Исроил Ғазодаги иккита ёрдам тарқатиш пунктида озиқ-овқат олишни кутаётган камида 32 фаластинликни ўлдирди, яна 200 дан ортиқ киши жароҳат олди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Исроил танклари 1 июнь куни Рафаҳдаги тарқатиш пунктида тўпланган минглаб тинч аҳолига қарата ўт очган. Оқибатда камида 31 киши ҳалок бўлган. Кўп ўтмай, Ғазо шаҳридаги Нетзарим йўлаги жанубидаги худди шундай тақсимлаш пунктида содир бўлган отишмада яна бир киши ўлган.
Ёрдам Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган Ғазо гуманитар жамғармаси (ҒГЖ) томонидан тарқатилмоқда. БМТ ва бошқа ёрдам гуруҳлари жамғарма билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.
Улар жамғарма бетарафликдан йироқ эканини таъкидлаб, уни Исроилнинг Ғазони эгаллашга қаратилган ҳарбий мақсадларига эришиши учун тузилган деб ҳисоблайди.
Ҳужумга гувоҳ бўлган Абу Саоудга кўра, Исроил ҳарбийлари ёрдам тарқатиш нуқтасига қараб ҳаракатланаётган одамларга ўқ узган. Оломон тахминан 300 метр узоқликда бўлган. У ўқ еган кўплаб одамларни кўрганини, жумладан, воқеа жойида ҳалок бўлган бир ёш йигитни эслаб ўтган.
Биз унга ёрдам бера олмадик, деди у.
Al Jazeera телеканали мухбири Ҳинд Кҳоударй гуманитар ёрдамнинг аҳамиятига тўхталган. У фаластинликлар болаларига “битта овқат топиш” учун жонидан айрилаётганини айтди.
Шунинг учун фаластинликлар ёрдам тарқатиш нуқталарига бормоқда, гарчи улар баҳсли деб ҳисобланса ҳам. Бу нуқталарни АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлайди, лекин фаластинликларнинг бошқа чораси йўқ.
Фаластинликларга тарқатилаётган озиқ-овқат тўпламлари ҳам амалда етарли эмас. Биз бир кило ун, бир-иккита макарон қутиси, бир-иккита ловия консерваси ҳақида гапиряпмиз — бу тўйимли эмас. Бугунги кунда Ғазодаги бир оила учун бу етарли эмас, деган у.
Жамғарма маълумотларига кўра, фаластинликлар озиқ-овқат олиш учун йиғилганда Исроил аскарлари “огоҳлантирувчи ўқ” узган. Улар ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган.
Исроил армияси баёнотида “гуманитар ёрдам тарқатиш объектида содир бўлган ўт очиш оқибатида етказилган жароҳатлар ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмаслиги” ва ҳодиса ҳали ҳам кўриб чиқилаётгани айтилади.
Ғазодаги ҳукумат ҳужумларни қоралаб, Ғазо гуманитар жамғармасининг тарқатиш пунктларини “гуманитар ёрдам пунктлари эмас, оммавий ўлим тузоқлари” деб таърифлади.
Изоҳ (0)