Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украина ҳудудининг катта қисмини ўз ичига олган буфер зона акс эттирилган харитани кўрсатди.

Медведев агар Украина ҳарбий ёрдам олишда давом этса, буфер зона яратилиши билан таҳдид қилди. Харита акс этган видеода қизил ранг билан белгиланган буфер зонаси Украинанинг катта қисмини эгаллаган, ғарбдаги кичик ҳудуд эса бундан мустасно. Украина ҳудуди кўк ранг билан, Россия ҳудуди эса яшил ранг билан белгиланган.
Россия ҳукумати Украина билан чегарадош ҳудудларда буфер зоналарини ташкил этиш муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган. Президент Владимир Путин чегарада “санитария зонаси” яратиш нияти ҳақида илк бор 2023 йилнинг июнь ойида маълум қилган.
2024 йилнинг май ойида у Харьков вилоятида “санитария зонаси” ташкил этиш ниятида эканини айтганди. Путиннинг даъволарига кўра, Россиянинг чегарадош ҳудудларини ўққа тутишдан ҳимоя қилиш зарур.
Путин 2025 йил март ойида Курск вилоятидаги қўшинларни бошқариш пунктига ташриф буюриб, Россия чегараси бўйлаб “хавфсизлик зонаси” яратиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди. 2025 йил май ойи охирида президент россиялик ҳарбийлар Белгород, Брянск ва Курск вилоятларини ҳимоя қилиш учун “зарур буфер зона” яратиш устида ишлаётганини айтганди.
BBC нашрининг Украина Бош штабидаги манбасига кўра, Россия ҳукумати Суми вилоятида буфер зонаси ўрнатиши мумкин. Май ойи бошида Россия чегарасига яқин жойлашган Белополе ва Ворожба шаҳарларидан шошилинч эвакуация эълон қилинган. Ҳозирга қадар эвакуация ҳудудига 200 дан ортиқ аҳоли пункти киритилган.
Россия Украинага учинчи мамлакатларнинг ҳарбий ёрдам беришига қарши чиқмоқда. Москванинг таъкидлашича, Киевни қўллаб-қувватлаш можаронинг муддатини чўзади, холос, аммо белгиланган мақсадларга эришишига тўсқинлик қила олмайди.
Изоҳ (0)