“Ньюкасл Юнайтед” ҳужумчиси Александр Исак Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби қизиқишлари доирасига тушди. Бу ҳақда италиялик журналист Жанлука Ди Марцио хабар берди.

Манбага кўра, Саудия Арабистони клуби 25 ёшли швециялик футболчини ўз таркибига қўшиб олиш учун катта миқдордаги таклиф тайёрламоқда. Бироқ “Ньюкасл” раҳбарияти жамоанинг асосий футболчиларидан бири бўлган Исакни қўйиб юборишни истамаяпти. Ҳатто катта миқдорда пул таклиф этилса ҳам, клуб уни таркибда сақлаб қолишга қатъий бел боғлаган.
Аввалроқ Англиянинг яна бир гранд клуби — “Ливерпуль” ҳам Исак трансферига қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Маълумотларга кўра, мерсисайдликлар футболчи учун 100–120 миллион евро миқдорида таклиф киритишга тайёр.
Маълумот учун, Швеция терма жамоаси аъзоси ўтган мавсумда барча мусобақалар доирасида 42 та ўйинда майдонга тушиб, 27 та гол ва 6 та голли узатма муаллифига айланган. Исакнинг “Ньюкасл” билан амалдаги шартномаси 2028 йил июнь ойигача мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг нархини 120 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)