2023 йил Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзига хос бир-бирига яқинлашиш даври бўлди. Хусусан, 2023 йилнинг сентябрь ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммити бўлиб ўтди. Бундан ташқари, ноябрь ойида туркий давлатлар ташкилотининг Остона саммити бўлди. Шунингдек, бир неча бор 5 та республика раҳбари ўзаро учрашувлар ўтказди.
Хўш, 2024 йилда Марказий Осиё мамлакатларини нималар кутиб турибди? Минтақа давлатларининг олдида қандай муаммолар мавжуд? “Дарё” ушбу мавзуда бир нечта мутахассислар билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимиз бошида ўтган 2023 йилни сарҳисоб қилиб олсак. Ушбу йил Марказий Осиё давлатлари учун қандай ўтди?
Нодирбек Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
– Дарҳақиқат, 2023 йилда минтақа мамлакатларининг раҳбарлари бир неча марта расмий ва норасмий тарзда учрашишди. 2021 йилда юз берган пандемия мамлакатларнинг якка ўзи ривожлана олмаслигини кўрсатиб қўйди. Бундан ташқари, 2022 йилнинг февраль ойида юз берган Россия ва Украина ўртасидаги уруш бутун дунё иқтисодиётига, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Бу мамлакатларнинг иқтисодий ҳолати бир-бириникидан кескин фарқ қилади. Масалан минтақанинг умумий ҳудуди 2,9 миллион квадрат километр бўлса, шундан 68 фоизи Қозоғистонга, 11 фоизи Ўзбекистонга, 12 фоизи Туркманистонга, 5 фоизи Қирғизистонга, 3 фоизи Тожикистонга тегишли ҳисобланади.
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) кесимида олиб қарасак, 2022 йил ҳисоб-китобларига бўйича Қозоғистон (аҳолиси 20 миллион) ЯИМ – 223 миллиард доллар. Аҳоли жон бошига – 11 минг доллардан тўғри келади. Тожикистон ЯИМ эса жон бошига – 1,1 минг доллар. Орадаги фарқ 10 баробар. Бундан ташқари, 5 та республикадаги савдо қоидалари мутлақо бошқача. Яъни бир-бириникидан фарқ қилади. Чунки Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркманистон бу ташкилотга қўшилмаган. Шунинг учун бу мамлакатлар ўртасидаги савдо муносабатларида фарқлар мавжуд.
Лекин шунга қарамай 2023 йилда ушбу давлатлар иқтисодиётида ўсиш кўзга ташланди. Масалан, 2023 йилда Қозоғистоннинг савдо айланмаси 102 миллиард доллар. Уларда экспорт билан импорт ўртасидаги фарқ ижобий. Ўзбекистоннинг савдо айланмаси 57 миллиард доллар. Қирғизистоники эса 10 миллиард доллар. Мана шу рақамларга қараб, давлатларнинг ўзаро амалга оширган савдо айланмаларини кўриш мумкин.
2023 йилда минтақа давлатлари ўзаро транспорт йўлаклари, божхона масалаларини кўриб чиқди. Жаҳон банкининг маълумот беришича, МДҲ давлатлари ичида бошқа давлатларга қараганда Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ўсиши ижобий бўлган.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– 2023 йил Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзига хос бир йил бўлди. 2022 йилнинг февраль ойида рўй берган Россия-Украина уруши минтақа давлатлари учун кутилмаган воқеа бўлди ва минтақа мамлакатлари ноқулай вазиятга тушиб қолди. Урушнинг чўзилиши минтақадаги вазиятни ўзгартириб юборди. Натижада Марказий Осиё давлатлари янги логистика йўлларни очиш ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш масаласида жиддий қадамлар ташлади.
Биламизки, 2022 йилда Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида жиддий муаммо юзага келган эди. 2023 йилда мана шу муаммога ечим топиш борасида ижобий ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, шу орқали минтақа давлатлари ўзаро низоларни ташқи кучларнинг аралашувисиз ҳал эта олишини кўрсатди. Бу натижага эришишда биринчи муҳим қадам, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара муаммосини муроса йўли билан ҳал этилгани бўлди.
