламагунча нимани кутиб турибмиз ва нега уларни ҳал қилмаяпмиз?
Биз қўшимча вазифалардан қўрқяпмизми, тинчгина ўтириб, нафақага чиқишни кутяпмизми, ёки совет давридаги каби юқоридан буйруқларни кутишда давом этяпмизми? Вазирликдаги мухассислар у ерга кеча келмаган, улар ўз курсиларида йиллар давомида ўтирибди, бироқ улар ўзларини бу муаммоларга биринчи марта дуч келаётгандай тутмоқда. Улар илгари имкони бўлмаганини айтиб ўзини ҳимоя қилиши мумкин, бироқ сўнгги уч йил мобайнида улар кўп имкониятларга эга бўлди.
Ўзбекистон таълим тизими инқирозга юз тутгани шубҳасиздир. Бу тизим мамлакат ва унинг халқига ўсиш ва барқарор ривожланиш учун керак бўлган натижаларни етказиб бера олмаяпти. Ўзбекистон таълим тизими ҳар йили «ўйин қоидаларини» ўзгартириб келган, компетенсия ва хотирада сақлаш орасида чуқур бўшлиқ ҳосил қилган ва ёшлар онгини оммавий меҳнатга қўпол равишда ўргатадиган мактаб тизими яратган ўнлаб экспериментлар томонидан шафқатсизларча бузилган.
Ҳали-ҳануз ўтмиш таълим тизими бошқа бир муқобил тизим билан алмаштирилгани йўқ. Бу тенгсизликка коррупция, маҳаллий давлат органларининг тез-тез аралашиб туриши ва нотўғри бошқарувни, сифатли хизмат кўрсатишга лаёқатнинг йўқлиги ва олинган натижалардан тегишлича фойдалана олмасликни қўшинг. Хатоларга тўла ва профессионал бўлмаган «ислоҳотчилар» томонидан тузилган янги ўқув дастурлари ёки янги дарсликлар нашр қилингани ҳақида кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Бу кунларда дарсларда қўллаш мумкин бўлган дунё андозасига мос оригинал материаллар ҳар қадамда мавжуд: китоблар, газеталар, журналлар, видеоматериаллар. Замонавий материалларда чуқур қизиқиш уйғотиш хоссаси ва кенг кўламдаги турли-туманлик борки, буларни бизнинг «ислоҳотчилар» нашр қилган ҳар қандай энг машҳур дарсликлар мажмуасида ҳам топиш амримаҳол. Ўқитишда оригинал ўқув материалларининг аҳамияти шубҳасиз.
Лой девордан қурилган нураган мактабларда таълим оладиган болалар нима қилсин? Қашқадарё вилоятида умумий ўрта таълим мактабларининг бирида синфхоналар етишмаслиги сабабли мактаб ўқувчилари «снос»га тушган эски боғча биносида ўқув йили бошидан бери таҳсил олмоқда. Мактаб ўқувчиларига дераза ва эшиклари йўқ, таъмирталаб бинода дарс ўтилган. Ёки қашшоқ қишлоқ ҳудудларида синфларда ҳаддан ортиқ ўқувчилар сони билан, тегишлича савод олмаган ва объектив ва субъектив рағбати бўлмаган ўқитувчилар ва жиддий инфраструктура объектларидаги камчиликларига рози бўлиб яшашга мажбур одамларчи? Маҳаллий давлат органлари бу ҳолатни ўзгартириш учун нима қилишлари мумкин? Биз қайта тиклашимиз лозим бўлган таълим тизими бизнинг энг муҳим мақсадимиз деб сиёсий қарор қабул қилиш қўйиладиган биринчи қадам бўлиши лозим.
Давлат бюджетида шу мақсад учун ажратилган миллиардлаб сўм бор эди ва хозирда хам бор; афсуски, бу маблағлар тўғри мақсадлар учун сарфланмаган. Яқин ўтмишда мамлакатимизнинг таълим тизимида содир бўлган ва содир бўлаётган ўзгаришлар асносида, бу пуллар энг сезиларли ўзгариш келтирадиган ишга, яъни ижобий натижа берадиган таълим ташаббуслари учун сарфланиши керак деб ўйлайман.
