Жаҳон спортида 2022 йил қизиқарли ва интригага тўла воқеаларга бой бўлди. Одатга кўра «Дарё» йил сарҳисобини қилди. Қуйида 2022 йилда дунё спортида юз берган ёрқин воқеалар эслаб ўтилади.
Пекин Олимпиадаси
2022 йилдаги дастлабки энг катта воқелик Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтган қишки Олимпия ўйинлари бўлди. 4—22 февраль кунлари бўлиб ўтган мусобақаларда жами 109 та медаллар ўз эгаларини топди.
Норвегия терма жамоаси (16 олтин, 8 кумуш, 13 бронза) умумий рўйхатни етакчи сифатида якунлади. Германия (12 олтин, 10 кумуш, 5 бронза) ва Хитой (9 олтин, 4 кумуш, 2 бронза) кучли учликдан ўрин олди. Қишки ўйинлар гегемонлари кутилмаганда медаллар жамғаришда муваффақиятли натижа қайд эта олмади. АҚШ 4-ўринда якунлади, Олимпиадада ўз номи ва байроғи билан қатнаша олмаган Россия (РОК) эса 9-поғонани қўлга киритди. Канада эса топ-10 ликдан ҳам жой ололмади.
Уруш сабаб яккаланиб қолган Россия спорти
Февраль ойи охирида Россия президенти Владимир Путин Украина томон ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Шундан кейин Россия кетма-кет сиёсий ва иқтисодий санкциялар қуршовида қолди. Бу спорт соҳасига ҳам таъсир этмай қолмади. Аввалига халқаро федерациялар Россия терма жамоаси ва россиялик спортчиларни ўз мусобақаларидан четлата бошлади. Кейинроқ Халқаро Олимпия қўмитаси Россия ва Беларусь спорт федерацияларини барча халқаро мусобақалардан четлатишга қарор қилди.
Ўз навбатида Россия футболи ҳам қувғинга учради. Аввалига УЕФА, кейинроқ ФИФА Россия терма жамоаси ва рус клубларини ўз тасарруфидаги мусобақалардан четлатди. Россия терма жамоаси ЖЧ—2022 ўтиш ўйинларига йўлланма олганди, бироқ четлатиш сабаб мазкур ўйинларда қатнаша олмайдиган бўлди. Шунингдек, жамоа Евро—2024 саралашига қўйилмади ва ўз-ўзидан кейинги вазият қандай бўлишидан қатъи назар Германия майдонларида ўтадиган мусобақага боролмайди.
Йил охирига бориб Россия футбол иттифоқи (РФС) УЕФАни тарк этиб, ОФКга қўшилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар кўпайди. РФС ушбу масалани муҳокама қилишини маълум қилди. Аввалига 27 декабрь куни бўлиб ўтиши белгиланган муҳокама, кейинроқ 31 декабрга қолдирилди. Якунда Россия УЕФАни тарк этиш қароридан қайтди.
Тахтга қайтган «Реал» ва Анчелотти
2021/22 йилги мавсумнинг охири «Реал» учун муваффақиятли ўтди. Жамоа Испания чемпионатида ғалаба қозонди ва бир неча йиллик танаффусдан кейин Европа Чемпионлар Лигаси кубогига эга чиқди. Финалга қадар мадридликлар «ПСЖ», амалдаги чемпион «Челси» ва «Манчестер Сити»ни мусобақадан чиқариб юборди. Ҳал қилувчи баҳсда эса «Ливерпуль»га имконият қолдирмади.
Карло Анчелотти учун бу тўртинчи ЕЧЛ соврини бўлди ва «Карло ота» Зинедин Зидан ҳамда Боб Пейслини ортда қолдирган ҳолда ушбу совринга энг кўп эга чиққан мутахассисга айланди.
Европа Лигаси ғолиблиги Германиянинг «Айнтрахт» жамоасига насиб этди. Плей-оффда «Барселона», «Вест Ҳэм» каби жамоаларга чиқиш эшикларини кўрсатган «буқалар» финалда «Рейнжерс»ни пенальтилар сериясига кўр таслим этди.
«Реал» ва «Айнтрахт» ўртасидаги УЕФА Суперкубок учрашувида испан клубининг қўли баланд келди.
Чемпионлар Лигасининг ўтган мавсумдаги финал жуфтлиги 2022/23 йилги мавсумда 1/8 финалдаёқ ўзаро тўқнаш келиб қолди. Юрген Клопп шогирдлари гуруҳ босқичида ушбу мавсум фантастик ўйин намойиш қилаётган «Наполи»ни биринчи ўринга ўтказиб юборди ва қуръа натижаларига кўра «Реал»га тушди.