2023 йилда Туркия давлатларнинг ўзаро расмий ва норасмий учрашувлари бўлиб ўтди. Бундан мақсад – Россия ва Ғарбга муқобил бўлган интеграцион уюшма шакллантириш. Албатта, буни олқишлаш керак. Шунингдек, 2023 йилда анча вақтдан бери жим бўлиб қолган ташкилотлар негизида учрашувлар ташкил этилди. Мисол учун, СПЕКА ёки Оролбўйи давлатларининг учрашуви ўтказилди. Бу шуни кўрсатмоқдаки, минтақа давлатлари ўзаро келишган ҳолда муаммоларга ечим топишга киришди ва бу тенденция 2024 йилда давом этиш муҳим аҳамият касб этади.
Эркин Абдулахатов, иқлимшунос:
– 2023 дунё тарихидаги энг иссиқ йил бўлди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам. Йил бошидаги аномал совуқ ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқарди. Аномал совуқ энергетик коллапсни юзага келтириш билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (айниқса, узумчилик)да ҳосилдорликни камайтирди. Бу декабрь ойидаги статистик маълумотларда кўринди. Лекин минтақа давлатлари ўртасида яхши логистика алоқаларни йўлга қўйилгани, бизда қишлоқ хўжалиги меваларини ўрнини компенсация қилиш имкониятини берди.
2023 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара муаммосига барҳам берди ва Қирғизистонда “Қамбар ота-1” электр энергия станциясини қуриш бўйича Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари келишувга эришди. Бу сув учун электр энергия айрибошлаш масаласи учун янги бир қадам бўлди. Бугунги кунда ҳаво ҳарорати кўтарилишининг ҳисобига сувнинг буғланиш даражаси ошиб кетди. Бу Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда сув танқислигини юзага келтирмоқда. 2023 йилнинг бошида Қозоғистоннинг Шарқий ҳудудларида ҳам сув танқислиги кузатилди. Чунки Қозоғистон бу ҳудудлари Қирғизистонда кириб келувчи дарёларга қарам. Бу масала икки давлат ўртасида жиддийлашди. Бироқ қиш ойларида юзга келган аномал совуқ бошқа ҳудудлар (Қирғизистон ва Тожикистон)даги тоғларда нисбатан барқарор қор захирасини шакллантирди. Шунинг ҳисобига Ўзбекистонда сув танқислиги юзага келмади.
2023 йилдан минтақа давлатлари ўртасида сувни тақсимлаш борасидаги келишувлар бўй кўрсата бошлади. Олдинлари мамлакатлар ўртасида айнан сув масаласида келишмовчилик юзага келган бўлса, 2023 йилдан бу муаммога ечим топилди. Яъни ёз ойларида Ўзбекистон сув эвазига Тожикистон ва Қирғизистондан электр энергия сотиб олади. Қиш ойларида эса Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистонга электр энергия сотади. 2023 йилда мана шу занжир аста-секин кўрина бошлади.
Шунингдек, аномал совуқ бўлиши қишлоқ хўжали полиз экинлари учун яхши бўлди. Сабаби, январь ойидаги совуқ ерлардаги қурт-қумурсқалар хавфини йўқотди. Шунинг ҳисобига қишлоқ хўжалигимизда экспорт ҳажми ошган. Буни статистик рақамлар яққол кўрсатиб турибди.
– 2024 йилда Марказий Осиё мамлакатларини қандай муаммолар кутиб турибди ва бу муаммоларга ечимлар мавжудми?