Ўзбекистонга малакали кадрлар етишмайди
Ўзбекистонда мингга яқин хорижлик олимлар ва экспертларни жалб этишга талаб бор. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 2018 йил 18 декабрь куни ўтказилган замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилишда баёнот берганди.
Ҳозирги тизимли ўзгаришлар жараёнида аксарият мутахассисларнинг бунга тайёр эмаслиги, уларнинг билими, малакаси ва кўникмаси замон талабига жавоб бермаслиги аён бўлиб қолди. Хорижда докторантура ва магистратурада ўқитиш, малака ошириш ва стажировкани ташкил қилиш бўйича дастлабки эҳтиёж 3,5 мингдан ортиқ. Юртимизда халқаро илмий ва амалий тажриба эга 600 нафардан зиёд ватандошларимизга эҳтиёж мавжуд. Мингга яқин хорижий олимлар ва экспертларни жалб этишга талаб бор. Яъни, бугун кечиктириб бўлмайдиган, оддий илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёж 5 мингдан зиёдни ташкил этади. Агар ишлаб чиқаришдаги талаб ҳам инобатга олинса бу рақам камида 50–100 бараварга ошади», – деб айтганди президент.
Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан мамлакатга қайси соҳа учун қандай мутахассис керак бўлади, шуни ҳозирдан чуқур ўйлаш, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялаш зарурати ҳақида хали ҳам ишлар амалга оширилмаган. Хўш, президентнинг ушбу фикрларини амалга ошириш учун наҳотки вазирлик ва ректорлар иккинчи йиғилишни кутиб ўтиришибди? Наҳотки «йўл харитаси» ишлаб чиқарилмади?
Ўзбекистон олий таълимининг дунёдаги савияси
Жаҳон университетлари нуфузини баҳолаш (QS World University Rankings) йиллик университетларни нуфузига кўра жойлаштириб кўрсатадиган нашрдир. QS нуфузга кўра баҳолаш жаҳон университетлари академик нуфузини баҳолаш (Academic Ranking of World Universities) ҳамда Times газетасининг жаҳон олий таълим университетлари тизимига нуфузли баҳо бериш (Times Higher Education World University Rankings) билан бир қаторда дунёда энг кўп ўқиладиган учта университетларни баҳолаш тизимларидан бири ҳисобланади.
Жаҳоннинг 1000 университети рўйхатида Қозоғистоннинг тўққиз университети киритилган, ва уларнинг тўттаси ҳатто энг юқори 500 университет сафига қўшилган. QS нуфузга кўра ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университети МДҲ давлатлари орасида Москва давлат университетидан кейин 2-ўринда (210) туради.
Афсуски, бу рўйхатда бизнинг университетларнинг бирортаси ҳам кучли 1000 талик тугул, кучли 4000 ликка ҳам киритилмаган. Сўнгги 70 йил давомида ҳалокатли зиддият ва урушдан азият чекаётган Фаластиннинг битта олийгоҳи жаҳоннинг энг яхши 800 университети қаторида.
Университетларимиз ректорлари бундай натижаларни қандай шарҳлай олар экан? Тинч шароитда яшаётган, кенг давлат имтиёзларидан фойдаланаётган бўлса-да, ҳали ҳам бу рўйхатга киритилмаганининг сабаби нима? Жаҳон университетларининг Вебометрик нуфузига кўра баҳосида (Webometrics of World Universities) 100 йиллигини нишонлайдиган Ўзбекистон миллий университети 4755-ўринда кўрсатилган (бир йил олдин 4721 эди, демак, пастга силжибди); жаҳоннинг нуфузли 10 000 университети орасида Ўзбекистоннинг атиги тўрт университети бор. Жаҳоннинг нуфузли 20 000 университети орасида Қозоғистоннинг 90 университети жой олган бўлса, Ўзбекистоннинг атиги 47 университети бор. Қуйидаги саволларга вазирлик қандай жавоб берар экан?
- Ҳукумат бу университетларнинг барчасига миллиардлаб сўмни нима учун сарфламоқда?
- Ўқув дастурларимизнинг ишончга лойиқлигини исботлай олмасак, халқаро аккредитация муассасаларида рўйхатдан ўта олмасак, чет эллик талабалар нима сабабдан бизнинг университетларга келиб таҳсил олар экан?
