Чувашия Республикасига ишлаш учун бориб, бироқ алданиб қолган ўзбекистонликларнинг бир гуруҳи ватанга қайтарилди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Нижний Новгород шаҳридаги вакиллигига Чебоксари шаҳрида ишлаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари иш берувчиси ойлик маоши ва паспортларини бермаётгани, яшаб турган хостелидан чиқариб юборгани юзасидан мурожаат қилган.
Аниқланишича, Ўзбекистон фуқаролари ижтимоий тармоқлардаги ёлғон маълумотларга ишониб, Чувашия Республикасининг Чебоксари шаҳрига нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига автобусларда иш берувчи ҳисобидан ишлаш учун борган.
Иш берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқароларнинг паспортларини олиб қўйган ва бир неча ой давомида иш ҳақисиз ишлатган. Ҳужжатларини қайтариб бермай, номаълум жойга қочиб кетган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва ўзбек диаспораси вакиллари саъй-ҳаракати билан фуқаролар хостелга жойлаштирилиб, иссиқ овқат билан таъминланган.
Фуқароларнинг бир гуруҳига Бош консулхона томонидан ватанга қайтиш сертификати расмийлаштириб берилган. Агентлик томонидан 12 нафар фуқаро Қозон—Тошкент йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистонга қайтарилган.
Бундан олдин Владивостокда оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик аёл ва унинг икки нафар фарзанди, Россияда ноқонуний меҳнат билан шуғулланган 47 нафар ўзбекистонлик ҳамда Ҳиндистонда қарийб 2 йилдан бери ҳибсда ушлаб турилган уч нафар ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)