Нодирбек Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
– 5 та мамлакат ўртасидаги энг муҳим нарса – бу савдо сотиқ. Бунинг учун биринчи навбатда минтақада тинчлик бўлиши керак. Пандемия давридан кейин давлатлар ўзлари алоҳида-алоҳида ривожлана олмасликларини тушунишди. Ҳозирда мамлакатлар ўртасида божхона тизимини соддалаштириш масаласи кўрилмоқда. Марказий Осиё давлатларининг ҳар бирини ўз стратегияси мавжуд. Албатта, ишлаб чиқариш ривожланганида сўнг маҳсулотни хорижга сотиш масаласи кўтарилади. Бунинг учун қўшни давлатлар ҳудудини кесиб ўтиш керак. Шунинг учун 2024 йилда давлатлараро юк ташув ҳажмини ошириш ва янада тезлаштириш масаласини кўриб чиқиш лозим. Бундан ташқари, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлик масаласи ҳам бор. Мана шу масалаларда давлатлар ўзаро келишувларни бажарса, 2024 йил 2023 йилдан яхшироқ бўлади. Бу ҳаракатлар давлатлардаги аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатади.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Минтақада муаммо жуда кўп. Марказий Осиёда муаммолар йиғилиб қолган. Мен иккита масалага эътибор қаратмоқчиман. Биринчиси – хавфсизлик масаласи. 2024 йилда бу масалага минтақа давлатлари жиддий эътибор қаратади. Сабаби, дунёда беқарорлик кучайиб бормоқда. Масалан, Украина-Россия уруши, Яқин Шарқда бўлаётган уруш ҳаракатлари. Бу можаролар 2024 йилда ҳам давом этишини кўплаб мутахассислар таъкидламоқда. Бундай вазиятда хавфсизлик масаласи янада долзарблаштиради. Бунга ечим эса интеграция. Бироқ бизда интеграция борасида муаммолар бор. Ҳозир Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш босқичида. 2024 йилда умумий стратегияни яратиш орқали минтақада интеграцияни шакллантиришимиз зарур.
Шу ўринда, туркий дунёда ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳарбий соҳага эътибор қаратиш керак. Бунда Туркия ва Озарбайжон тажрибаси бутун туркий дунё мамлакатларига ўрнак бўла олади. 2024 йилда биз асосий эътиборни шунга қаратишимиз лозим. Чунки 2024 йил ҳал қилувчи йил бўлиши мумкин. Бундан кейин бизда бундай уникал имконият бўлмайди. Сабаби, Марказий Осиё интеграциясига асосий тўсиқ бўлиб келган Россия ҳозирда Украина билан овора бўлиб қолган. Албатта, бу минтақа давлатлари учун имконият ҳисобланади.
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг кенгаши мавжуд. Бу ҳам муҳим ташкилот. Ушбу кенгаш дунёдаги турли чақириқларга умумий жавоб бериш масаласида ўзига платформа вазифасини бажармоқда. Буни янада ривожлантириб, 2024 йилда 5 та мамлакат кесимида иқтисодий интеграцияга урғу қаратилиши керак. Бундан ташқари, Россия ва Украина ўртасида кечаётган урушдан Марказий Осиё давлатлари қандай қилиб фойда кўришни кўзлаши керак деб ҳисоблайман. Ва минтақа манфаатлари нуқтаи назардан нима ишлар қилиниши лозим, деган масалада кўпроқ бош қотиришимиз зарур. Бунда олимлар ҳукуматларга адекват жавоблар бериши муҳим. Сабаби, шу можародан йўқ жойдан фойда кўраётган мамлакатлар мавжуд. Масалан, Туркия.
Шунингдек, Яқин Шарқда юзага келган вазият Марказий Осиё давлатлари учун ўзига хос имконият. Чунки Қизил денгизда ҳусийларнинг амалга ошираётган ишлари денгиз йўлларига бўлган хавфни кучайтирди. Натижада қуруқликдаги йўлларга эҳтиёж ошмоқда. Бу қурилиши режалаштирилаётган Марказий Осиёдан ўтувчи темир йўл лойиҳаларини тезлатиш учун туртки бўлиши мумкин. Шу боисдан минтақа давлатлари мана шунга кўпроқ эътибор қаратиши керак.
Эркин Абдулахатов, иқлимшунос:
– Иқлим марказларининг маълумот беришича, 2024 йил дунёдаги энг иссиқ йил бўлади. Мутахассислар ер шарининг Шимолий минтақаларида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида бир қанча муаммолар юзага келишини таъкидламоқда. Марказий Осиё олдида мана шу муаммо турибди. Қишда илиқ ҳаво бўлиши ҳисобига биздаги дарахтлар кўп стресс қабул қилмоқда. Натижада минтақа давлатлари (Қозоғистондан ташқари)да эрта вегетация юзага келиши мумкин. Ёз ойлари жуда иссиқ бўлиши кутилмоқда. Қишда совуқ бўлмагани ҳисобига қишлоқ хўжалигида қурт-қумурсқалар хавфи кучаяди.