- Қандай қилиб университетларимиздан олган академик давомат ҳужжатларини ўз давлатидаги университетларда тан олиниши таъминласин?
Ўзбекистондаги етакчи беш университетдан иккитаси халқаро ҳисобланади: Вестминстер халқаро университети ҳамда Тошкентдаги Инҳа университети. Бу ҳолда давлат университетлари ва уларнинг маъмуриятига ажратилган бюджет қайта қўриб чиқилиши лозим. 2018 йил 5 июнда қабул қилинган «Таълим ҳақида» қонун президент Ўзбекистонга кўпроқ чет эллик эксперт-олимларни жалб қилиш ва халқаро университетларнинг бўлимларини очишга эътибор бераётганини яққол кўрсатиб турибди.
- МДҲ университетларининг бўлимларидан ташқари, Тошкент шаҳридан ташқарида, минтақаларда нечта халқаро университетларнинг бўлимлари мавжуд? Урганч, Термиз, Самарқанд ёки Қаршида бирорта бормикан?
- Андижонда Ҳиндистоннинг Шарда университети филиали ва қўшма клиникаси, Фарғонада Латвия ахборот тизимлари менежменти олий мактаби филиали ва Жанубий Кореянинг JEI университети филиали очилади деган хабарлар чиққанди, энди буларни амалиётда кўришимиз керак. Ўйланманки, бошқа вилоятлар ҳам ушбу анъанани давом эттиради.
- Қайси университетларимиз ўз таълим дастурларининг халқаро аккредитациядан ўтгани билан мақтана олади?
Бизда университетлар ва саноат орасида катта бўшлиқ, жар мавжуд, ва университетларда олган билимлари билан олий ўқув юртини янги битирганлар меҳнат бозорига мослаша олмайдилар. Республикада 2500 га яқин фан доктори орасида бор-йўғи 300 га яқинида «Хирш» индекси бор, шулардан 32 нафарида бу кўрсаткич 5 дан баланд экан. Илмни ривожлантириш бўйича масъул университетларимизнинг илмий ишлар проректорлари чоп этилган илмий нашларнинг тўлиқ матнини қидирадиган Google Scholar ҳисоби борми? Университетларнинг илмий журналлари ўз соҳасидаги муҳим индексларга кирганми? Замондан орқада қолган, ёши бир жойга борган жойпараст университет амалдорларини давлатимизнинг илмий салоҳияти зарарига ушлаб туришда қандай наф бор?
Жаҳон банкининг Жаҳон ривожланиш кўрсаткичлари (World Development Indicators) маълумотлар базасида сўнгги 20 йил ичида киритилган маълумотларни ўрганса бўлади. У ерда жаҳонда таълимга сарфланган ҳар бир доллар туфайли ЯИМнинг 20 долларга ўсиши кўрсатилган. Ушбу оддий статистик маълумот ўз-ўзидан битта саволни келтириб чиқаради: такомиллашаётган ЯИМ яхшироқ таълим тизимига олиб келмоқдами, ёки ЯИМни яхши таълим такомиллаштирмоқдами? Ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, «1990–1999 йилларда ЯИМ бир қисми сифатида маорифга маблағ сарфлаган мамлакатлар кейинги ўн йилликда тез ривожланишга эришган». Маориф учун сув ва ҳаводай зарур бўлган маблағ давлат томонидан ажратилганига иймоним комил, аммо бу маблағмақсадга етиб бормаган ва соҳада ишлайдиган одамлар томонидан нотўғри тасарруф қилинган.
Муаммо энг қуйи асосга бориб тақалади. Агар таълим олувчилар «ўрганиш учун ўқишга» лаёқатли бўлмаса, уларда ривожланиш учун имкон бўлмайди, келажакда улар танлаган ҳар қандай таълим олиш тури «домино тошларидай» қулаш таъсирига учрайди. Ёмон таълим тизими ишсизликни кучайтиради, чунки кўпдан-кўп етарлича таълим олмаган одамлар меҳнат бозорига кириб боради.
Муаммо қаерда?
