Кўпинча ҳайдовчилар бензин тежаш мақсадида кондиционерни ўчиришади. Бироқ тажрибалар шуни кўрсатадики, ойналар очиқ бўлса, харажат ундан ҳам кўп бўлади.
Кондиционер камроқ ёнилғи сарфлайди
Деразалар очиқ бўлганда, автомобилнинг аэродинамикаси бузилади, ён томонларда ҳаво оқимининг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган паст босимли соҳаларни ҳосил қилувчи турбулентликлар пайдо бўлади.
Ҳаво тезлиги автомобилни секинлаштиради ва бир текис ҳаракатни сақлаб туриш учун кўпроқ энергия сарфлашга мажбур қилади. Ёнилғи сарфи ортади ва ҳатто кондиционер ишлаши учун кетадиган сарфдан ҳам ошиб кетиши мумкин.
Германиянинг АDAC автомобилчилар клуби ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Skoda Octavia автомобилининг кондиционери соатига 0,43 литр бензин сарфлайди. “За рулем” журнали маълумотларига кўра, ихчам синф автомобилининг 120 км/соат тезликда очиқ ойналар билан ҳаракатланиши натижасида ёнилғи сарфи тахминан 0,5 литр/соатга ошади.
Агар секинроқ юриб, 90 км/соатдан ошмай, ёнилғини тежаш мумкин, чунки автомобиль турбулентликка қарши курашиш учун камроқ энергия сарфлайди. Бу ҳолда очиқ деразалар ёнилғи сарфини тахминан 0,1 л/соатга оширади.
Бундан ташқари, ойналар очиқ бўлганда болаларнинг шамоллаб қолиш эҳтимоли юқори.
Ишлатилмаган кондиционер машинага зарар етказади
Кондиционер автомобилда доимо ишлаши керак, унинг ишламаслиги техник носозликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ресивер-қуриткич, терморостловчи клапан, конденсатор, буғлаткич ва компрессор мой билан бирга айланадиган Р-134а фреон оқимлари ҳисобига ишлайди.
Шунда ички қисмлар мойланади ва ишчи ҳолатда сақланади. Агар қурилма ишлатилмаса, узоқ вақт давомида ишламаслик мой қуришига, тизимнинг қисман герметиклигини йўқотишига олиб келади.
Фреон атмосферага чиқиб кетади, техника эса занг билан қопланади. Шунинг учун кондиционер ўз ресурсини сақлаб қолиш учун доимо ишлатилиши лозим, акс ҳолда у ишдан чиқади.
Узоқ вақт ишлатилмаганда буғлаткичда ёқимсиз ҳидлар пайдо бўлади. У ерда касаллик қўзғатувчи микроблар, замбуруғ споралари ва зарарли моғор заррачалари кўпаяди.
Агар кондиционер доимо эмас, балки вақти-вақти билан ёқилса, ҳаво оқими касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни пуркаб, нафас йўллари касалликларини келтириб чиқаради. Ҳатто ифлос кондиционер туфайли юзага келадиган “легионеллез” деб аталадиган ўпка касаллиги ҳам учрайди.
Шунинг учун кондиционер узоқ вақт ишлатилмаса, уни дезинфекция қилиш ва тозалаш зарур.
Чиқинди газлар ва чанг
Очиқ деразаларнинг энг асосий муаммоси шундаки, ҳаводаги чанг ва майда заррачалар саломатликка хавф туғдиради. Шиналарнинг резина заррачалари, қурум ва бошқа моддалар асфалт ҳамда йўл четларига чўкади ва шамол билан ҳавога кўтарилади. Йўл чанги таркибида саратон касалликларини келтириб чиқарувчи кансерогенлар мавжуд.
Чиқинди газлар ҳам соғлиқ учун хавфли. Уларнинг таркибига азот, сув буғи, карбонат ангидрид, шунингдек, ёнилғининг ёмон ёниши натижасида ҳосил бўладиган углерод оксидининг заҳарли аралашмалари, алдегидлар, олтингугурт диоксиди, қурум, бензопирен ва бошқа кимёвий моддалар киради.
Углеводородлар қуёш нурлари таъсирида оксидланиб, заҳарли бирикмалар ҳосил қилади. Бу бирикмалар юқори нафас йўллари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади ва сурункали касалликларнинг кучайишига сабаб бўлади.
Углерод оксиди ёки ис газининг хавфи шундаки, у таъм ва ҳидга эга эмас, бироқ у бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айнишини келтириб чиқаради, ҳатто ҳушдан кетишга олиб келиши мумкин.
Умуман олганда, йўлдаги чанг ва газлар билан нафас олиш тавсия этилмайди. Энг маъқули, автомобиль ойналарини ёпиб, кондиционерни ёқиш ва салонга нафақат чангни, балки газларни ҳам ушлаб қоладиган сифатли углерод филтрини ўрнатишдир. Унинг самараси ҳарбий противогазнинг таъсирига ўхшайди.
Изоҳ (0)