Toyota расмий равишда Land Cruiser 300 йўлтанламаснинг гибрид версиясини намойиш қилди. Бу ҳақда “Корреспондент.нет” хабар берди.

Янги автомобиль ушбу модел тарихидаги энг кучли модификацияга эга бўлиб, 457 от кучи ва 790 Нм айланиш моментига эга. Капот остида иккита турбинали 3,5 литрли бензинли В6 двигатель ва унга ёрдамчи электромотор жойлашган. Улар 10 поғонали автомат узатмалар қутиси ва тўлиқ юритув тизими билан бирга ишлайди.
Автомобилнинг батафсил техник хусусиятлари ҳозирча эълон қилинмаган, аммо Toyota Australia вакилларининг айтишича, янги гибрид версия шатакка олиш ёки тиркама тортиш имкониятлари бўйича дизелли вариантдан кучлироқ бўлади. Шу билан бирга, айрим чекловлар ҳам мавжуд, масалан, гибрид LC 300 нинг ёнилғи баки 68 литрни ташкил қилади, бу эса бензинли версиядан 80 литр камроқдир.

Ташқи кўринишда янги Land Cruiserʼни янгиланган олд бампер ва орқа эшикдаги “HEV” ёзуви орқали ажратиб олиш мумкин. Аккумулятори эса тормозланганда йиғилган энергия билан зарядланади. Яъни унда plug-in гибридлардаги каби ташқи қувват порти мавжуд эмас.
Салон ичида фарқлар асосан ускуналар панелининг графикаси билан чекланади. Багаж ҳажми ҳозирча ошкор этилмади, аммо унда розетка мавжудлиги айтиб ўтилди.

Модель илк бор Яқин Шарқда намойиш қилинди. LC 300 нинг бошқа бозорларда ҳам савдога чиқарилиши кутилмоқда. Бирлашган Араб Амирликларида Land Cruiser Hybridʼни аллақачон буюртма қилиш мумкин. VXR базавий тўплами 106 200 доллардан бошланади, GR-Sport версияси эса 111 600 доллар атрофида баҳоланади.
Бундан ташқари, гибрид модел 2026 йилнинг биринчи ярмида Австралия бозорларида ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)