Microsoft компаниясининг сунъий интеллект бўлими раҳбари Мустафо Сулаймон кун сайин кўпроқ инсонлар “сунъий интеллект психози”га чалинаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бундай хавотирли ҳолат ҳақида The Times хабар берди.

Сунъий интеллектга бўлган носоғлом қизиқиш ва қарамлик тобора ортиб бормоқда. Бундай одатга берилган одамлар СИни онгли мавжудот сифатида кўра бошлайди, у билан гўёки романтик алоқада эканига ишонади ва натижада галлюцинациялар ҳам кузатилади.
Бундай хавф нафақат руҳий муаммолари бор кишилар, балки руҳияти барқарор бўлган шахсларга ҳам таъсир қилиши мумкин.
“Қанчалик оғир эшитилмасин, ушбу муаммо тез орада глобал тус олади ва руҳий касалликка мойил одамлар ҳам, соғлом шахслар ҳам унинг таъсири остига тушади”, дейди мутахассис.
“Сунъий интеллект психози” умумий қабул қилинган тиббий атама эмас, бироқ у тобора кўпроқ ChatGPT ёки Grok каби чат-бот фойдаланувчиларни мулоқот вақтида реал ҳаётдан узилиб қолишига сабабчи бўлмоқда.
Тиббий визуализация мутахассиси Сюзан Шелмердин эса келажакда шифокорлар беморлардан, худди чекиш ёки спиртли ичимлик истеъмоли одатлари ҳақида сўраганидек, “сунъий интеллектдан қанчалик тез-тез фойдаланасиз?” деб ҳам сўрай бошлашлари мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Изоҳ (0)