Россиянинг Свердловск вилоятида қийин аҳволда қолган бир оиланинг беш нафар аъзоси Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонасидан олинган маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида туғилган Х.Р. фарзандлари билан оғир молиявий аҳволда қолгани сабабли амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Х.Р. 2024 йилнинг сентябрь ойида турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари билан вақтинча ишлаш мақсадида Свердловск вилоятига келган.
Оила боқувчиси сифатида унинг турмуш ўртоғи Свердловск вилояти Белоярск туманида якка тартибда қурилиш фирмаларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган. Свердловск вилояти ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида оила боқувчиси Россияда бўлиш қоидасини бузгани сабабли қўлга олинган ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ўрганишлар натижасида Р.Х.нинг турмуш ўртоғи вақтинча ишлаган қурилиш фирмасида бир ойлик иш ҳақи тўланмагани аниқланган ва у иш берувчидан олиб берилган. Шунингдек, аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандига Екатеринбург—Тошкент авиарейсига чипта сотиб олинган.
Улар 10 декабрь куни Екатеринбург шаҳридаги “Колсово” халқаро аэропортидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.
Хориждан Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар
Август сентябрь ойларида хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 34 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Октябрь ойида Россияда қаровсиз қолган 8 ойлик чақалоқ Ўзбекистонга, ота-онаси бағрига қайтарилди. Москвадаги вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш марказидан 4 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди. Ўша ойда Туркияда ота-онасининг қаровисиз қолиб кетган уч нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Ноябрда Дубайни тарк этиш тақиқланган ўзбекистонлик болага ватанга қайтишига ёрдам берилди.
Изоҳ (0)