2019 йилги ишсизлик кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистонда 9,4 фоиз ишсиз бор (2018 йили 7,2 фоиз эди). Биз бундай кўрсаткич етарлича савод йўқлигидан эканини текширишимиз лозим. Янгитдан ташкил қилинган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бу рақамларни кузатиб бормоқда деган умиддамиз.
Ўзбекистоннинг таълим тизими нега бунда аҳволда? Ушбу саволда жиддий сиёсий ва ижтимоий нозик томонлари мавжуд. Фикримча, қуйидаги асосий илдиз сабабларга эътибор беришимиз лозим:
- Паст ва савиясиз бошқарув функсионаллиги;
- «Ислоҳотчиларнинг» бесамар ислоҳотлари;
- Ўқитувчиларнинг билим ва ўқитиш савияси пастлиги;
- «Инноватив» таълим тизимларига беҳуда кетадиган ўқиш вақти.
Қўшниларимиздан Қирғизистон ЯИМнинг 5,8 фоизини, Қозоғистон 3,0 фоизини, Туркманистон 3 фоизини, Тожикистон 5,2 фоизини, Афғонистон 3,1 фоизини, шунингдек, Россия 4,1 фоизини маорифга сарфлайди. Мамлакатимиз бўйича статистик маълумотлар мавжуд бўлмагани учун келтирилган барча маълумотларни БМТ Тараққиёт дастури ҳисоботларидан олдим. Гап муаммога кўпроқ пул йўқ қилишда эмас. Муаммонинг ечими бошқа жойда: муносабатни ўзгартириш ва самарадорликни ошириш. Афсуски, буни бундан олдинги ҳукуматдан кутиб бўлмас эди; янги ҳукумат ишларни яхши йўлга қўяди деган умиддамиз.
Рақамли таълим майдони ва янги технологиялар
Рақамли платформа ва янги технологиялар таълим жараёнини тубдан ўзгартириб юборди. Ҳаммани бир жойда йиғиб ёки ҳарбийлаштирилган, яъни синф хоналарда барча талабаларга бир вақтнинг ўзида бир хил билим берадиган услуб қайтариб бўлмас даражада эскириб қолганлигига қарамасдан бизда амал қилишда давом этмоқда.
Бугунги кунда ҳар қандай одам ҳар қандай жойда ва исталган вақтда рақамли дунё майдонида ҳар қандай маълумотни олиши мумкин. Дунёда рақамли технологияларнинг жуда кам маблағ сарфлаш эвазига сезиларли даражада арзонроқ нархларга эга бўлган қиймат бирлигини яратиш жараёнлари ҳукмрон.
1998 йилдан 2008 йилгача масофадан ўқиётган талабалар сони 1,5 баробар ошди. Атиги 5 йил ичида Coursera онлайн таълим платформаси 25 миллион талабани, 149 та энг яхши ҳамкор университетни, 2 мингдан ортиқ ўқув курсларини қамраб олди, Edx тизимида эса 10 миллиондан ортиқ мижоз, 109 та ҳамкор университет ва 1300 дан ортиқ курс мавжуд. 2015 йилда абитуриентларнинг 91 фоизи ижтимоий тармоқларга ишга жойлашиш орқали олий ўқув юртларига киришди (2014 йил – 59 фоиз). Баъзи экспертлар яқин келажакда қимматбаҳо университет бинолари ва ҳатто дипломлар ўз аҳамиятини йўқотиши ҳақида фикр билдирмоқда, чунки талаба ҳар қандай жойда ва ҳар қандай вақтда таълим олиш имкониятига эга бўлади.
Олий таълимда халқаролашув – янги иш ўринларидир
Олий таълим тизимининг жозибадорлиги халқаролашув даражаси билан исбот қилинади. Сўнгги 41 йил ичида дунёда халқаро талабалар сони 8,3 баробар ошди ва улар сони қарийб 5 миллион кишига етди. ЮНЕСКО башоратига кўра, 2025 йилга бориб хорижлик талабалар сони 7 миллионга етади.
2017 йилда энг кўп хорижий талабалар сони АҚШда қайд этилди; АҚШ университетларида миллиондан ортиқ чет эллик талабалар таҳсил олади ва бу кўрсаткич жаҳон бўйича хорижий талабалар умумий сонининг 24 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткич Буюк Британияда 11 фоизни, Хитойда 10 фоизни ташкил этади.
