Россия президенти Владимир Путин 20 май куни амалий ташрифи доирасида Курск вилоятига борганида Украина қуролли кучлари дронлар ҳужумини амалга оширди. Бу ҳақда Росссий оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Хабарга кўра, президент вертолёти дронлар ҳужуми марказида бўлган. Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 46 та дронни уриб туширган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа дивизияси қўмондони Юрий Дашкин бу бўйича маълумот берган.
Президент Курск вилоятида ишлаётган даврда қарши томон дронлар билан мисли кўрилмаган ҳужум уюштирди. Бу ҳудуддаги ҳаво ҳужумидан мудофаа гуруҳи самолёт типидаги 46 та дронни йўқ қилди, деган у.
Путиннинг Курскка ташрифи
Россия президенти 20 май куни Курск вилоятига ташриф буюрди, бу ҳақда 21 май куни президент матбуот хизмати хабар берди. Сафар давомида Россия раҳбари курс кўнгиллилари билан учрашув ўтказди, шунингдек, ҳудудда қурилаётган АЭС-2 га ташриф буюрди.
Бундан ташқари, Путин Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Александр Хинштейн билан учрашди. Бу Россия раҳбарининг уруш бошланганидан буён Курскка иккинчи расмий ташрифи саналади. У март ойида Курскка бориб, фронтдаги вазият билан танишган эди. Бу Украина кучлари 2024 йилнинг 14 август куни мазкур йўналишда ҳужумга ўтганидан бери илк ташриф бўлган.
Курскка ҳужум
2024 йил 6 августда Украина армияси Россиянинг Курск вилоятида ҳарбий операцияни бошлади. 12 августга келиб 28 та аҳоли пункти Украина кучлари назоратига ўтгани ҳақида ўша пайтда вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов хабар берди.
Январь ойида Россия Мудофаа вазирлиги Украина томони минтақанинг 1 268 кв/км ҳудудини эгаллаб олганини маълум қилди (Курск вилоятининг умумий майдони — 29,9 минг кв/км).
2025 йил январь ойи ўрталарига келиб, Россия идораси маълумотларига кўра, 801 кв/км (63,2 фоиз) қайтариб олишга эришилган. Февраль ойида эса Курск вилоятининг 64 фоизи назоратга қайтарилган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Курскдаги операциянинг асосий вазифаси Россиянинг ҳарбий салоҳиятини имкон қадар йўқ қилиш, қарши ҳужумларни кучайтириш ҳамда Россия ҳудудида буфер зона яратишдан иборатдир. Апрель ойида Россия президенти Владимир Путин Курск вилояти тўлиқ озод этилганини эълон қилди. Украина Қуролли кучлари эса вилоятдаги жанглар давом этаётганини маълум қилди.
Изоҳ (0)