Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов “Рома”ни тарк этишга яқин турибди. Romapress нашрининг хабар беришича, футболчи Туркия Суперлигаси вакили “Истанбул Башакшеҳир” билан шартнома имзолаш арафасида турибди.

Манбага кўра, “Башакшеҳир” “Рома” ва Элдор билан келишувга эришган ва трансфер яқин кунларда расман эълон қилиниши кутилмоқда. Футболчи турк клуби сафига ўтишга рози бўлган. Трансфер нархи ҳозирча маълум эмас, бироқ Skysports нашри хабарига кўра, римликлар ҳужумчини 7-8 миллион евро атрофида сотишни мақсад қилган.
“Рома” ҳозирда УЕФА молиявий фейр-плей талаблари доирасида жамоа таркибини оптималлаштириш ва қўшимча маблағ йиғиш устида иш олиб бормоқда. Шомуродовнинг кетиши бу жараёнда муҳим рол ўйнаши кутилмоқда.
Аввалроқ Шомуродовга Франциянинг “Ренн” ҳамда Италиянинг “Кремонезе” клублари ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, Шомуродовнинг “Рома” билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали ҳужумчининг бозор қийматини 5 миллион еврога баҳоламоқда.
30 ёшли футболчи 2024/25 йилги мавсумда “Рома” сафида жами 37 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ва 5 та голли узатма ёздириб қўйган.
Изоҳ (0)