Калифорнияда космик иншоотлар қурилиши билан шуғулланувчи Orbitаl Аssembly Corporation (ОАC) корхонаси очиқ фазода ҳордиқ чиқариш ғоясини амалиётга татбиқ этиб, фазодаги биринчи меҳмонхонани ишлаб чиқмоқда.

2027 йилда ишга туширилиши режалаштирилган Voyager станцияси саёҳат ҳақидаги барча тасаввурларни ўзгартириб юбориши кутилмоқда, чунки яқин келажакда космосни ўрганиш фақат профессионал астронавтлар фаолияти бўлиб қолмайди. Ҳатто оддий реактив самолёт ишқибозлари ҳам эндиликда Ер атмосферасидан ташқарида ҳашаматли таътил ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Бугунги кунда ОАC Аbove Space номи остида фаолият юритмоқда. Компанияни Жефф Безос ва Ричард Бренсон каби таниқли тадбиркорлар қўллаб-қувватламоқда.

Voyager станцияси оддий космик кемалардан фарқ қилади. У Ер атрофида айланувчи улкан айлана шаклида лойиҳалаштирилган. Кема муҳандис Вернер фон Браун томонидан лойиҳалаштирилган.
Economic Times нашрининг хабар беришича, дастлаб ОАC меҳмонхона ичида Ойнинг тортишиш кучига тенг (Ернинг 1/6 қисмига мос) сунъий гравитацияни яратишни режалаштирган. Кейинчалик бу кўрсаткич Марс ёки Ер тортишиш кучига яқинлаштирилади. Натижада меҳмонлар юриш, ухлаш, овқатланиш каби ҳаракатларни одатдаги тарзда амалга ошириш имкониятига эга бўлади ва астронавтлардек муаллақ қолмайди.

Меҳмонлар саёҳатни махсус космик кема орқали Ер орбитасига чиқишдан бошлайди. Ракета уларни гравитациясиз майдонгача етказади. Сўнг меҳмонлар лифт орқали айланувчи ҳалқа атрофида жойлашган 24 та турар жой модулидан иборат резиденсияларга олиб чиқилади.
Voyager станциясида тор капсулалар бўлмайди. Меҳмонхона умумий 125 минг квадрат фут майдонни эгаллайди ва бир вақтнинг ўзида 280 нафар меҳмон ҳамда 112 нафар экипаж аъзосини қабул қила олади. Унда ҳашаматли хоналар, ресторан, бар, спорт зали, СПА маркази, савдо дўконлари, кинотеатр ва концерт майдончаси ҳам бўлади.

Лойиҳанинг хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Economic Times маълумотларига кўра, ОАC айланма конструкцияни синаб кўриш учун Gravity Ring ва Pioneer Station каби кичик прототипларни ишлаб чиқмоқда.

Бундай фазовий меҳмонхонада яшаш нархи ҳозирча ошкор этилмаган. Бироқ қўлланилаётган илғор технологиялар ва юқори даражадаги қулайликлар ушбу хизматлар фақат миллиардерлар учун мўлжалланганлигини англатади. Шунга қарамай, ушбу лойиҳа очиқ фазодаги таътил эндиликда фақат орзу эмас, балки яқин келажакдаги реал имкониятга айланиши мумкинлигидан далолат беради.
Изоҳ (0)