Қозоғистонда 15 йил давомида чет эллик талабалар сони 1,7 марта кўпайди. Чет эллик талабаларнинг кўпчилиги тиббиёт ихтисослиги бўйича, шунингдек, ҳукуматлараро битимлар асосида ўқитилади.
Халқаролашувнинг сабаби глобал миқёсда истеъдодлар учун кураш билан белгиланади. Яқин келажакда душман давлатини ҳарбий ва жисмоний жиҳатдан йўқ қилиш ғояси ўз маъносини йўқотиши ҳақида экспертлар фикри мавжуд. Рақибни мағлуб қилиш учун унинг иқтидорли вакилларини ўз томонингизга ўтказиб олишнинг ўзи уни ҳимоясиз ва хавфсиз қилади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам дунёнинг ривожланган мамлакатларининг кўпчилиги имкон қадар чет эллик талабаларни жалб қилишни мақсад қилган.
Чет эллик талабаларни жалб қилиш бўйича аниқ стратегиямиз борми? Чет эллик талабалар учун янгиланган ва замонавий ўқув дастурларини ишлаб чиқаряпмизми? Талаб қилинадиган жиҳозлар, профессионал ўқитувчилар ва чет эллик профессор-ўқитувчиларимиз борми? Қозоғистон Марказий Осиёдаги таълим марказига айланиш ниятида амбицияли режаларга эга мамлакат бўлиб, таълим вазирлиги ўз мақсадларига эришиш учун улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Биз-чи, чет эллик талабалар учун яқин келажакда машҳур жойга айлана оламизми?
Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги веб-сайтининг таҳлил ва статистик бўлимини ўрганиб чиқдим, аммо Ўзбекистонда хорижлик талабалар сонининг кўлами ҳақида маълумот топа олмадим. Қизиғи шундаки, инглиз тилидаги веб-саҳифада маълумот ўзбек тилида тақдим қилинган. Агар вазирликнинг веб-сайтида инглиз тилида керакли ахборот бўлмаса, у қандай қилиб улар халқаро жараённи кучайтира олади?
Режалар қисми ҳам бўш турибди.
Олий таълим тизимига киритилган янгиликларнинг натижаларини қачон кўрамиз?
Бу улуғ диёр фуқароси сифатида Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 24 октябрда Тошкентдаги олий ўқув юртлари ректорлари билан учрашуви Ўзбекистонда анча вақтлар ортда қолган олий таълим тизимининг ривожланишида янги босқич бўлиши керак, деб ўйлайман.
2019 йил 28 май куни илм-фан ва олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда президент соҳага оид давлат дастурларини шакллантириш ва марказлашган тартибда молиялаштириш орқали илм-фанни тубдан ривожлантириш, юксак натижадорликка йўналтирилган ихтисосликлар бўйича миллий лабораториялар тизимини яратиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, халқаро рейтингларда мамлакатимиз фани нуфузини кўтариш бўйича топшириқлар берганди.
Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан мамлакатга қайси соҳа учун қандай мутахассис керак бўлади, шуни ҳозирдан чуқур ўйлаш, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялаш зарурати ҳақида ҳали ҳам ишлар амалга оширилмаган. Хўш, президентнинг ушбу қарор ва топшириқларини амалга ошириш учун вазирлик ва ректорларлага яна қанча йиғилиш ва қўшимча қарорлар керак?
Ўзбекистон кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда, аммо мамлакатнинг таълим тизимини йўлга қўйиш аксар муаммоларни ҳал қила олади. Катта бизнес кириб келиши ва ушбу соҳада ўз салоҳиятларини исбот қилганларга ёрдам бериб, бу жабҳага сармоя киритиши лозим.
Шубҳа йўқки, халқаро билим ва тажрибага эга биздек ёшларнинг Ўзбекистонга қайтиши ижтимоий-иқтисодий, демократик ислоҳотлар учун кучли суянчиқ вазифасини ўташи мумкин. Шу билан бирга, бу мамлакатимиз илмий салоҳияти юксалишига хизмат қилади. Қизиқ, давлатимиз бунга тайёрми? Унда ишни биргаликда бошлайлик...
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)