БМТ Бош ассамблеяси Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни дарҳол, сўзсиз ва доимий тўхтатишга чақирувчи қарорни қабул қилди. Ҳужжат учун 149 та давлат ижобий овоз берган, 12 таси қарши чиққан ҳамда 19 таси бетараф қолган.

АҚШ, Исроил, Венгрия, Аргентина, Парагвай ва бошқа давлатлар қарши овоз берди. Бетарафлар орасида Грузия, Ҳиндистон, Руминия ва Эквадор бор.
Фаластин ва Испания бошчилигидаги 23 давлат томонидан таклиф қилинган Бош ассамблея қарори ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқишни талаб қилади. Шунингдек, қарор очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланишни қоралайди ва Ғазога гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз кириб келишига кўмаклашишни талаб қилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар томонидан гаровга олинган барча маҳбусларни озод қилиш талаби ҳам мавжуд.
Овоз бериш АҚШ Хавфсизлик кенгашида шунга ўхшаш ташаббусни тўхтатганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилди.
Ассамблея қарорлари юридик кучга эга бўлмаса-да, улар сиёсий ва ахлоқий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ҳужжат пайшанба куни ўз ишини қайта бошлаган Бош Ассамблеянинг 10-фавқулодда сессияси доирасида қабул қилинган. Сессия Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудидаги ноқонуний ҳаракатларига бағишланган. У биринчи марта 1997 йил апрель ойида чақирилган эди.
Охирги марта 10-фавқулодда сессия 2024 йил декабрь ойида чақирилган бўлиб, ўшанда иккита қарор қабул қилинган: бири Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилган, иккинчиси эса Исроил фаолиятини тақиқлаган Фаластин қочқинларига ёрдам бериш бўйича БМТнинг Яқин Шарқ агентлигини (UNRWA) тўлиқ қўллаб-қувватлашни тасдиқлаган.
Умуман олганда, Бош ассамблея 1950 йилдан бери 377А (V) қарори қабул қилинганидан кейин 11 та фавқулодда махсус сессияни чақирган. Бу қарор ассамблеяга Хавфсизлик Кенгаши ўзининг бешта доимий аъзолари — Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва АҚШ ўртасида якдиллик йўқлиги сабабли фаолият юрита олмайдиган халқаро тинчлик ва хавфсизлик масалаларини кўриб чиқиш ваколатини беради.
Изоҳ (0)