Қозоғистон Транспорт вазирлиги ва Афғонистон Жамоат ишлари вазирлиги Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги темир йўл (Трансафғон темир йўли) қурилиши ва ундан фойдаланишнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, мазкур меморандум Қозоғистон Бош вазири ўринбосари — ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеунинг Афғонистонга ташрифи доирасида имзоланган.
Икки томонлама учрашув доирасида ўтказилган музокаралар давомида томонлар минтақада барқарор ва ўзаро манфаатли савдони таъминлашнинг асосий элементи сифатида самарали транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш, шу жумладан Трансафғон йўналишини ривожлантириш масалаларини батафсил муҳокама қилган.
“Шу муносабат билан Қозоғистоннинг Турғунди-Ҳирот темир йўли қурилишига сармоя киритиш нияти тасдиқланди”, дея таъкидланади ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

“Биз Афғонистон билан товар айланмасини 3 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, кимё саноати маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтиришга тайёр”, деди Қозоғистон ТИВ раҳбари.
Афғонистон маҳсулотларини Қозоғистон бозорига етказиб беришни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Сўнгги йилларда мамлакатда Афғонистонда ишлаб чиқарилган янги ва қуритилган мевалар, минерал сув ва алкоголсиз ичимликлар тақдим этилмоқда. Савдони кенгайтириш мақсадида ушбу маҳсулотларни Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудларига чегарадош Турғунди шаҳри ва Туркманистон ҳудуди орқали етказиб беришни йўлга қўйиш таклиф этилган.
Изоҳ (0)