Афсонанинг кетиши
Жаҳон теннисининг тирик афсонаси Рожер Федерер сентябрь ойи бошида фаолиятини якунлашини расман маълум қилди. 41 ёшли ракеткачи сўнгги фаолиятидаги сўнгги мусобақани ўша ойнинг охирига кўргазмали Лейвер Кубогида ўтказди. Европа ва Жаҳон юлдузлари иштирокидаги ушбу мусобақадаги хайрлашув вақтида Рожер кўз ёшларини тийиб туролмади. Унга қўшилиб бошқа теннисчилар, хусусан, унга узоқ йиллар муносиб рақобатчи бўлган Рафаэль Надаль ҳам йиғлади.
Австралиядан қувилган Жокович, испанларга аталган йил ёки «Улкан тож» мусобақалар ҳақида
«Улкан тож» туркумидаги дастлабки мусобақа можаро билан эсда қолди. Ковиддан эмланишни очиқчасига рад этадиган Новак Жокович Австралияга борди, бироқ мамлакатдаги қоидаларга кўра унинг ташрифи ноқонуний деб топилди. Коронавирусга қарши эмланмагани сабаб амалдаги чемпион мусобақага қўйилмади ва мамлакатдан депорт қилинди. Ушбу мусобақада Рафаэль Надаль ғолибликни қўлга киритди.
Май ва июнь ойларида ўтган Франция очиқ чемпионатида (Роллан Гаррос) ҳам Рафа бош совринга эга чиқди. Испан финалда Каспер Руудни енгиб, фаолиятидаги 22-«улкан тож»ни қўлга киритди.
Уимблдонда эса Жокович рақибларига имкон қолдирмаган ҳолда 21 марта «Улкан тож» мусобақаси ғолибига айланди. US Open’да ҳам Жокович вакцинацияга оид чекловлар сабаб қатнаша олмади. Мазкур мусобақада 19 ёшли испаниялик теннисчи Карлос Алкарас чемпионликни қўлга киритди. Каспер Рууд эса бир йил ичида икки марта йирик мусобақа финалини бой берди.
Финалиссима
Жаҳон футболининг икки етакчи минтақалари УЕФА ва KONMEBOL бир вақтлар (1985—1993) Артемио Франки номи билан аталган мусобақанинг аналогини ишга туширди. Унга кўра, Евро ва Копа Америка ғолибларида Финалиссима деб ном олган соврин учун ўзаро ўйин ўтказади.
Уларнинг дастлабкиси Италия ва Аргентина терма жамоалари ўртасида кечди. Июнь ойининг биринчи кунида Англиядаги «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтган баҳсда Жанубий Америка вакиллари 3:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди.
Трансферлар. Ота изидан юрган Ҳоланд, ваъдага вафо қилмаган Килиан
Ёзги трансфер ойнаси қизиқ воқеаларга бой бўлди. Деярли бутун мавсум давомида фаолиятини «Реал»да давом эттириши айтилган Килиан Мбаппе май ойида «ПСЖ» билан шартномасини узайтирди.
Мазкур ҳолат ОАВни ларзага келтирди. Испан нашрлари «Реал»дагилар бу вазиятдан «шок»да экани ва ортиқ Мбаппени олиб келиш вариантини кўриб чиқмаслиги ҳақида бонг урди. Айрим нашрлар «ПСЖ» Мбаппени олиб қолиш учун самовий пуллардан ташқари клуб ички ишларига аралашувга ҳам рухсат бергани ҳақида хабар қилди.
Яна бир иқтидор эгаси Эрлинг Ҳоланд қатор вариантлар орасидан «Манчестер Сити»ни танлади. «Шаҳарликлар» супер иқтидор учун 75 миллион евро тўлади. Бу трансфер ўз мевасини дарҳол бера бошлади, ҳали мавсум ярмига келмасдан Ҳоланд қатор рекордларни янгилаб юборди.
Формула 1 нинг янги қироли
2021 йилда сўнгги мусобақада Льюис Ҳемилтондан ғолибликни илиб кетган Макс Ферстаппен бу ғалаба тасодиф бўлмаганини исботлади. Нидерландиялик пойгачи мавсум тугашига тўртта мусобақа қолган вақтдаёқ чемпионликни нақд қилиб қўйди. Red Bull пойгачиси ушбу мавсумнинг ўзида қатор рекордларни янгилади.