– Минтақа давлатлари олдида турган энг катта муаммолардан бири – сув ва чегара масаласи. Ушбу муаммолар бўйича минтақа давлатлари ўзаро консенсусга кела оляптими?
Нодирбек Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
– Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги барқарор муносабатлар айнан сув билан боғлиқ. БМТ таҳлилларига кўра, минтақада сувга бўлган талаб 3 баробар ошиб кетиши мумкин. Маълумотларга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари сувнинг 80 фоизини қишлоқ хўжалигида, 8-12 фоизи саноатда ишлатади. Сув етишмаслиги ҳисобига минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалигида йилига 2 миллиард доллар зиён кўради. Агар шу тенденция давом этаверса, 2030 йилга бориб Марказий Осиё давлатлари жами ҳудудий ялпи маҳсулотнинг 11 фоизигача зиён кўриши мумкин. Бу 30-40 миллиард доллар дегани. Шунинг учун минтақа давлатлари қишлоқ хўжалигида замонавий суғориш технологияларини жалб қилиши керак.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Бизда аслида сув бор, фақат ундан рационал фойдаланиш масаласида муаммолар бор. Маълумотларга кўра, Марказий Осиё минтақасидаги сув ҳажми 200 миллион аҳолини боқишга етади. Бу ерда парадокс ҳолат шундайки, сув захиралари тўпланадиган Қирғизистон ва Тожикистон ёз ойларида сув омборларида сув йиғиб, қишда электр энергия ишлаб чиқариш учун йиғилган сувдан фойдаланади. Аммо Ўзбекистон ва Туркманистонга айнан ёз ойларида сув керак бўлади. Бир жиҳатдан мана шу муаммолар давлатларни бирлаштиришга сабаб бўлиши мумкин. Чунки бу муаммони фақат битта мамлакат ҳал қила олмайди. Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали сув муаммосини жиддийлаштирди.
Эркин Абдулахатов, иқлимшунос:
– Марказий Осиёдаги сув масаласини рус олимлари 1990 йилгача мукаммал равишда ўрганиб чиқишган. Бу натижасида улар келажакдаги 100 йилликни кўра олишган. Мана шу нарса сиёсатда жуда қўл келган. Ҳозир хитойлик олимлар минтақани ўрганишмоқда.
Қўштепа каналининг қурилишига Марказий Осиё давлатлари “Толибон”га ёрдам бериши керак. Чунки уларда бу ёрдамни компенсация қила оладиган ресурслар мавжуд. Масалан, Ўзбекистонда мисни қайта ишлаш борасида ўзига хос тажриба бор. Яъни Афғонистонга ёрдам берсак, бу ёрдамни мис орқали қоплашимиз мумкин. Бундан ташқари, қуруқликда барқарор афғон йўлини шакллантиришимиз керак. Чунки Ҳиндистон дунёнинг тўртинчи қутбига айланмоқда. Афғонистон яқин 10 йилликда ўзини-ўзи электр энергия билан таъминлай олмайди. Шунинг учун Тожикистон ва Ўзбекистон Афғонистонга электр энергия бериш эвазига сув олиши мумкин. Улар Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёр. Сабаби, биронта қутб давлатлари Афғонистонга электр энергия борасида ёрдам бера олмайди. “Толибон” Амударёдан 10 км/кубометр сувни олмоқчи. Уларда замонавий суғориш технологиялари йўқ, бу миқдордаги сув Афғонистонга аранг етиши мумкин. Агар биз уларга сувни тежовчи технология берсак, 6 км/кубметр сув Амударёга қайтиб тушади. Шу орқали биз минтақада сув масаласида барқарорликка эришиш мумкин.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини "Дарё"нинг YouTubeъдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ (0)