Исроил ҳукумати АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг асирларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича янги режасини қабул қилди. Бу ҳақда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.

“Бугун кечқурун тақдим этилган Уиткоффнинг сўнгги режасини қабул қилишга розимиз. ҲАМАС ҳозирча жавоб бермади”, деди Нетаньяху асирларнинг оилалари билан учрашувда.
The Times of Israel нашрининг хабар беришича, АҚШнинг Исроил ва Фаластин ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги Ғазо секторидаги вазиятни ҳал қилиш бўйича янги режаси Ғазодаги 10 нафар асирни озод қилишни, шунингдек, 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш эвазига 18 нафар асирнинг жасадларини ватанига қайтаришни назарда тутади.
Бундан ташқари, режа БМТ томонидан анклав аҳолисига гуманитар ёрдам етказиб беришни тиклашни кўзда тутади. Маълумотларга кўра, ҳужжатда Исроилнинг “урушни тугатиш” ваъдалари йўқ.
ҲАМАС ҳаракатининг телеграм каналида маълум қилинишича, ҳаракат Ғазо секторидаги асирлар масаласини ҳал этиш ва ярашиш бўйича АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф тақдим этган янги таклифларни ўрганмоқда.
“ҲАМАС раҳбарияти Уиткоффдан янги таклифлар олди ва уларни Ғазо аҳолисининг манфаатларига мос келиши ҳамда доимий ўт очишни тўхтатишга олиб келиши нуқтаи назаридан синчиклаб ўрганмоқда”, дейилади хабарда.
26 май куни Reuters агентлиги ҲАМАС Америка томони таклиф қилган ярашувга рози бўлгани ҳақида хабар берган эди, бироқ тез орада Уиткофф бу маълумотни инкор этди. Унинг айтишича, ҲАМАСнинг ҳақиқий позицияси “ҳафсалани пир қиладиган ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган”.
Изоҳ (0)