Эрон жануби-шарқидаги Систон-Балужистон вилоятида суд биносига қуролли ҳужум уюштирилди. Натижада камида тўққиз киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда дастлаб Эроннинг давлат оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Давлатга қарашли Mizan Online нашрига кўра, қуролланган номаълум шахслар Заҳедон шаҳридаги суд биносига ҳужум қилган. Босқин оқибатида беш нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 13 киши яраланган.
IRNA агентлиги Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига таяниб ҳужумни уюштирган уч киши ўлдирилганини хабар қилди. Полиция маълумотига кўра, террорчилар бинога оддий аҳоли кўринишида киришган ва қўл гранатаси ташлашган. Қурбонлар орасида бир ёшли бола ва унинг онаси ҳам бор.
Ҳужум учун жавобгарликни “Жаиш ал-Адл” (“Адолат армияси”) номли балуж жангари гуруҳи ўз зиммасига олди. Ушбу гуруҳ, асосан, Эрон, Покистон ва Афғонистон чегаралари оралиғида фаолият юритади.
Систон-Балужистон вилояти Теҳрондан 1 200 км жануби-шарқда жойлашган бўлиб, Покистон ва Афғонистон билан чегарадошдир. Ҳудудда балуж жангарилари, радикал гуруҳлар ҳамда гиёҳванд моддалар контрабандачилари ўртасида тез-тез тўқнашувлар бўлиб туради. Ўтган йилнинг октябрь ойидаги терактда 10 нафар полициячи ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)