Манчестерга сиғмаган ва Саудияга йўл олган Роналду
Ўтган мавсум якунларига кўра «Манчестер Юнайтед» Чемпионлар Лигасига йўлланма қўлга кирита олмагач, Роналдунинг бошқа клуб қидираётгани ҳақида хабарлар кўпайди. Бунинг устига Криштиану янги мураббий Эрик тен Ҳаг қўл остидаги жамоанинг мавсум олди йиғинига анча кечикиб борди ва мавсум стартида етарли ўйин амалиётига эга бўлмади.
Футболчи ва мутахассис ўртасидаги муносабат тобора кескинлашиб борди. «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда майдонга туширилмаган Роналду учрашув тугамасидан майдонни тарк этди ва жамоадан аввал стадиондан кетиб қолди. Шундан кейин машғулотлар ва ўйинлардан четлатилди. Табиийки афсонавий Роналду бундай ҳолатларни қабул қила олмади ва ноябрь ойида The Sun нашрига шов-шувли интервью берди. ЖЧ—2022 арафасида интервью эълон қилинди. Унда Роналду клубдаги ҳолатни ва мураббийни кескин танқид остига олди. Қатар мундиали бошланиши арафасида «Манчестер Юнайтед» Роналду билан ўртадаги шартнома бекор қилинганини маълум қилди. Шу тариқа Криштиану Жаҳон Чемпионатига «ишсиз» мақоми остида йўл олди.
Футболчининг ўзи ва мухлислар Роналду Манчестердаги бу ишларга Қатарда муносиб жавоб беради, дея яхши ниятда бўлди. Бироқ Жаҳон Чемпионати ҳам Криш учун ўта муваффақиятсиз ўтди. Дастлабки учта тур ўйинида у қадар ёрқин кўринмаган футболчи 1/8 финалда захирада қолдирилди. Унинг ўрнида ҳаракат қилган Гонсалу Рамуш эса Швейцария дарвозасига учта тўп киритди. Табиийки, Фернанду Сантуш чорак финалда ҳам Рамуш вариантини маъқул кўрди ва таваккалчилик бу сафар иш бермади. Иккинчи бўлим бошида майдонга тушган Роналду эса африкаликларга қарши ҳеч нарса қила олмади.
Йилнинг сўнгги кунларида Саудия Арабистонининг «Ан-Насср» жамоаси футболчи билан шартнома имзоланганини маълум қилди. Хабарларга кўра, томонлар 2025 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган 2,5 йиллик шартнома имзолаган. Роналду йилига 200 миллион евро маош олади. Шунингдек, футболчи Саудия Арабистонининг ЖЧ—2030 га берган қўшма аризаси элчисига айланади.
Қишда ўтган мундиал
Европа чемпионатлари мавсумнинг айни авж палласида тўхтатилди ва футболчилар Қатар мезбонлигида ўтган ЖЧ—2022 га йўл олди. Мусобақа сенсация, ёрқин ўйинлар ва эмоцияларга бой бўлди. Мусобақани Саудия Арабистонидан учралган мағлубият билан бошлаган Аргентина якунда бош совринни боши узра кўтарди. Лионель Месси фаолиятида илк бор мундиал совринига эга чиқди.
Мусобақа олдидан фаворит сифатида қайд этилган Бразилия терма жамоаси ЖЧ—2018 финалчиси Хорватияга енгилиб, мусобақа билан хайрлашди. Роналдунинг Португалияси эса мусобақа кашфиёти бўлган Марокаш тўсиғидан ўтолмади.
Эътиборлиси, илк бор учта Осиё жамоаси мундиал плей-офф босқичига йўл олди: Жанубий Корея, Япония, Австралия. Марокаш эса мусобақа ярим финалига чиққан тарихдаги илк Африка жамоаси ва дастлабки араб мамлакатига айланди.
ЖЧ—2022 да рекорд даражада кўп гол урилди. Аргентина ва Франция терма жамоалари ўртасидаги финал учрашуви эса мундиаллар тарихидаги энг яхши финал дея кўп бор эътироф этилди.
Алвидо Қирол
Йил сўнгида футбол олами катта йўқотишга учради. Афсонавий футболчи Пеле 82 ёшида вафот этди. Узоқ вақт саратон билан курашган Эдсон Арантис де Насименту 29 декабрь куни оламдан кўз юмди.
Уч карра жаҳон чемпиони вафоти сабаб Бразилия уч кунлик мотам эълон қилинди. Бутун дунё қирол билан видолашди.