Ҳиндистоннинг Сияти қишлоғида бир ит 67 кишини кўчкидан асраб қолди. Табиий офат бутун қишлоқни вайрон қилган, деб хабар берди “РБК” нашри.

Ҳодиса 30 июнь тонгида Ҳимачал-Прадеш штатининг Манди округида юз берган. Кечаси беш ойлик кучук бирдан жуда баланд овозда ҳуришни бошлаган. Нарендра исмли эркак айтишича, у итнинг товушидан уйғониб кетган. Сўнг девордаги ёриқни пайқагач, бошқа қўшниларини огоҳлантириш учун югуриб чиққан.
Ит ва Нарендранинг саъй-ҳаракатлари туфайли 20 нафар оила уйларини вақтида тарк этишга улгурган. Орадан кўп ўтмай қишлоқда кўчки содир бўлган. Қутқарилган одамлар вақтинчалик бошпана сифатида Наине Деви ибодатхонасига жойлаштирилган. Штат ҳокимияти ҳар бир жабрланган оилага 10 минг ҳинд рупийси (тахминан 125 доллар) ажратган.

Сўнгги икки ҳафта ичида Манди ҳудудида кучли ёмғирлар ёғиб, бир нечта кўчкиларга сабаб бўлган. 150 дан ортиқ йўллар тўсилиб қолган, юзлаб уйлар зарар кўрган ёки бутунлай бузилган. NDTV порталининг ёзишича, июль бошларида Ҳимачал Прадеш штатида кўчкилар ва тошқинлар оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлган.
Манди округида ёмғир мавсуми одатда июнь охиридан сентябргача давом этади — йиллик ёғингарчиликнинг катта қисми айнан шу даврда ёғади. Мутахассисларнинг фикрича, ёғингарчилик ҳажмининг ортиши иқлим ўзгариши билан боғлиқ: иссиқ ҳаво кўпроқ намликни ушлаб қолади, бу эса сел, ёмғирлар ва тоғли ҳудудлардаги кўчкилар хавфини кучайтиради.

Худди шундай офатлар қўшни давлатларда ҳам юз бермоқда. Непалда тоғдан келаётган дарё оқими Хитой билан чегарадаги асосий кўприкни бузиб юборди, натижада камида 18 киши ҳалок бўлди. Хитойда кучли сув тошқини оқибатида 11 киши бедарак йўқолди. Жануби-ғарбий Осиё минтақаси эса айни пайтда “Данас” тўфони билан курашмоқда. Тўфон Тайванга ҳам зарба берган бўлиб, унда 2 киши ҳалок бўлган, 330 киши жароҳат олган.
Изоҳ (0)