Россиянинг Новосибирск шаҳрида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган 8 нафар ўзбекистонлик юртга қайтарилди.

Қайд этилишича, мазкур инсонпарварлик кўмаги 30 июлдан 30 августгача эълон қилинган “Ватанга қайтариш” тадбири доирасида Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан амалга оширилди.
Бош консулхона ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида юртдошлар учун авиачипталар харид қилинди. Улар жорий йилнинг 20 август куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Новосибирск—Тошкент рейси билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.
Ўзбекистонда жорий йил 30 июлдан 30 августгача “Ватанга қайтариш” хайрия гуманитар акцияси амалга оширилмоқда. Акция доирасида Саудия Арабистонида оилавий зўравонлик қурбони бўлган ўзбекистонлик ватанга қайтарилган эди.
“Ватанга қайтариш” хайрия акциясидан чет элларда оғир шароитда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш мақсад қилинган. Режага асосан, аввало Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлиб турган аёллар ва болалар ватанга қайтарилади.
Хорижда оғир молиявий аҳволда қолган фуқаролар консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналари хулосаси асосида Ўзбекистонга олиб келинади. Ватанга қайтарилган фуқароларни самарали реинтеграция қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади. Улар давлат томонидан тақдим этилаётган мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади.
Фуқароларни қайтариш билан боғлиқ транспорт харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Изоҳ (0)